• Рукни: Ўгит
Форс подшоҳларидан бири ўғлига таълим-тарбия бериш учун доно ва тадбирли бир зотни устоз тайинлади. Унинг саъй-ҳаракати туфайли шаҳзода илму одобда камол топди. Бир куни устози уни сабабсиз қаттиқ урди. Бола катта бўлгунича бу иши учун устозидан ранжиб, унга нисбатан ич-ичидан кек сақлаб юрди. Хаёлидан ўша сабабсиз урилган калтак сира нари кетмасди.
Орадан анча йиллар ўтди, кексайган подшоҳ вафот этди. Сўнг тахтга шаҳзода ўтирди. Янги подшоҳнинг илк қилган иши устозини ҳузурига чорлаш бўлди. Уни саволга тутди:
– Устоз, фалон йили, фалон куни ҳеч бир сабабсиз, мени қаттиқ урган эдингиз. Нима сабабдан бундай қилгандингиз?
– Эй подшоҳ, илму одобда камолга етганингизни кўргач, тушундимки, сиз отангиздан сўнг тахтга ўтирасиз. Шунда келажакда бирор кимсага зулм қилмаслигингиз учун сизга калтак оғриғини, зулм аламини тоттирган эдим.
Подшоҳ устозининг бу пурмаъно жавобидан мамнун бўлиб: «Аллоҳ меҳнатларингизнинг ажрини мукаммал қилиб берсин», деб устозини совға-саломлар билан кузатди.
 
Меҳмонали ҒУЛОМОВ, 
Қамаши тумани “Санчиқул” жоме масжиди имом-хатиби