Майдони: 377 944 кв.км.

Аҳолиси: 126 400 000 дан ортиқ (2011).

Пойтахти: Токио шаҳри.

Тузуми: конституцион монархия.

Давлат бошлиғи: қирол.

Маъмурий тузилиши: 47 та вилоятга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Токио, Иокогама, Осака, Нагоя, Саппоро, Кобе, Киото.

Пул бирлиги: иена.

 

Жуғрофий ўрни. Япония Тинч океанининг Осиё соҳилларидаги қисмида, катта ороллар тўдасида жойлашган. Японияни жануби-ғарбда Хитой ва Тайвандан Шарқий Хитой денгизи ажратиб туради. Ғарбда эса Япон денгизи орқали Корея билан чегарадош. Шимолда эса сув орқали Узоқ Шарқ ҳудуди билан туташади. Япон архипелаги 6852 та оролдан ташкил топган. Хоккайдо, Хонсю, Сикоку ва Кюсю уларнинг энг йириклари.

Ҳудуд иқлими ўзига хос. Шимолга совуқ ҳаво ҳарорати хос бўлса, жанубда субтропик иқлим ҳукмрон. Орол "Тинч окенани оловли вулқон дориси" ҳудудига киради. 1990-йилларда дунёдаги вулқонларнинг ўн фоизи Япония ҳудудида қайд этилган. Ҳар йили 1 500 тага яқин ерсилкиниши қайд этилади. Улар Рихтер шкаласи бўйича ўртача 4-6 балл кучга эга бўлади. Шу туфайли бугун япон олимлари зилзилаларни ўрганиш ва уларнинг вақтини аниқлаш бўйича дунёда тенгсиз.

Япониянинг расмий японча номи "Ниҳон коку" ёки "Ниппон коку". "Ниҳон" сўзи "қуёш ўлкаси" ёки "қуёш манбаси" деган маънони билдиради. Шу сабабли мамлакат номи "Кунчиқар ўлка" деб таржима қилинади. "Ниҳон" VIII асрдан бошлаб ушбу юрт номига айланган, унгача ҳозирги Япония ҳудудини "Ямато" деб атаганлар.

Тарихи. Олимларнинг тахминича, Япония ҳудудига илк одамлар эрамиздан қирқ минг йил олдин келган. Японлар ҳақидаги илк маълумот хитойларнинг "Ханшу" солномасида учрайди. Милодий аср бошларида ижтимоий табақаланиш кучайиб, қулчилик пайдо бўлди. Учинчи асрда эса, ҳудуддаги илк замонавий давлат - Ямата қабилалар иттифоқи юзага келди. VIII асрда пойтахти Хейдзё-кё бўлган кучли давлат ташкил топди. Хитой маданияти таъсирининг кучайиши натижасида илк япон тарихий йилномалари ёзилди. 710 йили биринчи доимий пойтахт - Нара шаҳри қурилди. 784 йили император Камму пойтахтни Нарадан Нагаока-кёга, 794 йили эса Хэйан-кёга (ҳозирги Киото) шаҳрига кўчирди. Шундай қилиб Хэйан даври бошланди. Бу даврда япон маданияти гуллаб-яшнади. Миллий алифбо - "кана"нинг пайдо бўлиши хитойча ёзишдан воз кечиш имконини берди.

VIII асрда мамлакат жанубидаги австронезларнинг сингдирилиши натижасида япон миллати шаклланди. X асрда давлат ер эгалиги тизими барҳам топиб, аслзодалар ва ибодатхоналарнинг ер-мулклари (сёэн) ерга эгаликнинг асосий шаклига айланди. XI асрдан сардорлар бошчилигида ҳарбий зодагонлар гуруҳлари ташкил топа бошлади. XII аср ўрталарида Минамото ва Тайра уларнинг энг йириги эди. Бу хонадонларнинг ўзаро кураши 1185 йили Тайранинг мағлубияти билан тугади. 1192 йили шимоли-шарқликлар ўз сардорлари Ёритомо Минамотони сёгун (саркарда) унвони билан давлатнинг ҳукмдори деб эълон қилдилар. Сёгунлар ҳукмронлиги халқ кўзига қонуний бўлиб кўриниши учун император сулоласи номигагина сақлаб қолинди.

Хитой ва Кореяни забт этган мўғуллар 1274 ва 1281 йилларда Японияга қарши юришлар уюштирди. Лекин бу ҳаракатлар муваффақиятсиз чиқди. Денгизда пайдо бўлган кучли бўрон мўғул қўшинларини ҳалок қилди.

