Бир неча аср муқаддам инсонлар орасида вабонинг юзага келиши ҳаммани ташвишга солган эди. Кейинчалик яна бир вабо пайдо бўлдики, у инсон соғлиғини жуда тез еб битиради. Гиёҳвандлик вабоси жамики одамзодни ўй-ташвишга  солиб қўйди, унга яқин борганлар катта муаммоларга  кўмилди.
Аслида инсоният учун бебаҳо бойлик  саломатликдир. Уни асраш ҳар бир кишининг зиммасида. Ислом дини таълимоти нафақат инсон ҳаётининг руҳий, маънавий камолотига эътибор беради, балки унинг жисми учун ҳам қайғуради.
Гиёҳвандлик қанчадан-қанча одамлар ёстиғини қуритган, оилаларни барбод этган, болаларни ногирон, етим қилган. Сурункали гиёҳвандликка берилган кишиларнинг умри қисқариб, аксарияти ҳатто 30 ёшгача ҳам яшамаслиги исботини топган. Гиёҳвандликка берилган инсонларнинг иммун тизими ишдан чиқади ва бу ОИТС, вирусли гепатит каби ўта хавфли ва юқумли касалликларга сабаб бўлади.

Айниқса, гиёҳвандлик наслнинг бузилишига, бунинг оқибатида эса ирсий касалликларнинг урчишига ва жамият тараққиёти орқага сурилишига олиб келади. Шунинг учун ҳам бу иллатнинг олдини олиш мақсадида бутун жаҳонда, хусусан, юртимизда ҳам давлат даражасида эътиборда бўлган ишлар амалга оширилмоқда. Ёшларнинг таълим ва тарбия олишлари, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, ҳар томонлама етук инсонлар қилиб вояга етказиш учун яратилаётган шарт-шароитлар, қурилаётган касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари, уларнинг соғлом бўлишлари учун спортга берилаётган эътибор ана шулар жумласидандир.
Ислом дини таълимотида нафақат бировга, балки ўзига зулм қилиш ҳам ҳаром, қаттиқ қораланади. Гиёҳвандлик эса зулм ўчоғи бўлиб, у билан инсон ҳам ўзига, ҳам жамиятга азият етказади. Бу эса энг катта гуноҳ ишлардан биридир. Бу борада бир ҳадисда бундай келтирилади: “Исломда ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир”. Моида сурасининг 90-оятида бундай амр қилинади: «Эй мўминлар, хамр (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор  (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган (ҳаром) ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!»

Маҳмуд Замахшарий бундай дейди: «Кимки ўз нафси балосию орзу-ҳаваси домига тушиб қолса, у ўзини-ўзи чуқур қаърига ташлагани муқаррардир».

Чиндан ҳам, инсон аввало ўз нафси устидан ҳукмронлик қила олиши керак. Нима яхши, нима ёмонлигини ўйламай, нафси буюрганини истеъмол қилувчи кимсаларнинг онгсиз мавжудотдан фарқи қолмайди.

Юсуф Хос Ҳожиб бундай дейди: «Айш-ишрат мутлақ ғафлатдур, мана шу ғафлат билан одам ўзини маҳв этади».

Дарҳақиқат, айш-ишрат инсоннинг зийраклигини, ҳушёрлигини олиб қўядиган оғулардан бўлиб, гиёҳвандлик ҳам мана шу айш-ишратнинг асосларидан биридир. Маълумки, ҳушёрлигини йўқотган инсон умри ғафлат ва мавҳумликда ўтади, ўзи ҳалокатга йўлиқади.

Алишер Навоий бундай ёзади:

Бўлса ғаминг, жонингга солма алам,
Бир ғам эрур бас, емагил икки ғам!


Кўпинча инсон ўзига омонат қилиб берилган ва энг буюк бойлик саналган неъматлар, айниқса, соғлиқнинг қадрига етмай, тўқликка шўхлик қилади. Саломатлигига шукр этмай, уни суиистеъмол қилади. Қарабсизки, ҳаёти, оиласи бузғунчилик, исрофгарчилик, ахлоқсизлик, фисқу фасод каби ёмон иллатлар исканжасида қолади. Демак, ўз ҳаётини, келажагини ўйлаган инсон бу иллатлардан йироқ юрмоғи, тубанлик ўчоғи саналган гиёҳвандликдан ҳазар қилмоғи ва ундан сақланмоғи лозим. Ана шундагина, ёшлар чин маънода Ватанга содиқ, аждодларга муносиб фарзанд бўлиб вояга етишлари мумкин.
Бу иллатга қарши курашишда, аввало, ўсиб келаётган ёшлар қалбига инсонийлик, Ватанга, ота-онага, дўстлар ва атрофдагиларга меҳр-муҳаббат ва садоқат каби эзгу фазилатларни сингдириб бориш керак. Асрлар оша шаклланиб, сайқал топиб келаётган миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш эса ёшларни ҳар томонлама етук инсонлар этиб камол топтиришда жуда муҳим асос бўлади.
 

Зиёвуддин МИРСОДИҚОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири