• Рукни: Ўгит

Aллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким...” (Фотиҳа, 1).

Оламларни яратгани учун, барча жонзотларга ҳаёт, ризқ-насиба берувчи, уларнинг тарбиячиси бўлгани учун ҳам Аллоҳ барча ҳамду саноларга сазовордир.

Осонгина эришилгани сабабли кўз ўрганиб, оддий нарсадек туюлган неъматларга фақат мўминлар, уларнинг ҳам Қуръонга амал қилувчиларигина ибрат назари билан қарайдилар. Улар кўрадиган кўз, эшитадиган қулоқ, ҳаракатланадиган оёқ-қўл, ейиладиган озиқ-овқат, нафас олинадиган тоза ҳаво, фойдаланиладиган мол-мулк сингари санаб саноғига етиб бўлмайдиган барча неъматларнинг соҳиби Аллоҳ эканини яхши биладилар.

“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Наҳл, 18).

Ҳа, Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари беадад. Инсон шукрини Яратганга кечаю кундуз ҳамд айтиб ҳам адо этолмайди. Шунинг учун ҳам раҳмли Зот бандасига бу талабни юклагани йўқ. Балки, Ўзига имон келтириб, ибодат қилиб яшашни амр этди. Зотан имондан, ибодатдан банданинг ўзигагина фойда келади. Одам ўз амаллари, гап-сўзи, феъли билан ҳам Яратганга миннатдорчилик изҳор этади.

Баъзилар шукр қилиш учун жуда катта ва махсус неъмат келишини ёки улкан муаммолари ҳал бўлишини кутадилар. Ҳаёт, соғлиқ, тоза ҳаво, қуёш нури каби чексиз неъматларга беписанд қарайдилар. Аллоҳни эслаш ва Унинг сифатларини мушоҳада қилишдаги нуқсонлари туфайли бу неъматларнинг қадрини билмайдилар, шукрини қилмайдилар.

Мўмин Аллоҳ ҳалол қилган беҳисоб неъматлардан баҳраманд бўларкан, баъзи жоҳил кимсалар каби бу дунё бойликларига алданмайди, охират ва Қуръон хулқи билан яшаш масъулиятини унутмайди. Маълум муддат фойдаланиладиган уй-жой, автоулов, кийим-кечак каби неъматларга эга бўлиш унинг яшашдан асосий мақсади бўлиб қолмайди. Масалан, биз учун энг муҳим, зарур бўлган уй-жойни олайлик. Инсон ўртача 60 – 70 йил яшаб, ҳаёти ниҳоясига етгач, қадрдон уйини ҳам қолдириб кетади. Шу сабабли Аллоҳ синов учун берган мол-давлат, шуҳрат, иқтидор сингари вақтинчалик неъматлардан кибрланиш нодонликдир. Қуръон билан хулқланган мўмин Аллоҳ бу неъматларни истаган вақтида қайтариб олиши мумкинлигини англайди. Дунё неъматлари Аллоҳга яқинлашиш ва шукрона келтириш учун бир восита, холос.

Ҳар нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ эканини билган мўмин имон, соғлиқ, гўзаллик, илм билан бирга, мусибат, кўнгилсизлик каби ранжитувчи нарсаларга ҳам қалбан шукр қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Мўминнинг иши ажойиб, унинг ҳамма иши ўзига фойда. Агар бир яхшилик етса, унга шукр қилади ва у учун яхши бўлади. Агар ёмонлик етиб, сабр қилса, бу ҳам яхшилик бўлади”.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Шиххийрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борсам, “Алҳаакумут-такаасур”ни қироат қилаётган эканлар. Сўнгра у зот: “Одам боласи молим, молим дейди. Сенинг еб тугатганингдан, кийиб йиртганингдан ва садақа қилиб ўтказганингдан ўзга молинг борми?!” – дедилар”. Яъни, шулардан бошқасини қўлимизда деб ўйлашимиз, аслида, саробга ишонишдек гап.

Абу Лайс Самарқандий айтадилар:

“Билингки, ҳамд ва шукр аввалгилар ва охиргиларнинг ибодатидур. У малоикаларнинг ибодати, Пайғамбарларнинг ибодати, ер аҳлининг ибодати, жаннат аҳлининг ибодати...”

Шукроналар айтамиз, мустақиллик қадриятларимизни, маънавий дарёларимизни азалий ўзанига қайтарди. Бу даврда мусулмон халқимиз сазовор бўлган энг бебаҳо неъмат, шубҳасиз, диний эркинликдир. Мамлакатимизда минглаб янги масжидлар, ўнлаб мадраса ва олий диний таълим муассасалари очилди. Диний ва дунёвий соҳаларда дунё олимларига устозлик қилган аллома аждодларимизнинг хотиралари тикланиб, улар қолдирган маънавий мерос чуқур ўрганилмоқда.

Барча неъматлар учун Аллоҳ таолога ҳамду сано ва беадад шукрлар бўлсин. Зеро, Парвардигори олам шукр қилувчи бандаларни ёқтиради ва уларга неъматларини янада зиёда қилиб беради.

Эгам! Ёлғиз Сенга қулман,

Шукр, мақбул қул бўлолсам.

Очилтирсанг – хандон гулман,

Шукр, манзур гул бўлолсам.

Шукр, буйинсунган гулман,

Қачон сўлдирсанг, сўлурман.

Сен бор қилсанг, бор бўлурман,

Саркаш эрсам, хор бўлурман.

 

Ойша ҚОДИРОВА,

“Жўйбори калон” Ислом аёл-қизлар ўрта-махсус    билим юрти мударрисаси