Бангладеш Халқ Республикаси Жанубий Осиёда жойлашган. Ушбу мамлакат гир айлана Ҳиндистон, жануби-шарқида эса Бирма билан чегарадош.

Ҳосилдор Ганга ва Брахмапутра дарёлари орасида жойлашган бўлса-да, бўрон ва довуллар кўп келадиган жўғрофик минтақа. Аҳоли сонининг кўплиги ва зичлиги бўйича дунёда саккизинчи ўринда туради. Миср, Индонезия ва Ветнам каби тез ривожланувчи "Ўн битталик" давлатлар гуруҳига ҳам киритилган. Пойтахти Дакка ва бошқа йирик шаҳарлари иқтисодининг ўсишида катта ўрин тутади. Давлат Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Британия ҳамжиҳатлиги, Жанубий Осиё ҳудудий уюшмаси ва Ислом давлатлари саккизлиги каби халқаро миқёсдаги иттифоқларга аъзо. 1971 йил 26 март куни ўз мустақиллигига эришган.

Бангладеш иқлими нам тропик ва субтропик. Шамолли ёмғир пайтида ҳудуднинг етмиш фоизи сув билан қопланади, шоликор ерлар тўйинади. Бу ерда тик, сал, бамбук, орхидея каби ажойиб дарахтлар ўсади. Ҳайвонот дунёсида бенгал йўлбарси, қоплон, фил, мангуст, тимсоҳ ва турли хил илонлар бор.

Аҳолининг олтмиш уч фоизи қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Гуруч, каноп, чой, буғдой, шакарқамиш, картошка, тамаки, ловия, кунгабоқар, доривор, манго ва ҳар хил мевалар етиштирилади. Чорвадорлар йирик қорамол каби уй ҳайвонларини боқишади. Дарёлар ва Бенгал кўрфази балиқ ҳамда денгиз жониворларига бой. Табиий газ қазиб олинади ва қайта ишлаб чиқарилади. Қоғоз, гилам, кийим-кечак ишлаб чиқариш ва тўқимачилик машинасозлиги соҳалари ривожланган.

Мамлакатда Beximco, Square, Akij Group, Ispahani, Navana Group, Transcom Group, Habib Group, KDS Group, Dragon Group, Unocal Corporation ва Chevron сингари йирик миллий ширкатлар фаолият олиб боради.

Ҳозир Бангладешда икки юз миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аҳолисининг олтмиш фоизини йигирма беш ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил қилади. Уларнинг тўқсон фоизи Ислом динига эътиқод қилади, қолгани ҳиндулардир.

Дакка шаҳридаги тарихий мажмуалар ва археологик топилмалар сайёҳларни ўзига жалб қилади. XVII асрга оид "Лал-Боғ" архитектура ёдгорлиги қайтадан вужудга келган Вавилонни эслатади. Ажойиб ва ўзига хос қурилишга эга етти юздан ортиқ масжидлар қад кўтариб турибди. Кўчаларда минглаб одам ва икки ғилдиракли юк ташувчи араваларни учратиш мумкин. Шунингдек, Бангладеш боғлар, ўрмонлар, оролчалар ва турли хил ажойиботларга бой мамлакат.