• Рукни: Ўгит

“Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яқинроқ келиб у зот эшитадиган қилиб: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларига совчи қўймоқчиман. Бироқ бирор нарсам йўқ бўлса-да, у зотнинг меҳрларидан умидвор бўлиб турибман”, деди.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол) буни мулоҳаза қилдилар ва у кишига оғир ботмайдиган қилиб:

– Маҳрга бирор нарсанг борми? – дедилар.

– Йўқ, – деб жавоб берди Али.

– Ҳутамийя совутинг қани?

– Ўзимда.

– Ўшани бер бўлмаса, – дедилар Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) совутни олиб келди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни сотиб келинга сеп қилишга амр этдилар. Совутни Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) тўрт юз етмиш дирҳамга олди. Али ибн Абу Толиб дирҳамларни келтириб Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига қўйди. У зот дирҳамларни муборак қўллари билан олиб, бир қисмини Билолга (розияллоҳу анҳу) бердилар ва атир каби хушбўйликлар сотиб олишни буюрдилар. Қолганини Умму Саламага (розияллоҳу анҳо) бериб, келинга керакли нарсаларни сотиб олишни тайинладилар.

Сўнгра Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларни чақириб, уларни ўз қизлари Фотимани (розияллоҳу анҳо) Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) тўрт юз мисқол кумуш маҳр ила никоҳлаб бераётганларига гувоҳ қилдилар.

Набий (алайҳиссалом) куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу): “Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилиш керак”, дедилар.

Шунда Саъд ибн Муъоз (розияллоҳу анҳу): “Менда бир қўчқор бор!” деди. Ансорлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана шу нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди”.

Мана дунёдаги энг саодатманд оиланинг тузилиши, саййида аёлнинг сепи, икки олам сарвари учун севимли бўлган никоҳ тўйининг зиёфати...

На совчи қўйиш учун бир кичик тадбирнинг маблағи сарфланди, на сарпо учун йиллаб йиғилган мол-дунё кетди. На тўйнинг овозаси етти маҳаллага етказишга ҳаракат қилинди. Шу даҳмазаларсиз, борди-келди, у кам-бу камларсиз осонгина оила тузилди. Ҳеч ким бу тўйнинг бўлишидан озорланмади, ҳеч қандай моддий камчилик тўсқинлик қилмади.

Биз эса....

• совчиликка борамиз, бунинг учун келин бўлажак қизнинг хонадони бир ҳафта ташвишда;

• тўй қиламиз, ўз оиламга ишлатаман, деб меҳнат қилиб топган пулни бир кунда керакли-кераксиз ҳашамга сарф этамиз-да, кейин қарзга ботамиз;

• етти маҳаллага ош берамиз, қорни тўқ, қорни очни ажратмай, оқибат ўзимиз йиллаб ёвғон ютамиз;

• битта қизни узатиб ёки бир ўғилни уйлаб, боримизни сарф этамиз. Ортидан бўй етган қизимизга келган совчиларга ҳали сарпоси тахтмас, дея рад жавобини берамиз;

• қарз кўтариб чарчамаган белимизга яна юк ортамиз “чорлар” қилиб. Яна неча киши овора, яна қанча чиқим.

...бу каби охири кўринмас ўйлаб топилган, эл кўзига қилинадиган кўргазмали маросим, матоҳлар бизни аслида дунёнинг икир-чикирларига ўраб, бошқа яхши ишлардан, хайрли амаллардан тўсаётганига нима дейсиз? Узатилган қиз ортидан жўнатиладиган икки-уч маҳаллик йўқловлар билан нечта бемор, нечта кўнгли яримларни зиёрат қилиш мумкин.

Аёллар қиз узатиб кетаётганларида ёр-ёр айтишади:

Тахта-тахта кўприк, тахтинг бўлсин, ёр-ёр,

 Пайғамбарнинг қизидек бахтинг бўлсин, ёр-ёр.

Дуода ҳам шундай ниятлар қилинади. Бироқ сўралган бу гўзал бахтнинг қарор топиши учун етарли даражада ҳаракат қилинаяптими? Аксариятимиз “Қизингни бешикка бела, молини сандиққа ташла” нақлига кўра ҳаёт кечмоқдамиз. Қизни узатишга тайёргарликни сарпо-суруғининг битганига, етти маҳаллага ош беришга етарли маблағ йиғилганига кўра белгилаяпмиз. Қизнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан оилавий ҳаётга тайёрлигига баъзида у қадар эътибор қилинмаяпти. Фарзанд хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз, аввало унга гўзал ахлоқ-одоб, сабр ва қаноат, энг асосийси мукаммал билим, рўзғор тебратиш учун касб-кор ўргатиш лозим.

Кўпчилигимиз йўл қўяётган хато шуки, болаларимизга сеп-сарпо тўплашда, тўйнинг овозасини ҳар томонга ёйишда ким ўзар мусобақасини ўйнаяпмиз. Келинларга қилинаётган сепини олайлик. Ҳозирги кунимизда ўндан ортиқ кўрпа, кўрпача, шунга тенг ёстиқ... Мебелни-ку айтмаса ҳам бўлади. Уй рўзғор буюмлари идиш-товоқдан тортиб, кир ювадиган машинагача. Туғилган кунга телевизор... Келин учун ажратилган иккита хонани керакли-кераксиз буюмлар билан тўлатамиз. Ўша кўрпа-тўшаклар йиллаб тахмонда тахланиб туради. Хўш, бу исрофнинг, бу уволнинг жавобини ким беради?! Динимиз талабларига кўра ҳар бир нарсанинг жавоби берилади. Битта янги кўйлак олган одам аввалгисини бирор муҳтожга беришга тарғиб қилинади. Бизнинг эса италян мебелимиз кийимнинг кўплигидан зўрға ёпилади. Устидаги юкнинг оғирлигидан сандиғимизнинг “бели” букик. Шунча дабдабага яраша бахт топа оляпмизми?

Бахт аслида мол-дунё, моддий неъматлар билан белгиланмайди. Инсон бахтли бўлиши учун ҳаётнинг паст-баландига чидаши, рўзғорнинг кам-кўстига кўниши, қаноатли, диёнатли, садоқатли бўлиши керак. Шундай экан, фарзандининг “бошини иккита қилмоқчи” бўлган ота-оналар эътиборни обрў орттиришга эмас, бўлажак она ва бўлажак отанинг тарбиясига, маънавий-маданий савиясига қаратишлари зарур.

Зеро, бахтни дабдабали тўйлару мўл-кўл сарпо билан топиб бўлмайди!

 

Мағфиратхон СОТВОЛДИЕВА