• Рукни: Ўгит
Кимки тонгда турибоқ, лағв-беҳуда, ғийбат ва фаҳш сўзларни гапира бошласа билгинки, у ҳаром луқма еган.
Ҳикматнинг белгиси сукут ва эҳтиёжга яраша сўз айтмоқдир.
Худди ҳаромдан ҳазар қилгандек, ёмон хулқдан ҳазар қилингиз.
Сенда йўқ сифатлар билан сени мақтаган одамдан йироқ бўл, чунки у ғазаби келса, туҳмат билан сени ҳақоратлайди.
Оқилларга эргашиш билан, зоҳидларга гўзал муомала билан, жоҳилларга эса чиройли сабр билан суҳбатдош бўл!
Нафс ғалабасининг асоси шаҳват билан яқинлашишдир.
Ҳар кимки, ўз нафсига мафтун бўлса, кибру ҳасад, хорлик ва хўрлик унга ошиқдир.
Нафсга мухолифат, шайтони лаъинга адоват, халққа шафқатда бўл! Шундай қилсанг, рост йўлга кириб, камолотга етасан.
Абу Бакр Варроқ Термизий
 
Ҳар бир устоз ва дўстдан бирон нарса олишга интилинг!
Баъзи одамларда нариги дунёнинг дарди йўқдир, кўнгиллари тамоман бу дунёга боғланган.
Кўнгил – пок ва беғубор бир кўзгу.
Жисм йўқолади, руҳ эса барҳаётдир.
Комиллик мартабасига етиш учун нафс риёзати лозим.
Ҳақ таоло инсонни азиз қилиб яратган, нечун инсон ўзини ҳақир қилишга интилади? Бу ўз нафсига зулм бўлади.
Қуръони карим – муқаддас китоб, уни англаш учун гўё меванинг пўстини олиб, унинг мағзини излаш талаб этилади. Тўғрироғи пўстини эмас, балки мағзини очиш керак, яъни мағзини тушуниш лозим.
Саййид Ҳусайн Бурҳониддин Сирдон ТЕРМИЗИЙ
 
Оқиллар Аллоҳнинг буйруғини улуғ билиб, фарзларни адо этишга ғайрат қилдилар. Қалбларини бошқа ўй-фикрлар билан банд қилмайдилар.
Муҳаббатнинг ҳаловати, қийинчиликларнинг аччиғи бор. Агар нафс муҳаббат ҳаловатини татиса, қийинчиликлар аччиғини писанд қилмайди.
Агар қалбда нафсни Аллоҳнинг зикрига бурадиган маърифат қуввати бўлмаса, нафс жасадга ҳукмрон бўлади, уни истаган томонига бошлайди. 
Кимнинг қалбини Аллоҳ имон билан мунаввар қилган бўлса, маърифати қувватли бўлади.
Таваккул Парвардигорга ишни топширмоқ, сўнгра Унинг тақдир қилган ишига рози бўлмоғдир.
Қалб нафс-ҳаводан тийилиш билан ҳимоя қилиниб, соф бўлса, худди оловдан чиққан олтиндек бўлади.
Нафс шаҳват оловлари билан қувватланса, қалбдаги нурлар заифлашади. Бу офатдан эса қалбда шак туғилади.
Қалбингни муолажа қилиб, уни нафсга қуллик бўлишдан озод эт. Бу иш амалга ошса, қалбинг ёмон ахлоқлардан халос бўлиб, соф бўлади. 
Банданинг имони ибодат нури билан қанчалик зиёда бўлса, ғазаб ва шаҳватда шунча заиф бўлаверади.
Маърифат билан Аллоҳни таниш қалбни нурга тўлдиради. Бу нур нафснинг оловларини куйдиради. 
Қачонки нафснинг қадри тушса ва у жиловни қалбга топширади.
Ҳар бир нарсанинг нафаси бор. Нафснинг нафаси ҳавойи-истакдир.
Ҳавойи қувонч ва сохта шодлик кўпчиликни маънавий ҳалокатга қандай гирифтор қилишини чин инсонгина фаҳмлайди.
Киши қачонки ҳаддидан ошса, Аллоҳга осийлик, омонатга хиёнат қилади. Натижада Аллоҳ азза ва жалладан узоқлашади. Бу эса Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишига сабаб бўлади.
Соғлом ақл Аллоҳ таолога итоат этади. Носоғлом ақл эса яхшиликдан юз ўгириб, ўзбошимчалик қилади. Aқл ўзбошимчалик қилиш учун эмас, Аллоҳ таоло ўргатган нарсани қабул қилиш учун восита сифатида яратилган.
Қалбда имон бўлса, унда тақво ҳам бўлади. Қалбда тақво бўлса, Аллоҳ буюрган амалларни тушуниб етади ва уларни улуғлайди.
Аллох таоло бандаларига бу дунёда бойлик, факирлик, иззат, хорлик, улуғлик каби хислатларни ато этиб, уларни имтихон килади.
Илм нурдир. Инсонлар Аллоҳ таоло олдида қанчалик масъулиятни ҳис этса, шунчалик маърифатга эга бўлади.
 
Баҳриддин ПАРПИЕВ тўплади