Майдони: 50 270 кв. км.
Аҳолиси: 3 миллион киши.
Пойтахти: Маҳачқала шаҳри.
Тузуми: республика (Россия Федерацияси таркибида).
Давлат бошлиғи: президент.
Маъмурий тузилиши: 42 та туманга бўлинади.
Йирик шаҳарлари: Маҳачқала, Дарбанд, Хасавюрт.
Пул бирлиги: россия рубли.

Жуғрофий ўрни. Доғистон жанубда Озарбойжон, жануби-ғарбда Гуржистон, ғарбда Чеченистон, шимоли-ғарбда Ставропол ўлкаси ва Қалмиқия Республикаси билан чегарадош. Ҳудудининг шимолдан жану­бгача ўртача узунлиги 400 км., ғарбдан шарққача эса 200 км. атрофида. Доғистоннинг шимоли ва марказида мўътадил-континентал, қуруқ, жанубида – Касбийбўйи пасттекисликлари ва денгизи соҳилида субтропик чала қуруқ иқлим ҳукмрон.

Тарихи. Ҳозирги Доғистон ҳудуди, айниқса, ўлканинг тоғли ерлари тарихий манбаларда турлича аталган. Ном баъзан қўшни элатларга нисбатан олинган бўлса, баъзида ҳудудни забт этган фотиҳлар унга ўз тилларида от қўйиб олишган.

Айрим тарихчилар “Тоғлар ўлкаси” маъносини берувчи қадимги “Албания” мамлакати ҳозирги Доғистон ҳудудида бўлганини таъкидлашади. Араб тарихчиси Ал-Куфий X асрда бу ўлкани “Ард ас-сарир”, яъни “Подшолик мамлакати” деб атаган. Гуржи тарихчилари эса Доғистонга “Лекетия” деб ном беради. “Доғистон” номи XVII асрдан маълум, у туркийча “Тоғлар ўлкаси” деган маънони англатади.

Доғистон ҳудудида палеолит давридан бошлаб одамлар яшаб келади. Милоддан олдинги 1-минг йиллик охирларида Доғистон аҳолиси йирик давлат – Кавказ Албанияси фуқаролигига ўтган. Милодий III асрда жанубий Доғистонни сосонийлар босиб олган. IV асрга келиб, Каспий соҳил­ларини хуннлар эгаллайди. 664 йили Доғистонни араблар фатҳ этади. VI–XI асрларда пойтахти Хунзах бўлган Сарир подшоҳлиги ҳукмронлик қилган. Ушбу подшоҳлик XI–XII асрларда инқирозга юз тутгач, бу ерда пойтахти Қози Қумух бўлган Шамхал мусулмон қироллиги ташкил топади. 1239–1240 йиллари ўлкани мўғуллар босиб олади. XIV асрга келиб, Доғистон ҳудуди темурийлар салтанати таркибига киради. XVI аср ўрталарида марказлашган Рус давлати ташкил топгач, Доғистонга қизи­қиши кучайди. 1722 йили Пётр I қўшинлари Доғистоннинг денгиз соҳилларини босиб олади. 1735 йилги Ганжа шартномасидан сўнг бу жойлар Эронга топширилди. 1813 йили Гулистон сулҳ шартномасига биноан Доғистон яна Россия қарамоғига ўтди. Аммо оқ подшо ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати тоғликларнинг қўз­ғолонларига сабаб бўлди.

XIX асрнинг 30-йилларида тоғли халқларнинг мустам­лакачиликка қарши миллий озодлик ҳаракати бошланди. Ҳаракатга Доғистон ва Чеченистон имомлари – Ғози Муҳаммад, Ҳамзатбек ва Шомил раҳбарлик қилди. 1817–1864 йиллардаги Кавказ урушлари натижасида қўзғолон бостирилди.

1917 йил 1 декабр куни бу ҳудудда ҳам Шўро ҳокимияти ўрнатилгани эълон қилинди. Аммо 1918–1920 йилларда немис-турк қўшинлари ва оқ гвардиячилар ҳудудни босиб олишди. 1920 йил март ойида қизил армия кучи билан Доғистонда яна шўролар ҳокимияти тикланди.

1920 йил 13 ноябрда Доғистон хал­қларининг фав­қулодда қурул­тойида болшавойларнинг тазйиқи билан Шўро мухториятини тузиш ҳақида қарор қабул қилинди. 1921 йил 20 январда РСФСР таркибида Доғистон АССР ташкил қилинди. Шу даврдан то 1991 йил майгача Доғистондаги иқтисодий тараққиёт, маориф, фан ва маданиятнинг ривожи бирёқлама йўлдан борди. 1991 йил май ойида Доғистон Республикаси ташкил топди. 1994 йили Доғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. 2006 йили Муху Алиев Доғистоннинг биринчи президенти этиб тайинланди.

 

 

Иқтисоди. Саноат маҳ­сулотининг 80 фоизи озиқ-овқат, машинасозлик, енгил саноатга тўғри келади. Иқтисодиётида энергетика ва нефт қазиб олиш, қурилиш материаллари, кимё саноати ҳам катта аҳамиятга эга. Энг йирик электр станциялари – Чирюрт, керкебил ва Чиркей ГЭСлари. Табиий газ қазиб олиш, қурилиш материал­лари иш­­лаб чиқариш, кимё ва озиқ-ов­­қат саноати, тў­қима­чи­лик, ти­кув­чилик, кўн-пой­абзал саноати ри­вожланган. Доғистон гилам тўқиш ва заргарлик бобида қадимдан машҳур. Қишлоқ хўжалиги боғдорчилик, узум ва ғалла етиштиришга ихтисос­лашган. Чор­вачи­лигида эса қўйчилик, гўшт-жун етиш­тириш асосий ўринни эгал­лайди.

Темир йўл­лари узун­лиги 435 км., автомобил йўл­лари узунлиги 9600 км. Ҳаво транспорти Маҳач­қалани бошқа шаҳарлар билан боғлайди. Маҳачқала йирик порт шаҳридир.

Аҳолиси. Доғистонда туғилиш кўп, мамлакат 2002–2010 йиллар орасида аҳоли сони бўйича Россиянинг жуда кўп ўлкаларини ортда қолдирди. Ҳозир Доғистон Россия Федера­циясида аҳоли сони бўйича 13 ўринда.

 

 

Мамлакатда кўп халқлар ва элатлар яшайди. Шу сабабли 14 та тилга давлат тили мақоми берилган. Авар­лар (29,4 фоиз), даргинлар (16,5 фоиз), қўмиқлар (14,2 фоиз), лазгинлар (13,1 фоиз) нисбатан кўпчиликни ташкил этишади.

Дини. Аҳолининг асосий қисми – тўқсон беш фоизи мусулмонлар. Шунингдек, мамлакатда православ нас­ронийлари, яҳудийлар ҳам бор.

Ўлкага мусулмонлар – савдогар ва ҳарбийлар VII асрдаёқ келишган. Дарбанд шаҳрида VIII асрда қурилган Россия ҳудудидаги энг қадимги масжид сақланиб қолган. Тарихда доғистонликлар шарқ халқлари билан мустаҳкам сав­до алоқаларини ўрнатишган. Қадимшунослик қазилмалари шундан далолат беради. Доғис­тонда Ислом дини секин-аста тинчлик йўли билан ёйилган.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.