• Рукни: Ўгит

Нафс хотиржамлигига эришиш мўмин учун энг улуғ неъмат ҳисобланади. Зеро, хотиржамлик кишини илмда, ибодатда, фаолиятда фазилатга эриштиради. Буни фикри саломат, маънавий қудрати юксак кишиларгина ҳис қиладилар.

Саъй-ҳаракат кишини толиқтирганда, у роҳат ва хотиржамлик истаб қолади. Бу осойишталикни аввало, оиласидан, уйидан топади. Оила тинч бўлса, ундаги муҳит инсон учун бир малҳам каби, яъни унинг фикрий, жисмий, ақлий ва руҳий талабларини қондиради. Натижада қалбида хотиржамлик қарор топади.

Эркак ва аёл жуфтлигини бир бинога ўхшатса бўлади. Бинони қуришда меъморий қоидаларга риоя қилинмаса, деворлари тез дарз кетади, таъмирталаб бўлиб қолади ёки арзимаган зилзилаларда ҳам ер билан яксон бўлади. Оила биноси ҳам ана шундай, ўзига хос қонун-қоидаларга амал қилинмай қурилса, омонатдир. Агар оила заиф бўлса, жамиятга ҳам салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.

Шу боис оила қуриш борасида таълимни энг олдин инсонларга мураббий қилиб юборилган зот – Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўрганган маъқул. У зот оила қураётганларга жуда кўп насиҳатлар қилганлар. Жумладан, Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Хотинлар тўрт нарсанинг бири учун никоҳга олинади: мол-дунёси, насл-насаби, чирой-жамоли ва дин-диёнати учун. Сен дин-диёнати учун никоҳингга олиб муваффақият қозонгин». (Муттафақун алайҳ).

 Оила қуриш муҳим масала, лекин у таназзулга юз тутганда, уни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилиш янада аҳамиятли. Динимизда оила биносини тўғри барпо қилиш, унинг осойишталигини сақлаш, емирилаётган пайтда муолажа қилиш борасида кўрсатмалар кўп. Бу борадаги асосий ҳаракат, аввало, эркак кишидан талаб этилади. Зеро, Аллоҳ эркакни аёлдан афзал – оила раҳбари қилиб яратди. Жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий, нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга эркак мос. Шу сабабдан оила қуриш, уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ҳам эркак киши зиммасида. Қуръони каримда бундай дейилади: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир». (Нисо, 34).

Ояти каримада айтилган "раҳбар"лик бу – масъулиятдир. Унга биноан, эркак киши оиланинг ҳар бир аъзосининг эҳтиёжларини қондиришга, ҳимоя қилишга, тўғри йўлга йўллашга жавобгар саналади. Ана шу меъёрни сақлаган оилаларни фаровонлик тарк этмайди. Агар бунга қаноатли бўлмасалар, қандай йўл тутиш кераклиги кейинги ояти каримада баён этилади: "Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир" (Нисо, 35).

Демак, ичкарининг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаганда бошқалар аралашиб бўлса ҳам оиланинг таназзулга юз тутишидан сақлашга ҳаракат қилинади. Зеро, жамиятдаги осойишталик оилалардаги хотиржамликдан бошланади.

Аллоҳ барчамизга саодатли оила қуриш бахтини насиб этсин!

Муҳаммад Зафар