• Рукни: Ўгит

Аллоҳ зикри ила безанган қалб эгаларини шайтон ҳеч қачон йўлдан оздира олмайди. Шиддат билан оқаётган вақт аталмиш “дарё”нинг ҳар бир “томчиси”ни ғанимат билган, бажарган ва бажараётган ҳар битта амали учун жавоб берадиган кун  келиши муқаррар эканига ишонган инсон умрини беҳуда ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилади. Ҳаётини эзгу амаллар билан безайди.

Аслида, эзгу амал эзгу ният самарасидир. Эзгу ният мўминнинг қалбида куртак ёзади. Мўмин ҳис-туйғуларини жиловлаб олади. Раббига қалбан итоат этади. Атрофида юз бераётган жараёнга ақл ила муносабат билдиради. Яратганнинг фазлидир бу... Банда тақдирга рози бўлиши ҳар кун, ҳар дақиқа, ҳар сония Аллоҳ зикри ила яшаши, борлиқда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, ҳолатлардан илоҳий ҳикматни анг­лаши, ҳар қандай нарса ёҳуд вазиятнинг яхши томонини кўриши ва ундан ибрат олиши, бу синовли дунёда фақат Аллоҳга таваккул қилиб яшаши, Унга бандалик қилиши лозим.

Назаримда, кўнгилнинг ғалаёнга келиши шайтон васвасасига учганидир. Дилини шайтон қутқусидан тозалаган мўмин сокин қалб ила дуч келган турли вазият ва ҳолатларни тинч йўл билан ҳамда адолатли  ҳал қилади. Ҳар бир иши “кузатув остида” эканини ҳис қилади. Ҳам зоҳиран, ҳам ботинан исён қилмайди. Жаҳлини ақли билан енгади.  Шу тариқа ўрганган илмини амалда қўллаш орқали ҳам комиллик сари интилади. Бу юксак инсоний фазилатда ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз умматларига муносиб ўрнак бўлганлар. Ҳадиси шарифда ёзилишича, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто ухлаганларида ҳам қалблари уйғоқ бўлган.

Демак, саодат калити – қалбнинг тўғрилигида. Қалбнинг тўғрилиги унинг самимийлигидир. Самимий қалб ёлғиз Раббига итоат этувчи ва инсонни равон йўлдан бошловчи шамчироқдир.

Мавлуда ҲАЙИТҚУЛОВА