• Рукни: Ўгит

Бир куни бобомникига бордим. Ён қўшнининг катта очиқ дарвозаси олдида кишилар тўпланиб турарди. Кириб-чиқаётганлар кўп бўлса-да, ортиқча шовқин-сурон йўқ. Доим калта иштонда, кўчада бақир-чақир қилиб юрадиган болалар яхши кийиниб, бинойидек “одам” бўлиб қолишган. Бошига рўмол ташлаган аёллар ийманибгина дарвозадан ичкари киришди. Мен ҳам бордим, турганлар билан сўрашдим. Ичкарига, сўрига таклиф қилишди. Ҳовлига парда тортилган, ортидан аёлларнинг паст овозда, одоб билан сўзлашганлари эшитилади. Бир аёл парда четидан қараб, хонадон эркакларидан бири билан ниманидир оҳиста маслаҳатлашар; эркаклар ичкарига ўтишга тортинганидек, у ҳам негадир пардадан бирйўла ўтишга журъат қилмасди. Шу пайт маҳалланинг ўсмир йигитларидан бири нимадир хизмат билан парда орқасига ўтмоқчи бўлган эди, уч-тўрт киши бирданига “Тўхта! У ёққа ўтма, аёллар бор!” деб қолди. Мен эса ҳайрон эдим. Чунки бу хонадоннинг ҳамиша яримта-юримта кийиниб, дарвоза олдида гаплашиб ўтирадиган қизларининг ҳам эгнида узун кўйлак, бошларида рўмол...

Тўрда ўтирган, бошига дўппи, эгнига чопон кийган кўркам киши чиройли овозда қисқагина тиловат ва дуо қилди. Ҳаммадан ҳам ҳайратланарлиси, ҳар куни кўчага чиқиб олиб, текканга тегиб, тегмаганга кесак отиб ўтирадиган, оғзи бепошна амаки ҳам сипогина ўтирар, дуоларга “Омин!” деб турарди. Ёнимдагиларга қўшилиб кўчага чиққан пайтимизда боя кирган аёллар ҳам девор паналаб чиқиб кетишди. Момомнинг ҳикояларидаги камсуқум, уятчан, эркакларнинг йўлини кесиб ўтишдан сақланган аёлларни кўриб тургандек эдим. Қалбимда сокинлик, беғуборлик ҳис этдим. Аммо ҳамон ҳайрон эдим – нима бўляпти ўзи? Кейин эса ёнимдагиларнинг гап-сўзларидан билдим, Меҳри хола оламдан ўтган, бу хонадонда ўлим бўлган экан...

Буни эшитиб, шоир Аъзам Ўктамнинг мисралари хаёлимга келди: “Кимдир ўлар, бир нарса бўлар, ўзбек қайтса асл ҳолига...”

 

Ҳасанхон Яҳё АБДУЛМАЖИД