Майдони: 69 700 кв. км.
Аҳолиси: 4 470 000 дан ортиқ.
Пойтахти: Тбилиси (Тифлис) шаҳри.
Тузуми: республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Маъмурий тузилиши: 2 та мухтор республика, 10 та ўлкага бўлинади. Лекин Абхазия ва Жанубий Осетия мухтор республикалари амалда мустақил.
Йирик шаҳарлари: Тбилиси, Кутаиси, Батуми, Рустави, Зугдиди, Гори, Поти, Сухуми.
Пул бирлиги: лари.

Жуғрофий ўрни. Грузинлар ўз юртларини “Сакартвело” деб аташади. Мамлакат ҳудуди Олд Осиё, Яқин Шарқ ва Қора денгиз шарқий соҳили – Кавказортининг ғарбий қисмларини қамрайди. Грузия (Гуржис­тон) жанубда Арманистон ва Туркия, жануби-шарқда Озарбойжон ва шарқда Россия билан чегарадош. Ҳозир Абхазия ва Жанубий Осетия Грузия ҳукумати назоратида эмас, Россия ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бир неча мамлакат уларни мустақил деб тан олган.

Грузия табиати хилма-хил. Ҳудуди баланд ва ўртача баландликдаги тоғлар, тепалик, пасттекислик ва ясситоғлардан иборат. Мамлакат шимолини Катта Кавказ (грузинча Кавкасиони) дейишади. Ҳудудининг энг баланд нуқтаси – Шхара тоғи (5068 м.). Иқлими салқин, мўътадил. Турли фойдали қазилмалари бор, маъданли сувлари дунёга машҳур.

 

 

Тарихи. Грузиянинг жуда қадим тарихи бор. Милоддан олдинги 2-минг йилликнинг охирларида гуржи қабилаларининг уюшмалари пайдо бўлган. Милоддан олдинги VI асрда Колхида, милоддан олдинги V–IV асрларда Иберия ёки Картли подшолиги ташкил топади. Шундан “Сакартвело” (картвели тилида гуржи давлати) номи келиб чиққан. Милоднинг 523 йили Эрон Иберияни босиб олиб, бу ерга ўз ноибини тайинлаган. Сосонийлар сулоласи инқирозга учрагач, Иберия Эронга тобеликдан қутулди ва ҳокимият маҳаллий ҳукмдорлар қўлига ўтади.

Милодий VIII аср бошларига келиб, мамлакатнинг деярли ҳамма ерлари фатҳ этилади. VIII-X асрларда Кахети, Тао-Кларжети, Абхазия подшоликлари вужудга келади. Подшолик­лар ўртасида бошланган ўзаро кураш Х асрнинг иккинчи ярми ва XI аср бошларида Грузия ерлари подшо Баграт III (975–1014) бошчилигида ягона давлатга бирлашиши билан тугайди. Георгий III (1156–1184) ва Тамара (1184–1213) подшоликлари даврида Грузия минтақадаги энг кучли давлатлардан бирига айланади, сиёсий-иқтисодий ва маданий равнаққа эришади.

1226 йили мамлакатни хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди эгаллайди. XIII аср иккинчи чорагида мўғуллар истилоси Грузиянинг сиёсий бирлигига, хўжалигига путур етказди. XIV аср иккинчи ярмида мамлакат ҳудуди Соҳибқирон Амир Темур салтанатига киритилди. XVI–XVIII асрларда Грузияга Эрон ва Туркия бостириб киради. Ички кураш кучаяди, натижада Грузия бир неча мустақил давлатга – Картли, Кахети, Имерети подшоликлари ва Самцхе, Гурия, Сванети, Абхазети князликларига ажралиб кетади. XVIII асрнинг иккинчи ярмидан Картли-Кахети давлати анча кучаяди. Ирак­лий II энг йирик князликларни ўзига бўйсундириб, давлатни қайтадан тиклаш, хўжалик ва савдо-сотиқ ишларини ривожлантириш йўлида кўп тадбирлар кўради.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан грузинларнинг миллий озодлик ҳаракати бошланди. 1917 йили Биринчи миллий қурултой сайлаган Грузия Миллий Кенгаши 1918 йил 26 майда мамлакатни мустақил деб эълон қилди ва Грузия Демократик Республикасини тузди. 1919 йил мартида Миллий Кенгаш таъсис мажлисига айлантирилди. Республика ҳукумати давлат чегараларини белгилади, грузин тилига давлат тили мақоми берилди. Конституция қабул қилинди. Бироқ 1921 йил 25 февралда Қизил Армия Тбилисини ишғол қилди. Грузия ҳукумати аъзолари чет элга кетишга мажбур бўлди. Грузия яна забт этилди ва болшевиклар ҳукмронлиги даврида 1922 йилдан 1936 йилгача Закавказие Социалистик Федератив Совет Республикаси таркибига, 1936 йил 5 декабр­дан эса бевосита собиқ СССР таркибига кирди.

1990 йил октябрда Грузия Олий Кенгаши мамлакатни “Грузия Республикаси” деб аташ тўғрисида қонун қабул қилди, давлат герби, байроғи ва мадҳияси ўзгартирилди. 1991 йил 9 апрелда Грузия давлат мустақиллиги тикланди. Олий Кенгаш президент лавозимини таъсис этди. 1992 йил 11 октябрда бўлиб ўтган умумхалқ сайловларида Грузия Республикаси парламентининг янги таркиби ва раиси, 1995 йил 5 ноябрда мамлакат президенти сайланди.

Грузия – 1992 йилдан БМТ аъзоси. 1993 йили МДҲга қўшилди. Миллий байрами – 26 май, Давлат мустақиллиги қайта тикланган кун.

Иқтисоди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланган. Миллий даромадда саноатнинг улуши ўртача 34 фоиз, қишлоқ хўжалигининг улуши 29 фоиз. Марганец рудалар, ферроқотишма, пўлат қувур, электровоз, юк автомобиллари, металл қирқиш ускуналари ишлаб чиқариш етакчи тармоқлардир. 2007 йили қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг ҳажми бир ярим миллиард АҚШ дўлларини ташкил этган. Чой ва узум етиштириш ҳам ривожланган. 2003 йили 25,5 минг тонна, 2008 йили 5,4 минг тонна чой етиштирилган. Қирқ минг гектарга яқин узумзор боғ бор.

 

 

Темир йўллари­ узунлиги 1612, автомобил йўлларининг узунлиги 20 минг километр­дан ортиқ. Портларида йилига ўртача 24 милён тонна юк ташилади.

Аҳолиси. Аҳолисининг 83,7 фоизи грузинлар. Озар, армани, рус, осетин, курд, юнон, чечен ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Расмий тили – грузин тили. Аҳолисининг эллик уч фоизга яқини шаҳарларда яшайди.

Дини. Аҳолининг кўпчилик қисми – 84 фоизи насронийликнинг проваславие йўналишида. Мусулмонлар 9,9 фоизни ташкил этишади. Шунингдек, католиклар, арман-апостол черкови, яҳудийлик ва бошқа динларга эътиқод қилувчилар ҳам бор.

Мамлакатда Ислом дини милодий VII аср охирларида, VIII аср бошларида ёйилган. Айрим ҳудудларда мусулмонлар кўпчиликни ташкил этади. Исломни асосан озар, чечен, месхети турклари, ажар ва абхаз миллатига мансуб аҳоли қабул қилган. Ҳозир Грузияда икки юзга яқин масжид бор. Пойтахт Тбилисидаги ягона масжидни 1864 йили қозон татарлари қуришган.

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.