• Рукни: Ўгит

Турмуш қуриш арафасида турган ёшлар никоҳ-талоқ масалаларидан хабардор бўлишлари шарт. “Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деган ҳадис шунга буюради.

Динимиз вояга етган ўғил-қизларни ўз вақтида турмуш қуришга тарғиб этади. Аллоҳ таоло: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазли карами) кенг ва доно зотдир” (Нур, 32) деб марҳамат қилган.

Бугун кўтараётган мавзуимиз инсонларнинг бахт-саодатининг кушандаси бўлувчи ва оилалари пойдеворига дарз солувчи бир иллат, яъни талоқ лафзини ўйламай-нетмай тилга олиш тўғрисидадир.

Талоқ – луғатда “бўшатиш”, “қўйиш”, шаръий истилоҳда эса эр-хотин ўртасидаги никоҳ ақдини бузиш маъносини англатади. Ибн Умардан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи  бўлсин): “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ таолога энг нафратлиси талоқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).

Демак, Аллоҳ таоло талоқ лафзининг тилга эрк берилиб ишлатилишини, оилаларнинг бузилиб-бўлиниб кетишини хоҳламайди. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам никоҳни сақлаб қолишга, оилани бузмасликка буюриб: “Агар уларни ёмон кўрсаларинг, (билиб қўйинглар), балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19), деган.

“Талоқ” сўзи айтилган вақтда Аллоҳ таолонинг Арши ларзага келиши ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи  бўлсин): “Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: талоқ, никоҳ ва итоқ (яъни, қул озод қилиш)”, деганлар. Ҳадис мазмунига кўра, талоқ масаласида ҳазил қилиш ярамайди. Айниқса, ёшларимиз шуни яхши билсинлар: ҳазиллашиб айтилган талоқ лафзлари ҳам шариатда эътиборга олинади.

Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи  бўлсин)

аёлларига чиройли муомала қилар, гоҳида ҳазиллашиб-кулишар эдилар. У зот: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аёлларига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра оила аҳлига яхшироғингиздирман”, деганлар.

Эркак одам аёл кишига нисбатан босиқ, мулоҳазали, бағрикенг, жаҳли чиққанида ўзини тута оладиган қилиб яратилгани маълум. Шу боис талоқ қилиш ҳуқуқи фақат эр кишига берилган. Қуръони каримда бунга: “...Никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши...” (Бақара, 237) деб ишора қилинган. Албатта, оила бошлиғи бўлиш, қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаш, оиланинг шаънини сақлаш эркаклар учун ҳам шарафли, ҳам масъулиятли бурчдир. Эркаклар ўта жиддий сабаб бўлмаган тақдирда талоқ сўзини асло бекордан-бекорга айтмасликлари шарт.

Тилга эрк бериб айтилган талоқдан Раҳмоннинг ғазаби келади, аксинча, шайтон хурсанд бўлади. Оила деган муқаддас бир қўрғон бузилиб, ўртада айбсиз болалар сарсон бўлиб қолади. Сарсон болалар кўзёшининг уволи отани ҳам, онани ҳам тутмайди, деб ким кафолат беради?

Аллоҳ таоло барчаларимизни шайтоний васвасалардан асраб, оилаларимиз билан тинч-тотув ва фаровонликда ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.

Эркакларимизни аёли ва оиласига меҳрибон, муҳаббатли, аёлларимизни эрларига вафодор ёр ва фарзандларига меҳрибон қилсин.

 

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири