• Рукни: Ўгит

Ўқитувчи дарсда бошланғич синф ўқувчиларига “Доимо рост гапиришинг ва ғазабланмаслигинг керак” деган қоидани ўргатди. Кейинги дарсда барча ўқувчилар уни ёдлаганларини айтишди. Ўқитувчи яна бошқа қоида ўргатди, уни ҳам ёдлашни топширди. Фақат бир бола олдингисини ҳали яхши ўрганмаганини айтганида аччиқланди:

– Бир ҳафта ўтди. Ҳамма болалар берилган вазифани бажариб бўлишди. Битта сен қолдинг.

Болакай ерга қаради.

– Устоз, сиз талаб қилган қоиданинг ярмини ёдладим, – деди секингина. – Рост сўзлашни ўргандим ва бундан буён ёлғон гапирмайман. Аммо жаҳлимни босолмаяпман. Кимдир менга ёқмайдиган иш қилса ёки ўзим хоҳламайдиган нарса бўлса, аччиғим чиқади. Ғазабимни босишни ҳам ўрганиб олганимдан кейин, албатта, бошқа қоидаларни ҳам ўзлаштираман.

Ўқитувчи бир муддат жим қолди. Кейин болани бағрига босди.

– Сен дарсларни шундай усулда ўрганасанми?! – деди ва афсусли оҳангда давом этди. – Болалар-ку, ҳали кичкина, катта одам бўлатуриб, ўзим ҳам бу қоида замирида қандай маъно ётганини ўйламабман. Қоиданинг сен ўзлаштирган биринчи ярми ҳам бутун умрга татийдиган фазилатдир...

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рост гапиринглар, чунки ростгўйлик яхшиликларга бошлайди, яхшиликлар эса жаннатга йўллайди. Киши доим рост гапирса, у Аллоҳ таоло наздида ростгўй (сиддиқ) деб ёзиб қўйилади. Ёлғон гапиришдан сақланинг, чунки ёлғон гапириш гуноҳларга олиб боради, гуноҳ эса дўзахга йўллайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ наздида ёлғончи (каззоб) деб ёзиб қўйилади”, дедилар» (Имом Бухорий).

Нигора НЕЪМАТ қизи тайёрлади.