Ҳиндистон аҳоли сони жиҳатидан дунёда  энг юқори ўриндаги давлатлардан биридир. Шимолдан Афғонистон, Бутан, Хитой ва Непал, шарқдан Бангладеш ва Мянма (Бирма), ғарбдан эса Покистон билан чегарадош. Ҳиндистонни шарқда Бенгал кўрфази, жанубда Полк бўғози ва Ҳинд океани, ғарбда эса Араб денгизи қуршаб туради.

Ҳиндистоннинг географик жойлашуви хилма-хил, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан алоҳида хусусиятга эга. Ганг дарё­си ва ғарбий Гатнинг тропик ўрмонлари кишини ўзига ром этади.

Бу диёрда дунёнинг етти мўъжизасидан бири "Тож Маҳал" обидаси қад кўтарган.  Шунингдек, "Марварид" ва "Жума" масжидлари, Раж Гхат, Жантар Мантар, Лакшми Нараян ибодатхоналари, Кутаб минораси, Ҳинд дарвозалари диққатга сазовордир.

Мамлакат 1947 йили мустақилликка эришган. Бу ерда 18 та расмий тил муомалада бўлиб, инглиз тили – иш юритиш ва расмий ҳужжатлар учун қўлланилади. Пул бирлиги – ҳинд рупияси. Аҳоли сони бир миллиард икки юз миллиондан ортиқ. Ҳиндларнинг тўққиз юз миллион нафари ҳиндулик динига эътиқод қилади. Аҳолининг ўн тўрт фоизини мусулмонлар ташкил қилади.

Ушбу ўлкада 1526 йилдан бошлаб бобурийлар салтанати икки юз йил мобайнида ҳукмронлик қилди. Ҳиндистон тарихида асрларга татигулик улкан бурилиш ясаган давлат арбоби, буюк саркарда, олим, нозиктаъб шоир, бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ҳинд аҳолиси ҳурмат билан тилга олади. Унинг қурдирган бетакрор обидалари, меъморчилик санъати намуналари, яратган боғларини ҳинд хал­қи юксак қадрлайди.

Мустақиллик даврида мамлакат янги ислоҳотларни амалга оширди. Ташқи ва ички савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш ва ободончилик ишлари қилиниб, халқ фаровонлиги янада ривожланди. Ички бюджет даромади бўйича дунёда тўртинчи ўринга чиқиб олди.

Мамлакатнинг олтмиш фоиз аҳолиси қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Гуруч, буғдой, пахта, каноп, чой, шакарқамиш ва картошка асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидандир.

Беш юз миллион нафарга яқин аҳоли ишлаб чиқариш ва турли корхоналарда фаолият юритади.  Автомобил, маиший техника, кимёвий моддалар, цемент ишлаб чиқариш, машинасозлик, нефт қазиб олиш, дори-дармон, металлни қайта ишлаш ва енгил саноат соҳаларида илғор мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Савдо-сотиқ  ҳамкорлари  Америка, Оврупа Иттифоқи ва Хитойдир.

Сўнгги йилларда ҳиндлар орасида турли соҳаларни мукаммал эгаллаган мутахассислар сони ортди. Кўпгина машҳур хорижий компютер ишлаб чиқариш, дастур тайёрлаш ва техника ширкатларида ҳиндлар етакчи лавозимларни эгаллади. Шунингдек, етук, малакали шифокорларга эга йирик замонавий тиббий шифохоналари хорижий мижозларни қабул қилиш бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олди.

 

Азиз ҲАКИМОВ тайёрлади.