Майдони: 118 500 кв.км.
Аҳолиси: 14 миллион киши.
Пойтахти: Лилонгве шаҳри.
Тузуми: республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Маъмурий тузилиши: 3 та вилоятга бўлинади.
Йирик шаҳарлари: Блантайр, Зомба, Мангочи, Балака, Чикуава.
Пул бирлиги: малави квачаси.

Жуғрофий ўрни. Малави жануби-шарқий Африкада жойлашган. Жанубда ва жануби-шарқда Мозамбик, ғарбда Замбия, шимолда Танзания билан чегарадош. Танзания ва Мозамбик билан шарқий чегараси Нияса кўли орқали ўтади.

Тарихи. Малавида қадимдан банту қабилалари яшайди. XV аср охирларида Нияса кўли атрофида Малави қабила уюшмалари пайдо бўлган. XIX асрнинг иккинчи чорагида Малави худудига нгони, ваяо қабилалари келиб жойлашган. 1860 йиллардан оврупаликлар кела бошлади. 1891 йили Малави Англияга қарашли “Ниясаленд протекторати” деб эълон қилинди. Мамлакат Англиянинг бошқа мустамлакаларига ишчи етказиб берадиган ҳудудга айлантирилди. 1915 йили мустамлакачиларга қарши қўзғолон кўтарилди. Гарчи у бостирилган бўлса-да, миллий озодлик ҳаракати давом этди. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йиллари ва урушдан кейин бу ҳаракат кучайди.

1944 йили Малавида дастлабки сиёсий ташкилот – Ниясаленд Африка конгресси тузилди. У туб аҳолининг ижтимоий ҳуқуқларини кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.  1959 йили бу ташкилот ўрнига Малави конгресси партияси тузилди. 1961 йили мустамлакачилар ён беришга мажбур бўлди. Малавида конституция жорий қилиниб, барча ниясалендликларга сайлов ҳуқуқи берилди. 1961 йилги сайловда қонун чиқарувчи кенгашдаги кўпчилик ўринни Малави конгресси партияси олди.

1964 йил 6 июлдан Ниясаленд мустақилликни қўлга киритиб, “Малави” деб атала бошланди. 1966 йили Малави Республикаси эълон қилинди.  1971 йилдан 1994 йилгача мамлакатдаги бирдан-бир сиёсий партия – Малави конгресси партиясининг раиси Хастингс Камузу Банда президент лавозимини эгаллаб турди. 1994 йил 17 майда мамлакат тарихида биринчи марта кўп партиялилик асосда президент ва парламент сайлови ўтказилди. Бирлашган демократик фронт партиясининг раиси Бакили Мулузи президент лавозимига сайланди.

Малави 1964 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси.

 

 

Иқтисоди. Иқтисодиётнинг негизи қишлоқ хўжалиги бўлиб, маҳсулотларининг саксон беш фоизини майда деҳқон хўжаликлари етиштиради. Чой, тамаки, ерёнғоқ, шакарқамиш, пахта, каучук, ички эҳтиёж учун маккажўхори, оқ жўхори, тариқ, шоли, картошка экилади. Чорвачилиги суст ривожланган. Қорамол, қўй, эчки ва бошқа ҳайвонлар боқилади. Кўл ва дарёларда балиқ овланади.

Саноатда асосан қишлоқ хўжалиги хомашёлари қайта ишланади. Цемент, қанд заводлари, тамаки, тўқимачилик, пахта тозалаш, тикув фабрикалари, ҳунармандлик устахоналари бор. Ўрмон хўжалигида қурилишбоп ёғоч тайёрланади. Улови унчалик ривожланмаган. Темир йўлининг узунлиги 789 км., автомобил йўллари узунлиги 11,4 минг км., шундан 2,8 минг км. асфалтланган. Лилонгве ва Чилена шаҳарларида халқаро аэропортлар бор. Четга тамаки, чой, шакар, қимматбаҳо ёғоч, ерёнғоқ, жун, тери, пахта сотади. Четдан озиқ-овқат, қора ва рангли металл, нефт маҳсулотлари, газлама сотиб олади. Ташқи савдода асосан Буюк Британия, Жанубий Африка Республикаси, Япония, Германия, Зимбабве, АҚШ билан шериклик қилади.

 

 

Аҳолиси. Аҳолисининг асосий қисми банту халқларининг шарқий гуруҳига мансуб. Малави, макуа, ломве, ваяо, суахили ва бошқа элатлар яшайди. Давлат тили – чичева (малави) ва инглиз тили. Аҳолининг тўққиз фоизини шаҳарликлар ташкил этади.

 

 

Дини. Аҳолисининг эллик беш фоизи насронийликнинг протестант мазҳабига мансуб, йигирма фоизи католиклар. Мусулмонлар йигирма фоизни ташкил этади. Улар асосан мамлакат жанубида истиқомат қилади. Маҳаллий анъанавий динларга эътиқод қилувчилар ҳам анчагина.

Ислом дини Малавига бундан тўрт юз йил олдин мусулмон савдогарлари билан кириб келган. Бироқ замонавий уйғониш даври ўтган асрнинг етмишинчи йилларида бошланди. Кения ва Суданда ўқиган талабалар Ислом бўйича кенг қамровли билим олиб қайтди. Айни шу вақтларда Африка мусулмонлари ташкилотига асос солинди. Ушбу ташкилот кўмагида бир қанча исломий ўқув юртлари очилди. 1989 йилга бориб мамлакатдаги масжидлар сони олти юзтага етди.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.