• Рукни: Ўгит

Валий зот ҳузурига бир йигит келиб, шикоят қилди:

– Ҳазрат, отам жуда бой, аммо менинг ҳеч нарсам йўқ. Отамга айтсангиз, менга ҳам мол-мулкидан улуш берсин. Сизга ҳурмати баланд, гапингизни икки қилмайди.

– Ўғлим, борига қаноатли бўл, ҳолингга шукр қил, – деб насиҳат қилди у зот.

Бироқ йигит насиҳат эшитадиган ҳолатда эмас эди. “Меҳнат-машаққат ичидаман, қандай шукр қилай?” дея эътироз билдирди.

Ҳазрат йигитга ачиниб қаради:

– Аллоҳ таоло сени оч қолдиряптими, ўғлим?

– Йўқ, унчаликмас, – жавоб берди бойнинг ўғли.

– Нима хоҳлаяпсан унда?

– Бир оз бойлигим бўлса ёмонми, ҳазрат? Мен ҳам бошқалардек роҳат-фароғатда яшасам дейман.

– Мусулмонсан-а, ўғлим? – сўради ҳазрат.

– Алҳамдулиллоҳ! – деди йигит шоша-пиша.

– Тинч, обод юртда яшаяпсан, тўғрими?

– Беадад шукр, ҳазрат!

– Кўзларинг кўряптими?

– Жуда яхши кўряпти.

– Қулоқларинг эшитяптими?

– Ҳа, ҳазрат.

– Қўл-оёғинг яхши ишлайди-а?

– Ҳа, ҳа...

– Юрагингда, ошқозонингда ё бошқа аъзоингда оғир касаллик йўқ, шундайми?

– Худо сақласин, ҳазрат!

Бу жавобдан кейин валий зот табассум қилди:

– Яна нима хоҳлайсан, болам? Сендаги бу неъматларга муҳтож одамлар озми дунёда. Шукр қилишинг учун шунинг ўзи етмайдими?

Йигит хатосини тан олди:

– Бундан буён, Худо хоҳласа, ҳолимдан асло шикоят қилмайман! – деди.

Одина ВАҲОБОВА тайёрлади.