• Рукни: Ўгит

Эр-хотиннинг бахтли бўлиши бир неча омилларга боғлиқ. Уларнинг энг асосийси сабр ва қаноатдир. Оила қўрғонимиз турмушнинг изғирин шамол ва ёмғирларида нураб кетмаслигини истасак, уни сабр устига барпо қилишимиз даркор.

Афсуски, эрини яхши кунида ҳурматлаб, оғир кунида итоатсизлик қиладиган аёллар бор. Ундайлар наздида эр бой-бадавлатлигида эҳтиромга лойиқ, аксинча бўлса, таъна-маломатларнинг нишони. Ёстиқдошининг айрим ишларидан бошқаларга шикоят қилиш, афсус, баъзи хотинларда одатга айланиб улгурган.

Аёли барча хизматини ўз ўрнида бажо келтирган, соғлом, чиройли вақтида хушмуомала бўлиб, касаллик ёки бирор сабаб билан юмушларни қилолмай қолса, бирдан дағаллашадиган эрлар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, эр рафиқасининг баъзи хатоларини сабр билан тўғрилашга уриниши, вақти келганда камчилик­ларидан кўз юмиши керак бўлади. Аёллардан бир поғона юқорида бўлгани учун ҳам кечиримли ва сабрли бўлиш кўпроқ эркаклар зиммасига тушади.

Узоқ йил иноқликда умр кечирган отахон-онахонларни кўриб ҳавас қиламиз, улар каби бўлишни орзулаймиз. Бироқ уларнинг ҳам ҳаёт йўллари текис ва равон бўлмагани, ҳаётнинг яхши-ёмон дамларини сабру қаноатда биргаликда ўтказгандан кейин саодатли кунларга чиққани ҳақида ўйламаймиз.

Эр муҳаббатини қозонишни истаган аёл сабрли бўлиши шарт. Оиласининг тинчлигини истаган эр рафиқасидаги камчиликларни юзига солмай, чиройли насиҳат билан тўғри йўлга солиши зарур.

Бугунги ёш оилалар ўртасидаги айрим муаммоларни тўқликка шўхлик десак, адашмаган бўламиз. Ажримга сабаб қилиб кўрсатишга арзимайдиган баҳоналар билан муқаддас ришта узилиши кишини ўйга толдиради. Оила тақдирига бунчалик енгил қараш ярамайди. Шайтон турли йўллар билан авраганида, ўзимизни тўхтата олишимиз, ҳаёт бошқа, хаёл бошқа эканини дунёни борича истаётган нафсимизга тушунтиришимиз керак бўлади. Йўқса, умрнинг гоҳ кенг, гоҳ тор йўллари сабримизни осонликча синдириб қўяди. Бардошимиз, иродамиз ҳаётнинг синов-имтиҳонларида тобланади.

Муҳаммадсобир АБДУМАЛИКОВ