• Рукни: Ўгит

* Эҳтиёжинг тушадиган илмни ўрганишдан ўзингни олиб қочма!

* Мусулмонга ҳам, зиммийга ҳам душманлик қилма!

* Аллоҳ берган ризқингга қаноат қил!

* Аҳли сунна вал жамоа йўлини маҳкам тут, залолат ва жаҳолат аҳлидан ўзингни четга ол!

* Бошқаларга муҳтож бўлмаслик учун қўлингдаги бисотингдан тадбиркорлик билан фойдалан!

* Одамлар билан учрашганингда гапни салом беришдан бошла, майин ва мулойим сўзла, яхшиларга ёқимли бўл, кишилар билан муросаю мадора қил.

* Яхши қўшни бўл ва қўшнингдан келадиган азиятларга сабру бардошли бўл!

* Барча ишларда холис ниятли бўл, ҳар қандай ҳолатда фақат ҳалол нарсаларни истеъмол қилишга жидду жаҳд қил!

* Беш юз ҳадис орасидан танлаб олганларим қуйидаги беш ҳадисга амал қил:

1. “Барча ишлар албатта ниятга боғлиқдир. Ҳар бир киши ният қилган нарсасига етишади”.

2. “Керакмас нарсалар билан шуғулланмаслик киши диёнатининг гўзаллигидандир”.

3. “Ўзига раво кўрган яхши нарсани бошқага ҳам раво кўрмаган банданинг имони комил эмас”.

4. “Ҳалол ҳам маълум, ҳаром ҳам маълум. Аммо улар ўртасида шубҳали нарсалар ҳам мавжуд. Кўплар уларни билмайди. Улардан ўзини сақлаган банда динини ва шарафини ҳимоя қилган бўлади. Шубҳали нарсалардан ўзини тиймаган банданинг ҳаромга ўтиб қолиши ҳеч гап эмас. Бундай банда чегара ён-верида қўй боқаётган қўйчивонга ўхшайди, қўйлар ҳар лаҳзада чегарадан ўтиб кетиши мумкин. Ҳар бир ҳукмдорнинг чегараси бўлганидек, Аллоҳнинг ҳам чегараси бор. У Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларидир. Ҳар бир вужудда бир парча гўшт борки, у соғлом бўлса, бадан ҳам соғлом бўлади ва агар у касал бўлса, бадан ҳам бемор бўлади. У қалбдир”.

5. “Мусулмон тили ва қўлидан одамлар озор кўрмайдиган кишидир”.

 

Имоми Аъзам. “Асарлар” китобидан