• Рукни: Ўгит

Кўчамизда бир неча тарихий обида бор. Шу боис бу ерга сайёҳлар кўп келишади . Кўча бошида эса уч-тўрт киши доим нарда ўйнаб ўтиради . Улар дам сайёҳларга йўлнинг тескарисини кўрсатиб адаштиришса , дам ёш болаларни кимўзарга сўктиришади . Ҳолбуки, кексалик аллақачон соч-соқолларига элчиларини жўнатиб , амр-фармонини йўллаб бўлган.

Баъзан уловларда, баъзан тўй-ҳашамларда айрим катталарнинг аҳволини кўриб, беихтиёр ёмон қаришдан паноҳ беришини сўрайсан киши.

Ёшлар иззат-икром қилиши зарур бўлган бундай катталар болаларига, невараларига қандай сабоқ беришади? Фарзандлари улардан нимани ўрганишадию нимаси билан фахрланишади?

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асарида бир ривоят келади:

Бир куни Мавлоно йўлда ёшига нолойиқ бир алфозда юрган кишидан: “Сен каттами ёки соқолинг?” деб сўрабди. У: “Соқолимдан йигирма ёш каттаман”, дебди. Мавлоно унга: “Ўзингдан йигирма ёш кичик соқолинг оқарибди-ю, ўзинг ҳамон қоралигингча (яъни, ақлинг қоронғу) қолибсан?” деган экан. Бу сўздан у қаттиқ таъсирланиб, яхшилик йўлига кирган экан. Қиссадан ҳисса : ҳаётнинг оғир-енгилини кўрган ёши катталар ақл, сабр-қаноат ва одоблари билан ёшларга ибрат бўлишлари зарур.

Муайяда РАҲМОН