Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Яқин Шарқдаги араб давлатидир. Шимолда Сурия, шимоли-шарқда Ироқ, шарқ ва жанубда Саудия Арабистони, ғарбда эса Исроил ва Фаластин билан чегарадош. Мамлакат соҳилларини Ўлик денгиз ҳамда Ақаба кўрфази ювиб туради. Ернинг тўқсон фоизини чўл ва ярим чўлликлар ташкил қилади.

Олти миллион уч юз мингга яқин аҳолининг тўқсон беш фоизи араб миллатига мансуб. Беш фоизини эса черкес, абазин, абхаз, чечен, арман, курд, банғол, ҳиндлар ташкил қилади.

Аҳолининг тўқсон тўрт фоизи мусулмонлар, беш ярим фоизи насронийлик динига эътиқод қилувчилардир.

Расмий тил араб тили. Ишбилармонлар, давлат арбоблари ва зиёлилар орасида инглиз тили кенг қўлланилади. Француз тилида сўзлашадиган табақа вакиллари ҳам бор.

Иордан дарёси мамлакатни Исроил билан ажратиб туради. Ерининг энг баланд нуқтаси Рам тоғининг бир минг етти юз ўттиз тўрт метрдаги чўққисидир. Иқлими йил бўйи деярли бир хил – қуруқ ва иссиқ бўлади. Пойтахт Аммон билан Зарқа йирик шаҳарларидир.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган. Айниқса, кунжут, узум, зайтун, ловия, буғдой, тамаки, жўхори, қовун, банан ва бошқа ситрус мевалар кўп етиштирилади. Чорвачиликка ҳам алоҳида эътибор берилади. Қўй, эчки, қорамол, туя, от ва уй паррандалари катта фермаларда боқилиб, кўпайтирилади. Мамлакатда ерости бойликларидан фосфат, ишқор, оҳактош, мармар, доломит, каолин, туз, ганч, уран, қалай, сланец ва нефт захиралари мавжуд.