• Рукни: Ўгит

Савобнинг катта-кичиги бўлмайди, дейишади. Моҳияти эзгулик бўлган динимиз ҳар қандай хайрли амални қўллаб-қувватлайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини нафақат инсонларга, балки жониворларга ҳам, бутун атроф-оламга яхшилик қилишга, шафқатли бўлишга чақирганлар.

Ислом тарихида Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ўгитларига амал қилган ҳолда хайрли ишларга қўл урган, уларни одат тусига киритган шахслар кўп бўлган. Шулардан бири Умар ибн Абдулазиз (розияллоҳу анҳу) аҳолини қишли-қировли кунларда тоққа чиқиб, қушлар учун егулик сочишга ундаган. У зот (розияллоҳу анҳу)нинг: “Тоғ чўққиларига буғдой ташланг, токи одамлар мусулмонлар яшайдиган ўлкада қушлар оч қолибди, дея таъна қилмасин”, деган чақириғи ҳануз ўз кучини йўқотмаган. Ҳозир ҳам қор билан қопланган тепаликларга чиқиб, дон-дун сочадиганлар бор.

Дарвоқе, тоғлардаги қушларгина эмас, ҳовлимиз узра учиб юрганлари, шунингдек, бошқа жониворлар ҳам бундай аёзли кунларда озуқа топишга қийналади. Савобнинг катта-кичиги бўлмайди, қолаверса, тоққа чиқмасдан ҳам, ён-атрофдаги жониворларга эътиборли, меҳрли бўлиб, эзгу ишларни қилиш мумкин.