Майдони: 70 273 кв.км.
Аҳолиси: 4 470 000 киши.
Пойтахти: Дублин шаҳри.
Тузуми: парламентар республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Маъмурий тузилиши: 4 та вилоят, 26 та графликдан иборат.
Йирик шаҳарлари: Корк, Лимерик.
Пул бирлиги: евро.

Жуғрофий  ўрни. Атлантика уммони жанубида, Ғарбий Оврупа минтақасида жойлашган. Ирландия оролининг асосий қисмини эгаллайди. Мамлакат номи ирландча “йire” – давлат сўзидан олинган. Ҳудудининг ярмидан кўпини тепаликлар ва паст тоғли Марказий текислик эгаллаган. Тепаликлар, асосан, қумтошдан, паст тоғлар эса оҳактошдан иборат. Оҳактошли ерларда турли унгур ва ғорлар, ер ости дарё ва кўллари учрайди. Чекка қисмларида паст ва ўртача баландликдаги тоғлар бор. Жануби-ғарбдаги Керри тоғининг энг баланд чўққиси 1041 метр.

Иқлими – мўътадил, об-ҳавоси беқарор, серёмғир, туман кўп тушади, тез-тез шамол эсади. Январдаги ўртача ҳарорат 5–8 даража, июлда эса 14–16 даража илиқ. Ирландияда дарё, кўл ва ботқоқлик кўп. Дарёлари тезоқар, музламайди. Энг йириги Шаннон дарёси.

Ерларининг кўп қисми торфли ялангликлар, ҳамиша кўм-кўк ўтлоқлар.

 

 

Тарихи. Одамлар Ирландия ҳудудида милоддан олдинги VI мингйилликдан буён яшайди. Милоддан олдинги IV асрда келт қабилалари кўчиб келиб, маҳаллий аҳоли билан қўшилиб кетган. Ирландияга нормандлар, инглиз-норманд қўшинлари бир неча бор ҳужум қилади. XIV–XVII асрларда ирланд халқи мустамлакачиларга қарши кескин кураш олиб борган. Аммо миллий ирланд давлати пайдо бўлишига инглизлар қаршилик кўрсатади. XVIII аср охирида ирланд ватанпарварларининг босқинчиларга қарши қўзғолони бостирилиб, 1801 йил 1 январда «Уния ҳақида акт» эълон қилинади. Шундан кейин Англия парламентидан Ирландия вакилларига бир неча ўрин берилади, Ирландия парламенти тарқатилади.

1919–21 йиллардаги партизанлар уруши натижасида 1921 йил декабрда тузилган Англия – Ирландия битимига кўра Ирландиянинг жанубий қисми мустақил деб эълон қилинади ва Англия назоратидаги давлат ҳуқуқини олади. 1937 йилги янги конституцияда Ирландия «Эйре мустақил давлати» деб эълон қилинди. Гарчи 1949 йили Ирландия мустақил республика деб эълон қилинган бўлса ҳам, мамлакатнинг шимолий қисмида мустамлакачилар ҳукмронлиги сақланиб қолади.

1985 йилги битимда Шимолий Ирландияга тааллуқли ички муаммоларни муҳокама қилиш учун хукуматлараро маслаҳат кенгаши тузишни кўзда тутишган эди. 1993 йилги Декларация ихтилофларни фақат тинч йўллар билан бартараф этиш учун асос бўлди.

Ирландия 1955 йилдан БМТ аъзоси.

Иқтисоди. Ирландия иқтисоди барқарор ўсаётган мамлакатлардан биридир. Ўтган асрнинг ярмигача мамлакат иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик устун бўлган. Кейинчалик хорижий сармоя ёрдамида машинасозлик, электроника, кимё саноати каби оғир саноат тармоқлари ҳамда ички имкониятлар ҳисобига озиқ-овқат, ўрмон хўжалиги, тўқимачилик, енгил саноат каби анъанавий тармоқлар яхши ривожланди. Ҳозир Ирландия иқтисодий тараққиёт туфайли Оврупада олдинги ўринлардан бирида. 1995–2000 йиллари мамлакатда иқтисодий ўсиш ўртача ўн фоизни ташкил этди. Экспорт ҳажми ошди. Бироқ бутунжаҳон молия-иқтисодий инқирози сабаб сўнгги йиллари ўсиш уч фоиздан юқориламаяпти.

Саноат ялпи ички маҳсулотнинг қирқ олти фоизини ишлаб чиқаради, экспортнинг 80 фоизига эгалик қилади. Иш кучининг йигирма тўққиз фоизи саноат тармоқларида меҳнат қилади. Мамлакатда иқтисодий ўсишнинг асосий омили четга тайёр маҳсулот чиқаришдир.

Ирландия энергияга бўлган эҳтиёжининг қирқ фоизини ички имкониятлари ҳисобидан қоплайди. Йилига ўртача ўн беш миллиард кв. соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Чет эл сармоялари кўп жалб этилган. Бу соҳада Буюк Британия, АҚШ, Олмония, Франция, Япониянинг мавқеи кучли.

 

 

Аҳолиси. Аҳолисининг тўқсон саккиз фоизи ирландлар, қолганлари инглиз, шотланд ва бошқалар. Расмий тиллари – ирланд ва инглиз тили, асосий сўзлашув тили – инглиз тили. Аҳолининг эллик саккиз фоизга яқини шаҳарларда яшайди.

Дини. Сон жиҳатидан католик ва протестант насронийлари етакчи ўринни эгаллашади. Мусулмонлар ўттиз икки ярим мингдан ортиқ. Бошқа ҳар хил эътиқодларга эргашувчилар ҳам бор.

Ирландияда илк масжид 1976 йили иш бошлаган. Мамлакат мусулмонлари 1974 йили бир уйни сотиб олиб, қайта таъмирлашди. Икки йил ўтиб, бу ерда масжид очилади, Ирландия Ислом маркази иш бошлайди. Мусулмонлар сони ортгач, Дублиндаги ушбу жоме масжид кичкиналик қилиб қолди. Шу боис 1983 йили яна бир бино сотиб олиниб, масжидга айлантирилди.

Ирландияда мусулмонлар сони кўпаймоқда. Мамлакат мусулмонларининг ярмидан кўпроғи асли Осиёдан, Африкадан келганлардир. Маҳаллий ирланд мусулмонлари ҳам озчилик эмас.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.