• Рукни: Ўгит
Ишга янги кирган вақтларим. Ўн беш-ўн олти ёшлардаман. Пойабзалнинг тагчармини тайёрлардик. Ёши каттароқ шерик­ларим менга қўшимча даромад қилишни ўргатишди. Бир дона тўртбурчак чармдан меъёр бўйича ўн дона таглик чиқаришимиз керак. Шерикларим тагликлар қолипларини яқинроқ қўйиб, ўн дона чиқариб, бир дона орттириб олиш мумкинлигини ўргатишди. Цех бошлиғи рухсат ҳам берганди. Фақат шарти – яшириб олиб чиқиб кетишимиз керак эди. 
 Биринчи куни бир жуфт орттириб қолдим. Ичимга яшириб уйга олиб кетдим. Эрталаб дадам хонамдаги тагликни кўриб, қаердан келганини сўрадилар. Цех бошлиғи рухсат берганини, уни ҳамма қилишини, меъёр ҳам, режа ҳам бажарилганини айтдим. Дадамнинг авзойи бузилди. Аммо босиқлик билан бу бировнинг ҳақилиги, рухсат бергани билан, яшириб олиб чиқишнинг ўзи ўғирлик эканини, тагликларни қайтариб олиб боришим зарурлигини тушунтирдилар. Айтганларини қилдим, шундан кейин ишхонадан ҳеч нарса кўтариб келмайдиган бўлдим...
Бир куни қаттиқ жала қуйди. Уйга кетмоқчи бўлиб турганимда эшик олдида турган қоровул чиқиндига чиқарилган қоғоз қутини устимга ёпиниб кетишим мумкинлигини айтди. Шундай қилдим. Уйда дадам кутиб олдилар. Қоғозни қаердан олганимни сўрадилар, айтдим. Қоровул мулк эгаси эмаслигини, у фақатгина ўғирлик бўлмаслиги учун назоратчи эканини тушунтирдилар. Ҳўл бўлиб кетган қутини эртасига олиб бориб бердим. Шундан кейин ҳеч нарсага тегмайдиган бўлдим...
Ҳалоллик, тақво ва тўғриликда ­отам ўзлари намуна бўлдилар ва бизни ҳам шундай тарбияладилар...
Муҳаммад РИЗО 
тайёрлади.