• Рукни: Ўгит

Инсон турли неъматлар ичрадир. Нафасимизнинг кириб-чиқиб туриши, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуқамиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандларимизнинг ўйнаб-кулиб, мустақил юртда вояга етаётгани барча-барчаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. Бунинг учун биз бандалар Ўзига итоат қилишимиз ва неъматларнинг шукрини адо этишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло неъматларини катта-кичик демай, унинг шукрини қилишга чақиради.

Аллоҳ таоло бизларга истиқлол неъматини берди. Узоқ йиллик истибдод ва зулмдан кейин ҳурликни насиб этди. Бир ўйлаб кўринг, мустақилликдан илгари масжидларни тўлдириб, ёшу қари эмин-эркин ибодатларини адо этишлари мумкинмиди? Халқимиз севиб мутолаа қилаётган Қуръон ва ҳадис китоблари, уламоларнинг ноёб асарлари нашр қилинганмиди ёки минг-минглаб юртдошларимиз ҳар йили ҳаж ва умра ибодатларини бажаришлари мумкинмиди?

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларга раҳмат айтмаган одамдан Аллоҳ рози бўлмайди”, деганлар. Неъмат бергувчи Зотга эътироз билдиришдан сақланиб, ҳурмат кўрсатиш ҳам шукрдир. Афсуслар бўлсин, ҳали ҳам ношукрлик қилиб, эски даврларни қўмсайдиган нафс бандалари йўқ эмас. Шоир айтганидек:

“Иллат излаганга иллатдир дунё,

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”.

Донишмандлардан бири: “Иллат изловчига супурги ҳам кифоя. Бу нега бу ерда турибди, деб оилада жанжал кўтаради. Ҳикмат қидирувчи эса супургини секингина четга олиб қўйиб, оиласининг тинчлигини таъминлаши мумкин”, деган экан.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни шукрли, сабрли бандаларидан қилсин.

 

Мансурхон МАҚСУДОВ,

Тошкент шаҳридаги “Холид ибн Волид”  жоме масжиди мутаваллиси