Майдони: 103 125 кв. км.
Аҳолиси: 320 000 дан ортиқ.
Пойтахти: Рейкявик шаҳри.
Тузуми: парламентар республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Маъмурий тузилиши: 8 та вилоятга бўлинади.
Йирик шаҳарлари: Рейкявик, Коупавогюр, Хабнарфордюр, Акюрейри.
Пул бирлиги: исландия кронаси.

Жуғрофий ўрни. “Исландия” сўзи “муз ўлкаси”, “муз ер” деган маъноларни англатади. Мамлакат ҳудуди Атлантика уммони шимолий қисмидаги Исландия ороли ва унинг атрофидаги майда оролчалардан иборат.

 

 

Гарчи “муз ўлкаси” деб номланган бўлса-да, Исландия Арктика иқлими ҳудудларига кирмайди. Чунки иқлимига иккита денгиз оқими ва сузиб юрувчи музлар таъсир қилади. Июл ва август энг иссиқ ойлар, бу пайтда пойтахт Рейкявикда ҳаво ҳарорати ўртача 20 даража иссиқ бўлади.

Тарихи. Тахминан милодий 870 йилдан Исландия ҳудудига одамлар кўчиб келиб, кимсасиз оролни ўзлаштира бошлашган. Уларнинг кўпчилиги норвеглар бўлган. Скандинавиянинг бошқа мамлакатларидан, жумладан, швецияликлар ҳам бор эди. XI аср охирига келиб, бу ердаги хонадонлар тўрт ярим мингга етди. Денгиз сайёҳлиги ривожланиб, X асрнинг 80-йилларида исландлар Гренландияни кашф этишди ва тахминан 1000 йили Шимолий Америкага етиб боришди.

Исландияга кўчиб келганлар 930 йили Халқ мажлиси – алтингни ташкил этишди. Орол ташқи дунёдан ажралгани, турмуш тарзининг ўзига хосликлари боис бу ерда уруғчилик муносабатлари узоқ вақт сакланиб қолди. XIII асргача сиёсий ҳокимият халқдан ажралмаган, оддий эркин кишилар – бондлар асосий ижтимоий қатлам эди. Шу давр адабиётда «халқ ҳокимияти даври» деб юритилади.

Исландия аслзодалари ўртасидаги ички низолардан фойдаланган Норвегия давлати 1262–64 йиллари уни ўзига бўйсундириб олди, 1380 йили эса Дания билан иттифоқ тузди. 1397 йили Калмар иттифоқига кириб, 1537 йилдан яна Дания қарамоғига ўтди.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан мустақиллик учун кураш кучайди. 1874–1903 йиллари Исландия баъзи мухтор ҳуқукларга эга бўлди. Биринчи жаҳон уруши даврида Дания қарамлиги заифлашди. Исландия АҚШ ва Буюк Британия билан иқтисодий-сиёсий муносабатларни кучайтирди. Озодлик кураши авж олгач, 1918 йили Дания Исландияни иттифоқдаги чекланган мустақил давлат деб тан олди. Шундан сўнг Исландиянинг доимий бетарафлиги эълон қилинди. 1944 йил майдаги референдум натижасида Исландия халқи Дания билан иттифоқни рад этди ва шу йил 17 июнда Исландия Республика деб эълон қилинди.

1946 йили мамлакат Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди.

1997 йил 25 сентябрда Ўзбекистон билан дипломатия алоқалари ўрнатилди.

Иқтисоди. Мамлакат иқтисодиёти асосий киримни балиқ овлаш ва уни қайта ишлашдан топади. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг ўн икки фоизи шу тармоқда банд бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг йигирма фоизи ва хорижий валюта тушумининг салкам саксон фоизини шу соҳа таъминлайди. Саноат корхоналарининг ўттиз фоизи балиқчиликка ихтисослашган. Йилига бир ярим миллион тоннага яқин балиқ овланади. Бироқ сўнгги йиллар саноатида тармоқлашиш кучайиб, қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш корхоналари кўпаймоқда.

Мамлакатнинг фойдали қазилма ва хом ашё захиралари йўқ. Кейинги йилларда бой табиий ресурсларга эга бўлган Арктикага катта эътибор берилмоқда. Исландия минтақада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан барқарор ривожлантиришга кўмаклашувчи Арктика кенгашига аъзо бўлди.

 

 

Аҳолиси. Аҳолининг миллий таркиби деярли бир хил – тўқсон беш фоизи исландлардир. Улар қадимги скандинав тиллари издоши бўлган исланд тилида сўзлашади. Шунингдек, бу ерда дан, норвег, олмон ва бошқа халқлар вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги бир квадрат километрга уч киши. Тўқсон бир фоиз аҳоли шаҳарларда, олтмиш фоизга яқини мамлакатнинг жануби-ғарбида, пойтахт Рейкявик ва унинг атрофларида яшайди.

Дини. Диндор аҳолининг 92,2 фоизи протестантликнинг лютеран йўналишига мансуб. Мусулмонлар кам. 2008 йилги ҳисоб-китобларга кўра, тўрт юздан ортиқ исландиялик Ислом динига эътиқод қилади. Уларнинг ўттиз нафари янги мусулмонлар. Кўпчилиги мусулмон оилалари вакиллари ва четдан келганлардир. Бироқ кейинги йилларда мусулмонлар сони ортиб боряпти.

1997 йили Исландия мусулмонлари уюшмасига асос солинди. 2002 йили ана шу ташкилот қошида масжид очилди. Рейкявикдаги ушбу масжидда ҳар куни ўртача ўттиз киши ибодатларни адо этади.