• Рукни: Ўгит

Устозларимиздан эшитган панд-насиҳатларимиз мисқоллаб йиғилган бебаҳо хазинадир. Уларнинг ўгитларини аввало ўзимдан ўтказишга ҳаракат қиламан. Кўрган-билганларимни таҳлил этиб, шунинг асосида нафсимни тафтиш этаман. Руҳиятимга таъсири айниқса, кучли бўлган ҳикматларни қайд этиб боришга одатландим.

Фаришталар толиби илмдан рози бўлиб, унинг оёғи остига қанотларини тўшар эканлар. Қадам ташлаганингда оёғинг остида кўзингга кўринмас бир хилқат борлигини унутма. Фаришталарга озор берадиган сўз, амал, хулқингга чек қўй!

* * *

Илм йўлидасан. Демакки, олимликка даъвогарсан. Бироқ илмига амал қилмаган олимнинг ҳоли вой эканини доим ёдда тут. Зоҳиран илм аҳлидан бўлиб, ботинан жоҳиллигингча қолишдан қўрқ.

* * *

Мутахассислар таъкидлашича, турли матнларни ёд олиш ва уларни вақти-вақти билан такрорлаб туриш хотирани яхшилар экан. Демак, Қуръони каримни ёд олиш зеҳнни ўткир, хотирани кучли қиладиган энг самарали восита ва энг афзал ибодатлардан эканига шубҳа йўқ.

* * *

Кўчада ўйнаб юрган бир тўда бола ҳасса таянган, қомати дол қарияга дуч келди. Отахон азбаройи оҳиста қадам ташлаганидан қўлидаги ҳассаси билан ер чизаётгандек кўринарди. Болалар уни ўраб олишди.

– Нима излаяпсиз, бобожон? Бирор нима йўқотдингизми?

– Ҳа, болаларим. Ёшлигимни йўқотдим. Шуни излаб ҳеч тополмаяпман...

 

Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