Болалик – ҳар они олтиндан қиммат беғубор давр. Ҳар бир инсон улғайгани сари унинг хотирасида ўчмас из қолдирган болалик онларини тез-тез ёдга олиб, бир зум бўлса-да, ширин хотиралар оғушига чўмади. Зеро, бу хотиралар инсонга хотиржамлик, завқ бағишлайди. Ана шундай пайтларда беихтиёр дунёнинг турли минтақаларида ҳукм сураётган нотинчликлардан жабр кўраётган ёш болалар, маъсум гўдаклар кўз ўнгимизда гавдаланади. Ўз-ўзидан савол туғилади, бу жажжи қалб эгалари ҳам вояга етгач, биз каби болалик даврини ширин хотиралар билан эслармикан?! Асло! Чунки улар очлик, хору зорлик ва изтироблар билан кечаётган болалик даврини эслашни хоҳламасликларини аччиқ кўз ёшидан, мунгли нигоҳларидан англаш қийин эмас. Эсласалар ҳам, бир дунё алам билан эслашлари тайин. Ахир улар ҳам тинч ва осойишта ҳаёт кечиришга, болаликнинг гаштини суриб, ота-оналари бағрида подшоҳдек иззатда яшашга ҳақли эди, албатта.

Шулар ҳақида фикр юритиб, Ислом дини номини ниқоб қилиб олган жангарилар мисли кўрилмаган жиноятларга қўл урганларини янада теранроқ англаймиз: улар қанчадан-қанча норасидаларни болалигидан, беғуборлигидан жудо қилди. Энди куртак ёзаётган жаннат райҳонларини қаттол қўллари билан ғунчалигидаёқ нобуд этди. Албатта, бу болаларга қилинган жуда катта зулмдир, оғир жиноятдир!
Жаҳолат ботқоғига ботган жангарилар дин номидан гапириб, унинг моҳиятидан бехабар ҳолда, кўплаб қабоҳатли ишларга қўл уришмоқда. Аслида, Ислом дини ёш болаларга меҳрибон бўлишга буюради. Уларга заррача озор беришдан ҳам қайтаради. “Ислом одобларида болаларнинг бошини тепадан пастга қараб силашга буюрилади, чунки аксинча силанганда озгина бўлса-да, болага озор етказилади. Динимиз бошқаларга мана шу даражада кам озор беришдан ҳам қайтаради.
“Бугун ИШИДчиларнинг урушлари сабабли қанчадан-қанча болалар етим қоляпти, қанчаси қурбон бўляпти. Жиноятчиларни бу норасидаларнинг уволи тутмайдими? Уларнинг дарё-дарё қонлари, кўз ёшлари жангариларнинг икки дунёсини куйдириб юбормайдими?! Буни қандай тушуниш мумкин, одам деган шунчалар ҳам ёвуз бўладими?! Биз уларни иблислар деганимиз бежиз эмас. Зеро, қилаётган ишларидан кўриниб турибдики, улар ҳақиқатан ҳам иблислар, қонхўр, шафқатсиз, одам қиёфасидаги шайтонлардир!” (Айдарбек Тулепов, “ИШИД фитнаси”, 51–77-бетлар).

Шуларни мушоҳада қилар эканман, яқинда интернет тармоғида ўқиганим бир ҳаётий воқеа кўз ўнгимда гавдаланди: “У ҳам бошқа тенгдошлари сингари ўйинқароқ ва беғубор бола эди. Ҳар галгидек китоб солинган сумкасини қўлига олиб, мактаб томон отланмоқда. Онаси уни эркалаб, пешонасидан ўпиб, эшик ортидаги йўлгача кузатди.
Болакай онасидан узоқлашаркан, қўққисдан ўқ узилди. У ҳеч нарсани англаб улгурмади, ерга йиқилди. Шу пайт онаси чинқирганча болакай томон югурди, аммо у ҳеч нарсани эшитмади, кулиб турган беғубор юзчаси осмонга термулганча қотиб қолди... Бечора онаизор бир неча сония олдин иссиққина юзидан ўпиб кузатган жигарпорасини бағрига оларкан, илиқ вужуди бир лаҳзада музлаган мурғак танни ҳатто меҳрга тўла қайноқ тафти билан ҳам илита олмади! У кўзларидаги мунг, дилидаги оғриқни оламга бўлишса ҳам тугамайдиган дард билан ерпарчин эди”.

Мазкур воқеа юзлаб, минглаб болаларнинг аянчли якун топган мусаффо ҳаётидан мудҳиш бир лавҳадир. Нотинчликлар ҳукм сурган минтақаларда қанчадан-қанча болалар ота-онаси, яқинларини тополмай, хору зорликда кун кечирмоқда. Қанчалари очликда, ночорликда ҳаётдан кўз юммоқда. БМТ берган маълумотга кўра, ҳозир етти ёшдан кичик 87 миллион боланинг ҳаёти урушлар ичида ўтмоқда, 4,5 миллион бола эса қуролли тўқнашув ва беқарорликлар боис Сурия, Афғонистон, Сомали, Судан ва Жанубий Суданни тарк этган.
Афсуски, зиддиятлар давом этаётган мамлакатларда яшаётган аксарият болаларнинг ҳаёти хавф остида бўлиб, уларни жангарилар ўлдириб юборишади ёки ўғирлаб кетишади. Ўғирланган болалар эса бузғунчиликка, террорчиликка мажбур қилинади. Айримлари эса қул қилиб сотиб юборилади.
Шу каби ҳолатларни мулоҳаза қилар эканмиз, тинч ва осойишта Ватанимизда камол топаётган, эрталаб мактабга бориб, хотиржам уйга қайтаётган, ота-онаси ва яқинлари бағрида униб-ўсаётган шодон фарзандларимиз беихтиёр кўз ўнгимизда гавдаланади. Улар учун яратилган улкан имкониятлар ва юксак эътибор ёдга тушади. Муҳтарам Юртбошимиз йилларга берган номларга эътибор қилсак ҳам, мамлакатимизда болаларга ғамхўрлик, эътибор нақадар юксак эканини кўрамиз. Жорий “Соғлом она ва бола” йилида ҳам ўғил-қизлар жаҳон андозаларига мос билим даргоҳларида таълим-тарбия олишлари, ўз иқтидор ва истеъдодларини намоён этишлари учун турли кўрик-танловлар ва фестиваллар, олимпиада ва спорт мусобақалари, семинар ва конференциялар ташкил этилмоқда.
Сизу бизнинг асосий вазифамиз униб-ўсиб келаётган ёшларимиз қалбига Ватан туйғусини чуқур сингдириб, тинчлик ва хотиржамлик нақадар олий неъмат эканини тушунтириб боришдир. Токи, ватанпарвар ва тинчликсевар инсонлар бўлиб вояга етишсин, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишмасин.
 

Илҳом МАЪРУПОВ