Майдони: 587 040 кв.км.
Аҳолиси: 20 042 552 киши.
Пойтахти: Антананариву шаҳри.
Тузуми: парламентар республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Расмий тиллари – малагаси ва француз.
Маъмурий тузилиши: 6 та мухтор вилоят, 22 та туман.
Шаҳарлари: Анциранана, Фианаранцуа, Туамасина, Тулиара.
Пул бирлиги: ариари

Жуғрофий ўрни. Мадагаскар оролиЖанубий Африканинг шарқий қирғоғига яқин жойлашган бўлиб, Ҳинд уммони ювиб туради. Оролнинг океандан энг баланд нуқтаси 2876 метр  бу шимолдаги Царатанана тоғ тизмасининг Марумукутру чўққисидадир. Орол бўйига 1600, энига 600 километрдан кўпроқ, марказий қисмини Анжафи тоғ тизмаси эгаллаган. Республика пойтахти Антананариву шаҳри марказий Анжафи тоғ тизмасининг шимолий қисмида, денгиз сатҳидан 1276 метр баландликда жойлашган.

 

 

Иқлими. Орол иқлимини жанубий-шарқий тропиклардан экваторга томон доим эсиб турадиган қуруқ шамол ва Жанубий Ҳинд антициклони яратади.Оролда учта: шарқий қирғоқлардаги тропик муссон иқлимли, марказий мўътадил денгиз иқлимли ва жанубдаги қуруқ иқлимли минтақа бор. Ғарбий қирғоқ иқлими шарқий қирғоққа нисбатан анча қуруқ. Чунки шарқ тарафдан эсиб турувчи пассат шамоллари шарқий ва марказий ҳудудларда намлигини йўқотади.

Тарихи. Мадагаскар ороли бўйича тарихий ёзувлар араб сайёҳлари ва тижоратчиларининг бу ерга ташрифи билан боғлиқ. Машҳур венетсиялик сайёҳ Марко Поло оролга ном берган. Унинг қайдномаларида “туганмас хазиналар ороли” Madeigascar ҳақида сўз боради. Мусулмон маданиятининг оролга таъсири катта бўлишига қарамай, бу ерда Ислом дини кенг тарқалмаган.

Милодий ўн тўртинчи асрда орол марказида Имерина давлати ташкил топди. Ўн олтинчи асрда орол ғарбида сакалава, шарқида бецимисарака ва марказида бецилеулар давлатлари бўлган. Ўн тўққизинчи асрда улар Малагаси қироллигига бирлашишди.

1890 йили Буюк Британия Мадагаскар фаранг протекторати эканини тан олди. 1897 йилга келиб фаранглар қиролича Ранавалуна учинчини ҳокимиятдан четлаштириб, Мадагаскарни мустамлакага айлантиришди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Франция мағлубиятга учрагач, бошқалар бостириб киришининг олдини олиш мақсадида оролга Британия аскарлари киритилди. 1943 йили орол яна Франция ихтиёрига қайтариб берилди.

1947 йилда бошланган мустақил давлат тузиш мақсадидаги ҳаракатлар бостирилди. Лекин 1958 йилга келиб, Франция ҳукумати оролни бошқаришдан воз кечди. Шу йили фаранг протекторатига кирувчи Малагасия Мухтор Республикаси тузилди.

1960 йил 26 июн куни мустақил Малагасия Республикаси тузилгани эълон қилинди. Мамлакатни Филибер Циранан бошлиқ социал-демократлар партияси бошқарар эди.

1974 йил 31 декабр куни бир гуруҳ ҳарбийлар генерал Рамананцуани ҳокимиятдан кетказишга уриниб кўришди. Натижада ҳукумат ҳарбийлар қўлига ўтди.

1975 йили Мадагаскар Демократик Республикаси тузилди. Собиқ совет иттифоқи билан алоқалар ўрнатилгач, фаранг аскарлари мамлакатдан чиқиб кетишди.

Мадагаскар Республикаси 1960 йилдан БМТ аъзоси.

Иқтисоди. Халқаро валюта жамғармаси маълумотга кўра, Мадагаскар иқтисоди ривожланаётган давлатлар қаторига киради. Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, зираворлар етиштириш иқтисодининг етакчи соҳаларидир. Асосан кофе, ванилин (ванилин етиштириш бўйича жаҳонда етакчи), какао, шакарқамиш, гуруч, банан ва ерёнғоқ экспорт қилади. Айни вақтда туризм, тўқимачилик ва енгил саноат, қишлоқ хўжалиги махсулотларини четга сотиш соҳалари ҳам ривожланмоқда. Қулай экологик ҳудудда жойлашгани боис, йил сайин саёҳатчилар ташрифи ортиб бормоқда. АҚШ ва Оврупа мамлакатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатган.

 

 

Мадагаскарда кўмир, илменит ва никел қазиб олинади ва экспорт қилинади. Республика жанубида иккита нефт кони ҳам топилган.

Аҳолиси. Мадагаскар аҳолисининг 99 фоизини маҳаллий гуруҳлар – антадруи, антайсака, антайфаси, бара, бецилеу, везу, зафиманира, махафали, мерина, сакалава, таналалардан иборат  малагасийлар ташкил этишади.Оролда қисманфаранглар, қамарликлар, араблар, ҳиндлар ва покистонликлар ҳам яшайди. Аҳолининг 22 фоизи шаҳарликлардир.

 

 

Дини. Аҳолисининг 45 фоизи маҳаллий анъанавий динларга эътиқод қилади. Бу динга эътиқод қилувчиларнинг асосий қисми Меринада истиқомат қилади. Улар эътиборни ўлганлар ва тириклар орасида алоқаларга қаратади. Аҳолининг 50 фоизи католик ва протестантлар, 7 фоиз аҳоли сунний мусулмонлардир. Уларнинг тарихи оролга X  асрда ташриф буюришган араб савдогарлари билан боғлиқ. Мусулмон аҳоли оролнинг ғарбий соҳилларида истиқомат қилади.

Айтиб ўтиш кераки, Ислом дини кириб келиши орқали малагасий тили араб алифбосида ёзилар эди. Кейинчалик унинг ўрнини лотин ёзуви эгаллади. Маълумотларга кўра, мамлакатда Ислом динини қабул қилувчилар ортиб бормоқда.

 

Зиёуддинхон МАҚСУД