Майдони: 309500 кв.км.

Аҳолиси: 2409000 нафар.

Пойтахти: Масқат шаҳри.

Тузуми: мутлақ султонлик.

Расмий тил: араб тили.

Пул бирлиги: уммон риёли.

 

Бу давлат араб яримороли жануби-шарқида, Осиёнинг жануби-ғарбида жойлашган. У Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлар ва Яман билан чегарадош. Атрофини Уммон қўлтиғи ва Араб денгизи ювиб туради.

Милодий VII асргача ҳозирги Уммон ҳудудида кўчманчи араб қабилалари макон тутган эди. VIII–XI асрларда эса Аббосийлар сулоласи ҳукмронлик қилди. XVI асрда Португалия босиб олди, бир неча йил Британия зулми остида қолди. Орадан икки юз йил ўтиб, форсларнинг мустамлакасига айланди. 1741 йили Африка қитъасининг шарқидаги Сомалидан тортиб Мозамбиккача бўлган оролларни бирлаштириб давлат қурган Аҳмад Зафарий Уммонни эронликлардан озод қилиб, ўз тасарруфига олди. XIX асрга келиб мамлакат Британия вассали бўлиб қолди. 1971 йили Уммон Султонлиги мустақилликка эришди.

1950 йили Масқатда қора олтин (нефт) конларининг ишга тушиши билан мамлакат тараққиётида янги саҳифа очилди. Қум барханлари узра онда-сонда туялар карвони ўтиб қоладиган қолоқ ўлка қисқа муддат ичида таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Саҳролар чекиниб, кўрфаз соҳилларида бир-биридан гўзал шаҳарлар пайдо бўлди. Ҳурмо ва палмалар соясидаги кўркам бинолар, тасмадек асфалт йўллар, замонавий корхоналар Уммон Султонлигини минтақадаги гуллаб-яшнаган юртлар қаторига қўшди.

Мамлакат иқтисоди асосан нефт ва газ қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш асосига қурилган. Табиий газни суюлтириш, мис ва пўлат эритиш, маъданли ўғит, кимё маҳсулотлари ва тола ишлаб чиқарадиган корхоналари бор. Ҳунармандчилик ривожланган. Мамлакатга ташриф буюрадиган минглаб сайёҳ маҳаллий аҳоли тайёрлаган гилам, мис асбоблар, совға буюмлари, олтин ва кумуш тақинчоқларни яхши кўриб сотиб олишади. Уммон деҳқонлари хурмо, банан, сабзавот, буғдой, беда ва маккажўхори етиштиришади. Туя боқиш ва балиқ овлаш йўлга қўйилган. Уммон Султонлиги четга нефт, темир ва балиқ сотади.

Хориждан эса транспорт ускуналари, оғир саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат ва кундалик истеъмол молларини харид қилади. Кўпроқ Хитой, Жанубий Корея, Япония, Таиланд, БАА, АҚШ ва Ҳиндистон билан савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатган.

Уммон иқлими тропик, иссиқ, ёғингарчилик жуда кам бўлади. Доимий дарёлар йўқ, фақатгина қишда сув оқимлари пайдо бўлиши мумкин. Тоғли ҳудудида юлғун, анжир, чинор ва эман ўрмонзорлари бор. Аксарият ерини чўл-биёбон қоплаган. Ҳайвонот олами оҳу, кемирувчилар, шоқол, тулки ва турли хил қушларга бой.

Мамлакат аҳолисининг саксон фоизини араблар, қолганини африкаликлар ташкил қилади. Порт шаҳарларида ҳиндлар, форсийлар ва банғолийлар ҳам истиқомат қилишади. Уммон Султонлигида Ислом давлат дини бўлиб, аҳолининг тўқсон саккиз фоизи мусулмондир. Булардан ташқари оз миқдорда ҳиндулар ва насронийлар ҳам бор.

Пойтахтда Ислом университети, Ислом тадқиқот маркази ва кўплаб диний муассасалар фаолият кўрсатмоқда. Масқатда жойлашган энг ҳашаматли “Султон Қобус” жоме масжиди уч юз минг тонна ҳинд қумтошидан бунёд қилинган. Хонақоҳ баландлиги эллик метр, бешта минора эса тўқсон метр келади. Жомеда бир вақтнинг ўзида йигирма минг намозхон ибодат қила олади.

Уммон Султонлигида Ислом динига оид адабиётларни нашр этишга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Ҳар йили тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом илмларига, Ислом тарихига бағишланган китоблар чоп этилади. Ижтимоий ҳаёт, таълим ва тарбия соҳаларида Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк аждодларимиз асарларининг ҳам кенг қўлланиши, айниқса, қувончлидир.

Азиз ҲАКИМОВ тайёрлади.