Майдони: 801 590 кв. км.
Аҳолиси: 21 284 700 киши (дунёда 55-ўрин)
Пойтахти: Мапуту шаҳри.
Тузуми: парламентар республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Расмий тили:  португал тили.
Маъмурий тузилиши: 11 провинсиядан иборат.
Йирик шаҳарлари: Бейра, Нампула, Инямбане, Тете.
Пул бирлиги: Мозамбик метикали.

Жуғрофий ўрни.Мозамбик РеспубликасиАфрика қитъасининг ғарбида жойлашган, Ҳинд океанига туташ. Унинг 3000 километрли чегара ҳудудини уммон сувлари ювиб туради. Шимолдаги қирғоқлари қоятошли кўрфаз бўлиб, унча баланд эмас. Жанубий қирғоқларида эса текисликлар, ботқоқликлар бор. Мамлакатнинг шимолий қисми Шарқий Африка пасттекисликларидан, ясситоғликларидан иборат.

Иқлими. Мамалакат шимолий ҳудудларида экваторга хос иқлим ҳукм суради. Баъзи жойларда муссон шамоллари эсиб туради. Жанубий ҳудудлари эса тропик иқлимли, қуруқ шамолли.

 

 

Қиш ойларида ҳаво ҳарорати иссиқроқ – 26-30  даража, ёз ойларида эса бироз совиб, 15 – 20  даража бўлади. Мамлакат пасттекисликларида эса қишин-ёзин салқин, ҳарорат 3 – 5 даражадан кўтарилмайди.

Тарихи.Қадимда (милодий X асргача) Мозамбик ҳудудида бушмен, готтентот каби овчи қабилалар, V – IX асрларда банту қабиласи яшаган.

VIII асрда Шарқий Африкага Ҳинд уммони ҳудудларида муҳим тижорий марказларга асос солган араблар кела бошлашди. Улар олтин, фил суяги ва тери сотиб олишарди.

XVаср ўрталарида Ҳамбези ва Сави дарёлари орасида жойлашган Мономотапи давлати тузилди.

1498 йили Мозамбик ҳудудига илк португал саёҳатчи гуруҳлари кела бошлашди. Уларни Ҳиндистонга отланган Вас­ко да Гама бошқарар эди. XVI аср бошларида португаллар Шарқий Африка ҳудудларини ўзлаштира бошлашди. 1505 йили улар Совалда порт, 1508 йили Мозамбик оролида қалъа, 1530 йили Замбези дарёси бўйида кичик қалъалар барпо этишди.

1607 йили Мономотапи қироли ҳамда маҳаллий қабила бошлиқлари орасида низо чиқади. Шунда қирол олтин ва кумуш конлари эвазига қурол-аслаҳа олиш учун португаллар билан келишади.

XVI – XVII асрларда қурилган қалъалардан португаллар Ҳиндистон билан иқтисодий муносабатларда фойдаланишарди. 1752 йилга келиб Мозамбик Португалия мустамлакасига айланди.

XX аср бошларида Португалия ушбу ҳудудлар бошқарувини Буюк Британия ширкатларига беришга мажбур бўлди. Ушбу ширкатлар Мозамбикни Британиянинг бошқа мустамлакалари билан боғлайдиган, арзон ишчи кучи – одам ташиладиган темирйўллар қуришди.

1975 йил 25 июн куниПортугалияда бўлиб ўтган давлат тўнтаришидан кейин Мозамбик мустақиллигини эълон қилди. Мамлакатда яккапартиявий социалистик тузум ўрнатилди. Шундан сўнг бошланган фуқаролар уруши 1992 йилгача чўзилди.

Иқтисоди. Табиий бойликлари – кўмир, титан, тантал, газ ва бошқалар. Пахта, чой, маккажўхори, кокос, цитрус ва тропик мевалар экспорт қилади. Фуқаролар уруши сабаб дун­ёнинг энг камбағал давлатларидан бири бўлиб қолган Мозамбик иқтисоди энди халқаро ёрдамлар туфайли аста-секин оёққа турмоқда. Мамлакат аҳолисининг 70 фоизи камбағалдир.

 

 

Мозамбик аграр мамлакат, аҳолисининг 80 фоизидан ортиғи қишлоқ хўжалигида машғул. Шунга қарамай, яхши тупроқли, лекин ҳамон фойдаланилмайдиган ерлар 88 фоизни ташкил этади. Экспорт қилинадиган маҳсулотлардан ташқари картошка, кунгабоқар кўп етиштирилади. Нидерландия, ЖАР, Хитой, Зимбабве билан яхши иқтисодий алоқалар ўрнатилган.

Аҳолиси. Мозамбик аҳолисининг 99,66 фоизини қора танли махува, сонга, сена қабилалари ташкил қилади. Шунингдек, мулатлар, ҳиндлар, оқтанлилар ҳам бор. 37 фоиз аҳоли шаҳарларда яшайди. Сўзлашув асосан португал тилида.

Дини. Аҳолисининг 23,8 фоизи католиклар, 17,8 фоизи мусулмонлар, 17,5 фоизи сионистлар, 17,8 фоизи бошқа дин вакилларидир. 23,1 фоиз аҳолиси динсиз.

Баъзи манбаларда Мозамбикда мусулмонлар юқорида кўрсатилган ададдан кўпроқ экани айтилади. Уларнинг асосий қисми суннийлардир.

Мозамбик тарихи мусулмон олами билан чамбарчас боғлиқ. Совал порт шаҳрига келиб, савдо алоқаларини ўрнатган араб­лардан маҳаллий аҳоли Ислом динини ўр­ганган. Тарихчилар ёзишича, португаллар келгунига қадар, (1505 йил) ушбу шаҳарнинг барча аҳолиси мусулмон бўлган.

Нампула шаҳрида Ислом университети ташкил этилган, Инамбанеда унинг филиали ишлаб турибди. Мозамбик Ислом Конференсияси ташкилоти аъзоси.

Зиёуддинхон МАҚСУД