XV-XVI асрларда деҳқонлар мунтазам қўзғолон кўтариб турди. 1485-93 йилларда бўлиб ўтган Ямасиро қўзғолони улардан энг йириги эди. XV-XVI асрларда Хитой ва Корея билан савдо алоқалари ривожланди. 1603 йили Иэясу Токугава (1542-1616) сёгун деб эълон қилинди ва унинг қароргоҳи Эдога (ҳозирги Токиога) кўчирилди. Токугава сёгунлари сулоласи мамлакатни 1867 йилгача бошқарди. Бу даврда Япония марказлашган монархия давлатига айланди. Ҳукумат қатьий қоидалар билан тўрт табақа (самурай, деҳқон, ҳунарманд ва савдогарлар) тизимини ўрнатди. Европалик миссионерлар фаолияти натижасида насронийлик кенг ёйилаётгани ва у халқ ҳаракати мафкурасига айланаётгани сабабли Токугава ҳукумати бунга қарши бир қатор чора-тадбирларни ишга солди. Натижада Япония деярли икки ярим аср мобайнида "ёпиқ" давлатга айланди. Шу йўл билан Япония мустамлака хавфидан сақланиб қолди. XVII аср охири - XVIII аср бошларида мамлакат ҳар томонлама тараққий этди. Бу даврда аҳолининг саводхонлик даражаси жаҳон миқёсида ҳам илғор ўринга чиқди. XVIII аср охири - XIX аср биринчи ярмида кичик саноат корхоналари пайдо бўла бошлади. 1854-58 йилларда АҚШ, Буюк Британия, Франция билан тузилган Ансэй шартномаларига кўра, Япония ўз ҳолича ажралиб яшаш сиёсатидан воз кечишга мажбур бўлди ва эркинлиги чекланган ҳолда жаҳон бозорига қўшилди. 1867-68 йилларда Японияда деҳқонлар, шаҳар камбағаллари, савдо-саноат мулкдорлари, сарой аслзодалари ва мухолифатдаги баъзи йирик зодагонлардан иборат кенг омма сёгунларга қарши чиқди. Натижада сёгун ҳукумати ағдарилди ва ҳокимият император Муцухито (1867-1912 йиллари ҳукмронлик қилган) қўлига ўтди. 1869 йили пойтахт расман Токиога кўчирилди. 1871-72 йилларда бекликлар тугатилиб, ўрнига префектуралар (вилоятлар) ташкил этилди. 1879 йили биринчи сиёсий партия тузилди. 1868-85 йилларда хусусий сармоя ёрдамида қишлоқ хўжалиги хомашёсига ишлов берадиган 1300 та корхона қурилди. 1889 йили императорга мутлақ ваколатлар берувчи конституция қабул қилинди, 1890 йили парламент таъсис этилди.

Япония 1894 йили Кореяда кўтарилган деҳқонлар кўзғолонини бостириш ниқоби остида у ерга қўшин юборди ва Хитой билан бўлган уруш (1894-95) натижасида Тайван ва Пэнхуледао оролларини, рус-япон уруши (1904-05) оқибатида зса Шимолий Сахалинни эгаллади. Япония ва Буюк Британия ўртасида 1902, 1905 ва 1911 йилларда имзоланган шартномалар асосида ўзаро ҳамкорлик ҳарбий-сиёсий итгифоқ даражасига кўтарилди ва икки томон Корея ҳамда Хитойда ўз мавқеларини янада мустаҳкамлади. 1910 йил августда Япония Кореяни ўз мустамлакасига айлантирди. Япон монополиялари Жанубий Манжурияни, кейинроқ Хитойнинг бошқа туманларини ўз таъсир доирасига киритди. Хитой ҳудудида ҳарбий ҳаракатларини давом эттириши натижасида иккинчи япон-хитой уруши (1937-1945) бошланишига сабаб бўлди. 1941 йили Япония Пёрл-Харборга қарши жангга кириб, АҚШ ва Буюк Британияга қарши уруш эълон қилди. 1945 йил августида Америка ҳарбий ҳаво кучлари Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташлаши ва Собиқ Иттифоқнинг Японияга қарши урушга қўшилиши натижасида мамлакат ҳукумати 1945 йил 2 сентябрда "Сўзсиз таслим бўлиш тўғрисидаги шартнома"га имзо чекди. 1947 йили конституция қабул қилинди. 1952 йили кучга кирган "Сан-Франциско тинчлик шартномаси"га кўра, иттифоқчилар қўшинлари Япония ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатди. Япония 1956 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди. Бироз вақт ўтгач, мамлакат иқтисодий ўсишнинг рекорд даражасига эришди ва қирқ йил давомида йиллик ўсиш ўртача ўн фоизни ташкил этди. 1991 йили иқтисодий ўсиш ўрнини инқироз эгаллади ва Япония бу оғир ҳолатдан 2000 йилга келибгина қутулди.

