• Рукни: Ўгит
Ҳазрат Али Ибн Абу Толиб (каррамуллоҳи важҳаҳу) айтади: “Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг розилиги, ота ва онанинг розилигидадир. Аллоҳ таолонинг ғазаби уларнинг ғазабидадир”.
Бизларни дунёга келтириб, авайлаб ўстирган, ниманики хоҳласак муҳайё қилган, одоб-ахлоқ ва касб-ҳунар ўргатган, илм берган, катта ҳаётга йўллаган, уйлаб-жойлаган ота-онамизни ардоқлаш, уларни рози қилиш, ҳурматларини жойига қўйиш Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятларидир.
Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш, уларга эҳтиром кўрсатиб, айтганларини муҳайё қилиш фарзанд зиммасидаги муҳим бурчлардан экани таъкидланади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбия­лаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23-24). 
Ота-онага яхшилик қилиш фарздир, уларни ранжитиш эса улкан гуноҳдир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улкан гуноҳлардан энг каттаси Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Оналар фарзандини тўққиз ой қорнида авайлаб кўтариб, ҳомиладорликнинг азобларига бардош бериб, уни дунёга келтирганидан сўнг ҳам оромидан воз кечган ҳолда бир тунини минг бўлакка бўлиб, меҳр бериб вояга етказишдек заҳматларни бошидан ўтказади. Шундай экан, уларга ҳар қанча яхшилик қилинса ҳам камдир.
Оталар эса фарзандларини боқиш, таълим олишини таъминлаш ва уларга маскан топиш, уст-бошларини бут қилиш ҳамда рўзғор ашёларини ҳозирлаш каби юмушларни бажариш учун заҳмат чекади. Халқимиз бежизга “Ота рози – Худо рози” демайди.  
Шунинг учун кеч бўлмасидан бурун ота-оналаримизнинг хизматини қилиб, кўнгилларига шодлик улашиб, дуоларини олайлик.
 
Камола ЖЎРАЕВА