• Рукни: Ўгит

“Сенга яхши муомала қилишларини яхши кўрганингдек, сен ҳам яхши муомала қил”. Али ибн Абу Толибнинг (розияллоҳу анҳу) бу насиҳатини уламолар бундай шарҳлайдилар:

  • Ота-онанг, устозларинг сенга қандай муомала қилишини хоҳласанг, фарзандларинг, шогирдларингга шундай муомалада бўл.
  • Қизингни қандай куёвга беришни хоҳласанг, ўғлингни шундай тарбия қил.
  • Ўғлингга қандай қизни келин қилишни хоҳласанг, қизингни шундай тарбия қил.
  • Ўғлингга, қизингга қайнона-қайнотаси қандай муомала қилишини хоҳласанг, келинингга, куёвингга шундай муомалада бўл.
  • Келининг, куёвинг сенга қандай муомала қилишини хоҳласанг, қайнота-қайнонангга шундай муомалада бўл.
  • Эй ака-укалар! Қизингиз, опа-сингилларингизга эрлари қандай муомала қилишини хоҳласангиз, хотинингизга шундай муомалада бўлинг.
  • Эй опа-сингиллар! Ўғлингиз, ака-укаларингизга хотинлари қандай муомала қилишини хоҳласангиз, эрингизга шундай муомалада бўлинг.
  • Эй эркаклар! Оналарингиз, хотинларингиз, опа-сингилларингиз, қизларингизга бегона эркакларнинг қандай муомала қилишини хоҳласангиз, сиз номаҳрам аёлларга шундай муомалада бўлинг.
  • Эй аёллар! Оталарингиз, эрларингиз, ака-укаларингиз, ўғилларингизга бегона аёлларнинг қандай муомала қилишини хоҳласангиз, сиз номаҳрам эркакларга шундай муомалада бўлинг.

 

Нурмамат ЖАББОРОВ тайёрлади.