Муқаддас Ислом дини ноҳақ одам ўлдириш, ўғирлик, зинокорлик, бировларни обрўсизлантириш каби ишларни ҳаром қилганидек, тинч аҳолининг қалбига ғулғула солишни, инсонларни қўрқитишни, осо­йишталикка рахна солиш, яъни террорни ҳам ҳаром қилган. Бундай разил ишлар Аллоҳ ва Унинг расулига қарши уруш очиш билан тенглаштирилиб, Ер юзида фасод тарқатиш деб баҳоланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло фасодни ва фасодчи кимсаларни суймаслиги ҳақида бот-бот такрорланади, бандаларни бузғунчилик қилишдан қайтарилади.

Одамларнинг тинчини бузиб, қўрқувга солиш тақиқланган ишлардандир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки ўз биродарига тиғли нарса билан ишора қилса, бас, то ўзини тийиб олмагунча фаришталар унга лаънат ўқийди, гарчи у одам ўзининг туғишган укаси (ёки акаси) бўлса ҳам”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда: “Кимки бир мўмин кишини қўрқитса, ундай одамни қиёмат кунининг даҳшати ва қўрқувидан хотиржам қилмасликни Аллоҳ Ўз зиммасига олади”, дейилган. Бир киши ҳазил тариқасида бошқа бировнинг кавушини олиб, беркитиб қўйди. Бу воқеа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га етказилганида: “Мусулмон кишини қўрқитманглар, мусулмонни қўрқитиш катта зулмдир”, деб танбеҳ берганлар. Ҳатто мусулмон кишига қўрқитувчи нигоҳ билан қараган одамни Аллоҳ таоло қиёмат кунида қўрқитиши ҳам зикр қилинади.

Қўлига қурол олиб, инсонларни қўрқитиб, уларнинг ҳаётига зомин бўлаётган кимсаларнинг оқибати эса, албатта, оғир бўлади. Бу борада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Биронтангиз зинҳор ўз биродарига қурол билан ишора қилмасин (ўқталмасин). Чунки у билмайдики, шайтон унинг қўлини бузиши мумкин (яъни, унинг қалбига васваса солиб, мусулмонга ўқ оттириши мумкин). Оқибатда эса, у одам дўзах чоҳига қулайди”, деб огоҳлантирганлар.

Шу каби жиноят билан шуғулланувчилар ҳақида фаришталарнинг лаънатига гирифтор бўлиш, қиёмат кунининг даҳшатига дучор бўлиш, дўзах чоҳига қулаш каби огоҳлантиришлар келгани боис, террор ва шунга ўхшаш ҳаракатлар ҳалокатга олиб борувчи катта, оғир гуноҳлардан экани маълум бўлади.

Демак, Ислом дини террорчиликни мутлақо қоралайди. Чунки бу динни Аллоҳ таоло инсониятнинг икки дунё бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Террорчиликнинг мақсади эса дунёни хароб қилиш, инсониятни бахт-саодатдан жудо этишдир.

Ислом дини таълимоти, қонун-қоида ва аҳкомларида бешта бош мақсад – Инсоннинг ҳаётини, шаънини, динини, наслини ва мол-мулкини муҳофаза қилиш кўзда тутилган.

Террор эса айнан ушбу мақсадларнинг барчасига қарши қаратилгандир. Исломда ҳар бир инсоннинг ҳаёти, ҳатто ибодат чоғида ҳам муҳофаза қилиниши таъкидланган. Масалан, намоз ўқиётган киши чаённи кўриб қолса, уни ўлдириши жоиз. Чунки бу ҳашорат унинг ҳаётига хавф солиб турибди. Хавфни бартараф этиш биринчи навбатдаги вазифа. Шунинг учун ҳам намоз асносида қилинган бу ҳаракат боис намоз бузилмайди.

Хулоса қилиб айтсак, Ислом дини террорнинг жамият ҳаётига соладиган барча хавф-хатарларидан мукаммал суратда огоҳлантириб, доимо унга қарши бўлишга чорлайди. Қўрқитиш, зулм ўтказиш, бузғунчилик қилишга асосланган ҳар қандай мафкурага қарши курашишга чақиради.

Манбалар асосида Учкўприк туманидаги “Муҳаммад Жаҳонгирхон Ғозий” жоме масжиди имом-хатиби
Асрорхон МАҲМУДОВ
тайёрлади.