Қуръони каримда ўз жонига қасд қилиш энг катта гуноҳлардан экани таъкидланган: «...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради» (Бақара, 195).

Ким бўлишидан қатъи назар, бегуноҳ кишиларни ҳалок этиш улкан гуноҳдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир» (Моида, 32).
Бошқа ояти каримада: «Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай» (Нисо, 93), дейилган.
Энди холис айтайлик, бегуноҳ кишиларни кофир, мушрик, мунофиқ ёки муртад деб ўлдираётган ИШИДчиларнинг қилаётган кирдикорларини қандай баҳолаш мумкин? Улар ўзларини мусулмон санашса, Қуръонда қайтарилган ишлардан қўлларини тортишлари керак эмасми? Мўмин кишини билмасдан туриб ўлдирганга қанчалик жазолар, хун тўлашлар борлигини, агарда қасддан бир мўминни ўлдирса, охиратдаги аҳволи нима бўлишини наҳотки билишмаса?
Минглаб мўмин-мусулмонларнинг ёстиғини қуритиб, болаларни етим, аёлларни тул, ота-оналарни эса болаларидан маҳрум қилаётганлар – ИШИДчилар дин ниқобидаги манқурт кимсалар, дин душманларидир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ким ўзини бир темир парчаси билан ўлдирса, қиёмат кунида жаҳаннам ўтида темир парчаси қўлида, абадий равишда у билан ўзини ўлдириб, жазоланади. Ким ўзини тоғдан ташлаб юборса, доимий равишда жаҳаннам ўтида ўзини тоғдан ташлаб, ўлдириб азоб чекади” (Имом Муслим ривояти).
Ўзини-ўзи портлатган, ўлдирган киши шаҳид эмас, балки дўзахийдир. Буни ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз зарур.
Юртимизда тинчлик-осо­йишталикнинг барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг турли оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, экстремизм тарафдорлари тарқатаётган ғоялар Ислом таълимотига зид экани ва улар ғаразли сиёсий мақсадларга йўналтирилганини аниқ далиллар билан исботлаб, очиб бериш – барчамизнинг вазифамиз.

Абдурасул АБДУЛЛАЕВ,
Тошкент шаҳридаги “Кулол-Қўрғон” жоме масжиди имом-хатиби