• Рукни: Ўгит

* * *

Бир киши Иброҳим Адҳамдан насиҳат сўради.

– Ёпиқ турганни оч, очиқ турганни ёп! – дедилар.

– Тушунолмадим? – деди ҳалиги киши.

– Ҳамёнингнинг оғзини оч – сахий ва очиққўл бўл, то сендан ёрдам сўраганларга фойданг тегсин. Оғзингни эса ёп, то тилингдан ҳеч кимга азият етмасин! – дедилар.

* * *

Иброҳим Адҳамнинг йўлидан бир тош чиқди. Устига: “Тошни ўгириб, ортидагини ўқи!” деб ёзилган эди. Ўгириб: “Агар ўрганганларингга амал қилмасанг, у ҳолда нега ўрганмоқчисан?” деган ёзувга кўзи тушди. Шунда у: “Ё Аллоҳ! Сени таниган ҳеч бир банданг ҳақинг билан таниёлмайди. Шундай экан, Сендан ғофил одамнинг ҳоли не кечади?” дея йиғлади.

* * *

Иброҳим Адҳам бир киши билан дўст бўлди. Анча муддатдан сўнг, ажралишларига тўғри келди. Шунда дўсти:

– Узоқ вақт дўст бўлдик. Менда бирор камчилик ёки хато кўрган бўлсанг, айт, уни тузатай, – деди.

Шунда Иброҳим Адҳам:

– Мен сенга ҳамиша муҳаббат кўзи билан боқдим. Шу боис доимо яхшилигингни кўрдим. Қачон қарасам, менга фақат фазилатларинг кўринди. Айбингни билишни хоҳласанг, бошқалардан сўра, – деб жавоб берди.

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ тайёрлади.