• Рукни: Ўгит

Ўзинг истамаган, билмаган ҳолда сен учун шу қадар азиз, суюкли, қадрли бўлган инсон қалбига озор бериб қўйганингдан кўзларингга гўё дунё торайиб кетди... Гапинг оҳангидан ранжидими ёки қайсидир сўзни бошқача тушундими у? Тавба, бундай пайтда изоҳга, ўз-ўзини оқлашга тил қовушмай қолади. Ночор ёлғизликка шўнғийсан, кўксингда нимадир симиллайди. Ақлингни таниганингдан буён қалбингга таъкидлаб-таъкидлаб нақшланган “Кўнгил мисоли шиша, синса, бутлаб бўлмайди”, “Кўнгил риштаси узилса, улаш қийин”, “Қалб яраси битмайди”, деган гаплар хаёлингда қора булутдек оғир айланади. Тўхта, азизим, ахир у қадрдонингсиз қал­бингнинг, ҳаётинг­нинг, орзу-ишонч­ларинг­­нинг қай бир чиройли манзиллари ҳувиллаб, таш­ландиқ бўлиб қо­лади-ку! “Тан жароҳати битади-ю, қалб жароҳати...” Керак­мас, бундай ўйлама! Гарчи минг йиллардан буён айтилаётган бўлса-да, ўзи ёниб турган юракка яна ёғ бўлиб қуйиладиган бу гап­ларга ишонма! Ахир уни ўйлаб топган ҳам, элга ёйган ҳам бу ўтар дунёнинг нуқсонларидан холи бўлмаган сену мендек бандалари-ку! Айни ҳолатинг, қалб оғриқларингнинг ечими, малҳами ҳам Ҳақ Китоби – Қуръони каримда: «Агар (улар) Сизни алдамоқчи бўлсалар, бас, албатта, Сизга Аллоҳ (Ўзи) кифоядир. У Сизни (Ўз) ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини (ўзаро) яқинлаштирган Зотдир. Агар (Сиз) ердаги (ҳамма) нарсани сарфлаганингизда ҳам (уларнинг) дилларини (бир-бирига) боғлай олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларнинг ўртасини боғлади. Албатта, У қудратли ва ҳикматли Зотдир» (Анфол, 62–63).
Қалбларимизни бир-бирига яқинлаш­тирадиган ҳам, узоқлаштирадиган ҳам Ҳақ таоло, Унинг Ўзи бандаларини ўзаро яқин, аҳил, диллари бир-бирига пайванд бўлишига чорлаб, буни қўллаб-қувватлаб турибди. Астойдил қилган истагимизни ижобат этса – Ўзига осон.
“Ишонар­микин?..”, “Муносабат­ларимиз яна аввалгидек чиройли давом этармикин?”, “Қалбларимиз орасига дарз тушди...” – бундай хаёллар билан умидсизлик кўчасига яқинлашмагин ҳам. Тўғри йўл­ни Пайғам­бари­миз (сол­­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадис­лари­­да кўрсатиб туриб­­ди­лар: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бири­н­гиз билан юз­кўрмас бўлиб кетманг, дунёда ким­ўзар ўйнаманг, Аллоҳнинг биродарлашган бандалари бўлинг” (Имом Муслим ривояти).
Назарингда қалблар ўртасидаги дарздай туюлаётган жойга меҳр-муҳаббатдан бир гул эккин, уни меҳр-муҳаббат ёмғири, садоқат дарёсининг нурли сувларига ғарқ эт. Яна ва яна!.. Шунда Унинг қудрати, ҳикмати икки қалбни икки оламнинг қўш саодатмандларига айлантиргай, иншоаллоҳ!
 

Муҳтарама УЛУҒОВА