Иқтисоди. 2009 йили Япония ялпи ички маҳсулот кўрсаткичлари бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Ўшанда йиллик ялпи ички маҳсулот ҳажми беш трилён дўлларни ташкил этган эди. 2010 йили бу борада ўз ўрнини Хитойга бўшатиб берди. Мамлакат харид имконияти бўйича АҚШ ва Хитойдан кейин дунёда учинчи ўринда туради. Япония иқтисодиётида банк хизматлари, суғурта, кўчмас мул, транспорт, чакана савдо, алоқа ва қурилиш соҳалари етакчи ўринни эгаллайди. Юксак даражадаги ишлаб чиқариш қувватига эга. Транспорт воситалари, электроника, дастгоҳлар, пўлат, кимёвий воситалар, ип-газлама ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган йирик корхоналарга эга. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, японияликлар ишлаган вақтлари учун дунё бўйича энг кўп ҳақ олади. Қизиқ томони, аксарият одамлар умр бўйи иш жойларини алмаштирмайди. Ишсизлик даражаси жуда паст. "Toyota", "Nintendo", "NTT DoCoMo", "Canon", "Honda", "Takeda Pharmaceutical", "Sony", "Nippon Steel", "Tepco" ва "Mitsubishi" каби дунёга машҳур йирик компаниялар шу мамлакатда фаолият юритади. Япония йирик банклари билан ҳам шуҳрат топган. Токио фонд биржаси бозор капиталига эгалик қилиш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Япония асосан транспорт, электроника ва кимё саноати маҳслотларини экспорт қилади. Мамлакатга четдан турли дастгоҳ ва ускуналар, ёқилғи, озиқ-овқат (асосан мол гўшти), кимёвий воситалар, ип-газлама ва саноат хомашёси келтирилади. Сўнгги йилларда мамлакат ҳукумати бозор рақобатини кучайтириш бўйича бир-қатор ислоҳотларни ўтказди. Натижада хориж сармояси сезиларли миқдорда ошди.

Аҳолиси. Аҳолининг тўқсон саккиз фоизи япон миллатига мансуб. Шунингдек, корейс, хитой, филиппин, бразил миллатига мансублар ҳам, оз миқдорда бўлса-да, бор. Шаҳар аҳолиси - 89 фоиз. Ўртача умр 82 ёшни ташкил этади. Чақалоқлар ўлими даражасининг пастлиги бўйича дунёда етакчилардан. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг туғилиш даражаси тушиб кетган. Шу сабабли кексалар сони кўпайиб боряпти. 2005 йилги маълумотга кўра, аҳолининг 20,1 фоизи олтмиш беш ёшдан ўтганлардан иборат.

Давлат тили - япон тили.

Дини. Японияликларнинг аксарияти синтоизм ва буддизмга эътиқод қилади. Икки фоиз аҳоли насронийликни танлаган.

Ислом асосан ҳиндлар ва татарлар орасида ёйилган. Японияда илк масжид 1905 йили Осака шаҳрида қурилган. Ушбу мамлакатда Ислом динининг ёйилиши ва расмий мақомга эга бўлишида бошқирд миллатига мансуб таниқли уламо Муҳаммад Абдулҳай Қурбонгалиевнинг хизматлари катта. У Токио мусулмонлари жамиятига асос солган ва унга ўзи раҳбарлик қилган. 1927 йили мусулмонлар учун мактаб очган. 1928 йили эса Бутун Япония мусулмонлари қурултойини ўтказган. 1938 йил 12 майда унинг раҳбарилигида Токио шаҳрида масжид ишга тушган.

Уламо ва дин арбоби Абдурашид Иброҳим саъй-ҳаракатлари билан 1939 йили Ислом Японияда расман тан олиниб, унга амалдаги дин мақоми берилди.

1974 йили Япония мусулмонлари федерациясига асос солинди.

Ҳозир мамлакатда қирққа яқин жоме ва юздан ортиқ кичик масжид бор.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.