• Рукни: Ўгит

Қўшниларимизнинг ўзаро муносабатларидан оғринсам “Маҳаллада дув-дув гап” филмини эслайман, – дейди бир ҳамкасбим. – Болалигимда шу кинони томоша қилатуриб, бизнинг ҳам кино қаҳрамонларига ўхшаган қўшниларимиз, пахса деворли уйимиз, тол тагида сўримиз бўлишини орзу қилардим. Ўйлаб кўрсам, болалигимдаги қўшнилар ҳам, қўшничилик одоблари, ҳақларига риоя ҳам улғайганим сари, пошшо давримнинг беғуборлигига қўшилиб, олисларга учирма бўлган экан...»

Болалик пайтларимиз ота-онамиз қўшниларга меҳр-оқибатли бўлишга ундарди. Тансиқроқ овқат пиширсак, дарров яқин қўшниларга илинардик. Улар ҳам идишимизни қуруқ қайтаришмасди. Ана шу арзимасдай туюлган эътибор қўшнилар ўртасида меҳр-оқибатни кучайтирарди. Кимдандир хато-камчилик ўтса, жанжал-тўполонсиз босди-босди бўларди. Хотираларни эсларканман, бугун ўзимиз фарзандларимизга шундай тарбия беролдикми, Пайғамбаримизнинг : “Бир-бирингизга ҳадялар беринг, ҳадя меҳр-муҳаббатни кучайтиради”, деган марҳаматларидан хабардор қилолдикми, деган изтиробли ўй кўнглимдан ўтди. Қўшниларга яхшилик қилиш, яхшилик қилолмаса ёмонлик ҳам қилмасликни ўргатолдикми фарзандларимизга?! Назаримда, бу ишни уддалай олмаяпмиз...

Бир пайтлар бир том тагида, бир девор ортида яшаб, бир дарвозадан кириб-чиқиб юрган, қувончида қувнаб, қайғусига шерик бўлганларнинг болалари, невараларининг бугун бир-бирини кўрарга кўзи йўқ. Ён қўшнимиз оч, касалманд, аммо парво ҳам қилмаймиз. Бу ёнимиздаги қўшни бой, бойлигини кўролмай, унга ҳасад қиламиз.

– Қизимга келадиган совчилар, бир келарди-ю, ўйлашиб кўрайлик десак, ўз-ўзидан қадамини узишарди, – дейди бир танишим. – Кейинроқ билсам, қўшним совчиларга қизимни ёмонлабди. Яна бошқа жойдан совчи келди. Патир ушатдик. Ўша куни кечроқ бўлажак қудам: “Одоби, меҳнатсеварлигини ёқтирувдим. Аммо... қўшнингиз қизингизнинг тутқаноқ касали борлигини айтди... Ҳақиқатни яширманг...” деб қолди. Дилим қаттиқ оғриди. Қудам бу гаплар ёлғонлигини билди, қуда-андачилик яхши бўлиб кетди. Аммо ўша қўшни билан орага совуқчилик тушди.

Баъзи оила бошлиқлари кечирса бўладиган хатоларни важ қилиб, қўни-қўшни устидан шикоятлар ёзади. Текшириб, сабабини сўрасангиз, тайинли жавоб беролмайди. Уларнинг ўйламай-нетмай қилган бундай хатолари фарзандлари келажагига путур етказиши мумкин.

Кўп ҳолларда биз катталар ҳам тарбияга муҳтожлик сезамиз. Ўзимизда бўлмаган яхши сифатлар болаларимизда бўлишини орзу қилишимиз кулгили. Афсус, отаси ё онасининг қўни-қўшниларга қилган феълидан боши хам бўлган ёшлар оз эмас. Умримиз синовлардан иборат. Бир кун қувончга тўлсак, бир кунимиз ғамли... Яхши-ёмон ҳолатларда қариндошлардан, жигарлардан ҳам бизга яқинроғи ён қўшниларимиз. Биринчи ҳамдам, биринчи малҳам ҳам ўшалар. Пайғамбаримизнинг : “Жаброил менга қўшни ҳақида шунча кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим” мазмунидаги ҳадисларини озгина мушоҳада қилайлик. Қўшнилар билан ҳеч нарса устида талашмайлик, меҳр-оқибатли бўлишга уринайлик.

Умида АЗИЗ