• Рукни: Ўгит

“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл, 97-оят)

Қайнона-келинлар орасида келишмовчиликлар ҳақида кўп эшитамиз. Яқинда бир воқеани гапириб қолишди: қайнона ёшгина келинининг ишларини ёқтирмай норози бўлавергач, оила бошлиғи, яъни қайнота: “Келин ҳам бировнинг боласи. Униям, ўзингниям қийнаб асабийлашмасдан, аста-секин ўз йўлингга сол”, деган экан, хотини: “Сиз аёллар ишига аралашманг!”, деб жеркиб берибди.
 
Динимизда эркаклар оилани бошқариши кераклиги айтилган. Бу кўрсатмага амал қилингани сабабли юртимизда оилалар азалдан тинч, мустаҳкам бўлган. Ҳозирда келин-куёвлар ўртасидагина эмас, қайнонаю келинлар орасида ҳам келишмовчиликлар кўпайишига айрим хонадонларда қайноталарнинг раҳбарлик ўрни пасайиб кетиши сабаб эмасмикин? 
 
Халқимизда “Қушнинг уяси ҳам бузилмасин”, деган мақол бор. Шунинг учун фарзандларимиз ҳар қандай масалада, айниқса, оилавий турмушда тажрибасизлик, сабрсизлик қилсалар, ҳаётлари издан чиқиб кетишига йўл қўймайлик. Биз катталар – қайнота ва қайноналар ҳамжиҳатликда, ҳамфикрликда, оғир-босиқлик билан уларни ҳаёт синовларини енгишга ўргатайлик.
 
Бахтиёр МАЖИДОВ,
Тошкент шаҳри