• Рукни: Ўгит

 

– Бобо, бобо, мустақиллик нима дегани?

– Болам, буни бир сўз билан айтиб бўларканми?! Кел, ёнимга яқинроқ ўтир. Ёшим сендан сал каттароқ пайтим менинг ҳам оппоқ соқолли, юзлари нурли бобом бор эди. Уйимизга у кишини йўқлаб келувчилар кўп бўларди. Бобом илмли эди. Чиройли дуо қиларди. Аммо ҳар гал дуоларининг охирида бир нималарни узоқ пичирларди. Дуо орасида кўзёшлари юзларини ювиб тушарди. Мен бобомнинг пичирлаб нима деяётганига жуда қизиқардим.

Бобомнинг мулло Сирожиддин деган дўсти бор эди. Бир куни суҳбатлашиб ўтирганларида бобомга: “Қани, бир дуо қилинг”, деди. Шунда бобом дуоларини охиригача овозини чиқариб айтди. Мени қизиқтирган сўзлар бундай экан:

“Эй Яратган эгам. Ўзинг динимизга қувват бер! Ўзинг халқимизни озод қил! Масжид-мадрасаларимизни обод қил! Биз етмадик, авлодларимизнинг қадамлари Маккаи мукаррамага, Мадинаи мунавварага етсин!”

Орадан қанча йиллар ўтди. Худо раҳмат қилсин, боболаримиз дунёдан ўтди. Мана, энди уларнинг дуолари ижобат бўлди. Масжидлар очилди, обод бўлди. Одамлар бемалол Маккаи мукаррамага, Мадинаи мунавварага бориб ҳаж, умра ибодатларини бажариб қайтмоқда.

 Мустақиллик ўша боболаримизнинг дуолари, болам.

 Қишлоқда отамнинг Омон деган жияни бор. Дадаларининг исми Аҳмадбой. Аҳмадбой отани халқ душмани тамғаси билан қамоққа олишган. Ўша пайтда Омон ака уч-тўрт кунлик чақалоқ бўлган. Уни йўргакда ҳибсхонага олиб бориб, дадасига кўрсатишибди. Дадаси омон қайтишини тилаб, деб онаси ўғлига “Омон” деб исм қўйибди. Аммо Аҳмадбой ота омон қайтмади. Ҳатто қабри қаерда эканини ҳам биров билмайди. Омонжоннинг онаси эрини кута-кута кўзлари ожиз бўлиб қолган.

Мустақиллик ана ўша оналарнинг фарёди, болам.

Мустақиллик ҳақида айтаверсам, тугамайди. Болам, юрт, Ватан деган сўзлар биздан олдин ҳам бор эди. Биздан кейин ҳам бўлади. Сен бу сўзлар залворини ҳис қилишинг жуда зарур. Болажоним, мустақиллик – сенинг пешонанггга битилган бахт. Уни авайлаб, асрашинг керак. Бу кунларга етмаган ота-боболаринг ҳаққи сен бу кунларнинг қадрига ет.

 

Файзулло МУҲАММАДИЕВ,

халқ таълими аълочиси