• Рукни: Ўгит

Тарих фанлари доктори, Турон фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва таржимон Маҳмуд Ҳасаний Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти лойиҳа раҳбари. Олимнинг табобат, одоб-ахлоқ, тасаввуф ва дин тарихи, ҳадис, фиқҳ, адабиёт, зироат, тарих ва бошқа мавзуларга оид 130 дан ортиқ китоблари чоп этилган.

– Маҳмудхон ака, сиз узоқ йиллар раҳбарлик қилган Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг Шарқ қўлёзмалари хазинаси ҳақида кўпчилик билишни истайди...

– Бу фонд жаҳондаги энг катта қўлёзма манбаларидан биридир. Хива хони кутубхонаси тўлиқ ҳолда, Бухоро амири кутубхонаси, Бухоро амирининг қозикалони Садр Зиёнинг шахсий кутубхонаси шу ерда жамланган. 30–40 йил мобайнида институтимиз юртимизнинг турли ҳудудларига экспедиция уюштириб, аҳолида мавжуд бўлган ноёб қўлёзма асарлар сотиб олиниб, фондимизга келтирилган. Хазинадаги энг қадимий манба Қуръони каримнинг терига ёзилган бир саҳифаси, у халифа ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) даврида кўчирилган. Энг қадимги тўлиқ китоб эса IX асрда куфий хатида кўчирилган Қуръони карим нусхасидир. XX асргача минтақамизда яшаб, фаолият юритган турли соҳа олимлари, шоирларнинг қўлёзма асарларининг аксарияти фондимизда сақланади. Қўлёзмаларнинг умумий ҳажми 26000 жилд бўлиб, уларда 100000 дан ортиқ рисолалар жамланган. Ҳозирда қўлёзмалар қайта рўйхатдан ўтказилиб, онлайн каталоги тузилмоқда.

– Китобларнинг сифатли сақланиши учун қандай чоралар кўрилган?

– Қўлёзмалар фондидаги ҳар бир манба кўз қорачиғидек асралади. Баъзи китоблар ҳукумат қарори билан республикамиздаги музейларга тақдим этилган. Қўлёзмалар фондига ўқувчилар киритилмайди. Фақат махсус хат орқали журналистлар фойдаланишига рухсат берилади. Қўлёзмаларга шикаст етказмасликлари учун қироатхона ходимлари ўқувчиларни доимий назорат қилиб турадилар. Нодир қўлёзмалар жавонидаги барча манбаларнинг электрон версияси тайёрланган, уларни қироатхонадаги компутерлар орқали ўқиш мумкин.

– Ўтган асрда буюк қомусий олимларимизнинг кўп жилдлик асарлари ўрганилиб, таржима қилиниб чоп этилган. Кейинчалик алломаларимизнинг фанга маълум бўлмаган бир қанча асарлари ҳам тадқиқ қилинди. Аввалги нашрларни тўлдириб, қайта чоп этиш режаси борми?

– Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий каби алломаларларнинг ҳар бири 500 дан ортиқ рисолалар ёзишган, уларнинг айримларигина ўрганилган, холос. Абу Райҳон Берунийнинг “Ал-осорул боқия анил қурунил ҳолия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асари Ашраф Аҳмедов томонидан қайта нашрга тайёрланмоқда. Ибн Синонинг 6 жилдлик “Тиб қонунлари” асари қайта тайёрланиб, 1-жилдини босишга бердик. Қолган жилдлари ҳам изоҳ ва қўшимчалар билан нашрга тайёрланмоқда. Абу Бакр Розийнинг баъзи асарларини Сурайё Каримова нашрга тайёрлади. Нажибуддин Самарқандийнинг “Мураккаб дориларни тайёрлаш усуллари” китоби чоп этилди.

– Ўтган йили Алишер Навоий асарлари қайта тадқиқ этилиб, аввалги кўп жилдлик асарларда мавжуд кичик хатолар тўғриланиб, қўшимча ва изоҳлар билан ўн жилдда чоп этилди. Навоийнинг турли қўлёзмаларда қолган, лекин ҳали ўрганилмаган, фанга маълум бўлмаган асарлари ҳам борми?

