• Рукни: Ўгит

Инсон зоти борки, доимо насиҳатга муҳтож. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
«Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур» (Зориёт, 55).

Бир дўстимнинг тўйида куёвжўра бўлдим. Никоҳ ўқиган кекса домланинг юракдан айтган самимий насиҳатлари қалбимга ўрнашиб қолди. Муҳтарам домла келин-куёвга бундай насиҳат қилди:

«Куёвбола, келинбола, аввало, янги оилавий ҳаётингиз муборак бўлсин. Болажонларим, энди бир-бирингизга танмаҳрамга айланасиз. Ояти каримада:

“Аёлларингиз сиз учун либос, сизлар ҳам аёлларингизнинг либосидирсиз”, дейилади. Либос каби бир-бирингизни зийнатлаб, бир-бирингизни яшириб, ҳаётнинг совуқ-иссиғидан бир-бирингизни эҳтиётлаб яшашингиз кераклигини англатади бу.

Куёвбола, аёлингизни ҳар қандай ҳолат­да ҳам ҳимоя қилинг, эъзозланг. Сир-асрор­ларини, камчиликларини яширинг. Келин қизим, сиз ҳам эрингизга айни шундай муносабатда бўлинг. Унга итоат қилинг.

Унутманглар, бахт осонлик билан келмайди ёки бозорда сотилмайди. Ҳозирги ҳолатингиз – бахтингиз остонаси. Уни сақлаб қолиш, саодат қўрғонида ширин ҳаёт кечириш ўзингизга, бир-бирингизни қанчалар қадрлашингизга боғлиқ.

Саҳобалардан бири Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан: “Ё Расулуллоҳ, аёлларимиз олдида қандай мажбуриятларимиз бор?” деб сўради. Унга жавобан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлларингиз олдидаги мажбуриятларингиз еган таомларингиздан едириш, кийган кийимларингиздан кийдириш, уларни ҳақорат қилмаслик, юзига урмаслик, ўз ётоғингиздан бошқа ерда тонг оттирмасликдир”, дедилар.

Келин қизим, сиз оқила, доно вазир бўлинг. Турмуш фақат ўйин-кулгидан иборат эмас. Эрингизнинг топганига қаноат қилинг. Уни қўллаб-қувватланг. Суяксиз тилга асло эрк берманг.

Адиблардан бири: “Аёл киши бош кўтариш­ни бошласа, эр зоти бош кўтариб юролмай қолади”, деб жуда топиб айтган. Жон қизим, азиз ва мукаррамлигингиз, қадру қимматингиз эрингизга итоатли бўлишингизга боғлиқ...»

Никоҳ ўқиш пайти домланинг айтган гап­лари маросимда иштирок этган кўпчилик учун жуда фойдали бўлди.

Ёшларимиз ана шундай насиҳатларга қулоқ солишлари ва уларга амал қилишлари лозим. Шунда турмушлари гўзал, бахтли бўлиши шубҳасиз.

Тоҳир ВОҲИДОВ,
Тошкентдаги “Масжидул Хайр” жомеи имом-хатиби