• Рукни: Ўгит
Она чашма сафарга отланаётган фарзандларига оқ йўл тилаб, насиҳат қилибди: 
– Болаларим, мудом шабнамдек пок, беозор ва ҳожатбарор бўлинг. Оби ҳаёт деган номингизга асло доғ туширманг. Билингки, икки қирғоқ оралиғи она Ватанингиздир. Юрт бўйлаб сиз билан кезаётганлар эса оға-иниларингиз. Бир-бирингиздан зинҳор ажралманг. Аҳил бўлинг. Боғ-роғларга ҳаёт бахш этинг. Сел деган балога қўшилиб, бузғунчилик йўлини тутманг.
Фарзандлар ҳаётбахш қўшиқлар куйлаб, йўлга равона бўлибди. Оҳ, қандай бахтга, севинчу завққа тўла дамлар. Ҳузурбахш кулгулар, тўлиб-тошиб тошдан-тошга сакрашлар. Нақадар унутилмас дамлар... 
Шундай сурурли, файзли дамларнинг бирида қайдандир сел деган бало пайдо бўлиб, уларнинг сафига қўшилибди. Оғалар сергак тортишибди. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ака-укаларнинг орасидан селнинг совуқ қилиқларини ёқловчилар ҳам топилибди. Ҳатто, селга қўшилиб, қадрдон қирғоғини ҳам бузибди. Оғаларининг пандларига қулоқ солмай сел билан бирга дарахтларни ағдариб, биноларни вайрон қилибди. Ўзининг оби ҳаётлигини унутиб, буткул йўлдан озибди. Селнинг ундови билан ҳовлиқиб, чоҳлар қазибди. Қутурган шердай ўкириб бораётиб, тўсатдан ўзи ўпирган жарга тушиб қолибди. Бирдан ҳолдан тойиб, дармони қурибди. Қимирлашга ҳам мажоли етмай, умидсизланибди. Оғаларининг пандларию онасининг ўгитларини эслаб, виждон азобида қийналибди. Афсуски, энди кеч бўлган эди.
Чунки у энди аввалгидай зилол, ҳаётбахш ва тиниқ сув эмас, балки кераксиз, ифлос кўлмакка айланганди. Ўзлигини унутиб, афсус-надомат билан ер қаърига ном-нишонсиз сингиб кетибди.
 
Солижон ХУДОЁРОВ,
Нуробод тумани Тим қишлоғи