– Навоий асарлари бизгача деярли тўлиқ етиб келган ва ўрганилган. Чунки Навоий жамоат ва давлат арбоби сифатида халқ орасида машҳур бўлиб, унинг китобларини котиблар кўп нусхаларда кўчиришган. Шоирнинг ўз шахсий кутубхонасида сақланган, ўша даврнинг машҳур хаттотлари Табризий, Ҳаравийлар кўчирган, Камолиддин Беҳзод миниатуралари билан безатилган асарлари ҳозир институтимизнинг қўлёзмалар хазинасида сақланмоқда. Шайбонийхон Ҳиротни эгаллагач, Навоий, Ҳусайн Бойқаро кутубхоналарини Самарқандга олиб келган, кейинчалик китоблар Бухорода Амир Олимхоннинг кутубхонасида сақланган. У ердан эса бизнинг қўлёзмалар хазинасига келиб тушган.

– Ўзингизнинг шахсий кутубхонангиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

– Дадам раҳматли китобга ўта ҳарис бўлганлар. Мир Араб мадрасасида таълим олаётган энг яхши талабаларни Бухоро амирининг қозикалони Садр Зиё ҳар ойда бир марта қўй сўйиб чақирар, зиёфат сўнгида қатор-қатор ҳужраларда жойлашган катта кутубхонасини талабаларга кўрсатар ва ундан фойдаланишга рухсат берар экан. Отам ана шундай мажлисларда қатнашганлиги туфайли китобга меҳри бўлакча эди. Китоб учун пулларини ҳечам аямас, ноёб китобларни сотиб олаверар эканлар. Олган китобларини, албатта, ўқиб чиқиб, сақлаб қўярканлар. Отам таъқибда бўлганларида китобларини бировларнинг отхона, оғилхоналарида сандиққа солиб, устидан ем-ҳашак тўкиб, беркитиб сақлаган эканлар. Замон сал юмшагандан сўнг мен уларни йиғиб, каталог тузиб, қишлоқда катта кутубхона ташкил этганман. Лекин дадамнинг душманлари бундан хабар топиб, юқорига “Махсум домланинг Тошкентдаги ўғли келиб диний кутубхона ташкил этди”, деб ёзиб беришган. Шундан сўнг тезда каталогларни йиртиб ташлаб, китобларни яна эски жойларига яширишга мажбур бўлганман. Мустақилликдан сўнг китобларни яна йиғиб, халқ ёрдамида дадамиз яшаган ҳовлида кутубхона ташкил этганмиз. Ҳозирда фондимиздаги қўлёзма ва тошбосмалар сони 500 жилддан ошади, уларда 1000 дан ортиқ рисолалар жамланган. Махдум Восилий номидаги маънавий мерос маркази деб аталувчи зиё масканимиздаги китоблар асосида илмий ишлар ҳам қилинмоқда. Кутубхонамизда олимлар учун барча шароитлар мавжуд, ўша ерда истиқомат қилиб ишлашларига ҳам имкон мавжуд. Кейинги йилларда чиққан китобларни ҳам фондга қўшмоқдаман. Уларнинг сони мингга яқин. Яна Тошкентдаги шахсий кутубхонамдаги шарқшунослик, адабиёт, тарихга оид китобларни ҳам ота юртим Марҳаматдаги марказга олиб бориб, фондни мунтазам тўлдириб боряпман.

– Устоз, ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб, болаларни илм ва китобга меҳрли қилиб тарбиялаш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– Отам раҳматли доимо китоб ўқирдилар. Китобларнинг фазилати, уламолар билан суҳбатнинг фойдалари ҳақида кўп гапирардилар. Шу сабаб менда ҳам китобга, илм олишга қизиқиш оилада шаклланган. Мактабда фақат аъло баҳоларга ўқиганман. Устозларимиз ҳам илмга рағбатли бўлиб, доимо китоб ўқишга тарғиб қилиб, бизни муносиб тақдирлаб, илҳомлантирардилар. Оилада китоб ўқимайдиган ота-онанинг болаларидан китобсевар чиқиши қийин. Мунтазам китоб ўқимайдиган устознинг ўқувчиларида китобга муҳаббат бўлмайди. Дўстлари ўқимайдиган боланинг ҳам илмга рағбати суст бўлади.

Боланинг илм ва китобга меҳр беришига аввало, ота-она, мактабдаги ўқитувчилар, шунингдек, ёнидаги дўстлари сабабчи бўладилар.

 

“qadriyat.uz” сайтидан олинди.