Майдони: 3 287 590 кв.км.

Аҳолиси: 1,2 миллиарддан ортиқ.

Пойтахти: Нию Деҳли.

Тузуми: парламентар республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 28 та штат, 6 та бирлашган ҳудуд ва Деҳли миллий пойтахт округига бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Мумбай, Деҳли, Калкутта, Бангалор, Ҳайдаробод, Ченнай, Аҳмадобод.

Пул бирлиги: ҳинд рупияси.

 

Жуғрофий ўрни. Ҳиндистон Жанубий Осиёда жойлашган. Майдони катталиги жиҳатидан дунёда еттинчи ўринда туради. Ғарбда Покистон, шимоли-шарқда Хитой, Непал, Бутан, шарқда Бангладеш ва Мянма мамлакатлари билан чегарадош. Бундан ташқари, денгиз орқали жануби-ғарбда Малдив ороллари, жанубда Шри Ланка ва шимоли-шарқда Индонезия билан қўшни.

Иқлими. Ҳиндистон иқлимига муссонни (қишда денгиз томонга, ёзда денгиздан қуруқлик томонга эсадиган шамол) келтириб чиқарувчи Ҳимолай тоғи ва Тар чўли кучли таъсир ўтказади. Ҳимолай Марказий Осиёнинг совуқ шамолларига тўсиқ бўлиб туради. Шу туфайли Ҳиндистоннинг катта қисмида иқлим Ернинг бошқа ҳудудларидаги кенгликларга нисбатан иссиқ бўлади. Иқлими асосан тўрт хил: тропик, қуруқ тропик, муссонли субтропик ва баланд тоғ иқлими.

Тарихи. Мамлакатнинг расмий номи санскритча синдху (Ҳинд дарёсининг тарихий номи) сўзига ўхшаш эски форсча “ҳинду” сўзидан келиб чиққан.

Олимлар тахминича, Ҳиндистонда 200 минг–500 минг йиллар олдин ҳам одамлар яшаган. Милоддан олдинги 520 йил атрофларида, форс подшоҳи Доро I ҳукмронлиги вақтида Аҳамонийлар империяси Ҳиндистон яриморолининг шимоли-ғарбий қисмини (ҳозирги шарқий Афғонистон ва Покистон) эгаллади. Милоддан олдинги 334 йили Искандар Мақдунли Кичик Осиё ва Аҳамонийлар империясини босиб олди. Сўнгра Гидаспда бўлиб ўтган жангда подшо Пор устидан ғалаба қозониб, Панжобнинг катта қисмини забт этди.

1526 йили темурийлар сулоласидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳайбар довони орқали ўтиб, Бобурийлар давлатига асос солди. XVIII аср бошларидан бу давлат заифлаша бошлади ва 1857 йилги Сипоҳийлар қўзғолонидан (Ҳиндистон халқ қўзғолони номи билан ҳам машҳур) кейин тугатилди. XVII аср бошларида Ҳиндистонга Англия ва Голландиянинг Ост-Индия компанияси кириб келди. 1857 йили бу компания тугатилганидан сўнг, мамлакатни Буюк Британия бошқарди. 1946 йили Жавоҳарлал Неру етакчилигида муваққат ҳукумат ташкил қилинди. Миллий озодлик ҳаракатининг кучайиши сабабли инглиз мустамлакачилари Ҳиндистондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. 1947 йилнинг 15 августида мамлакат ҳудудида икки мустақил давлат – Ҳиндистон ва Покистон доминионлари пайдо бўлди. 1950 йил 26 январ куни Ҳиндистон суверен республика деб эълон қилинди.

Британия Ҳиндистон ҳудуди мустақилликка эришганидан сўнг, Ҳиндистон Покистон доминиони ва Ҳиндлар иттифоқига бўлинди. Панжоб ва Бенгалиянинг ажралиши оқибатида ҳиндлар, сикхийлар ва мусулмонлар ўртасида қонли жанг бошланди. Натижада беш юз мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлди. Мамлакат бўлиниши замонавий дунё тарихидаги энг катта аҳоли кўчишларидан бирига олиб келди. Ўн икки милёнга яқин ҳиндлар, сикхийлар ва мусулмонлар Ҳиндистон ва Покистон майдони бўйлаб сочилиб кетди. Ҳиндистон 1945 йили БМТга аъзо бўлди. 1991 йил 26 декабрда юртимиз суверенитетини тан олди ва 1992 йил 18 мартда дипломатия муносабатлари ўрнатди.

Миллий байрамлари: 26 январ – Республика куни (1950) ва 15 август – Мустақиллик куни (1947).

Иқтисоди. Охирги йигирма йил ичида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири Ҳиндистондир. Ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиши 5,5 фоизни ташкил этади. 516,3 милён одам билан ишчи кучи бўйича дунёда иккинчи ўринда. Улардан 60 фоизи қишлоқ хўжалигида, 28 фоизи хизмат кўрсатиш соҳасида, 12 фоизи саноатда ишлайди. Гуруч, буғдой, пахта, каноп, шакарқамиш ва картошка муҳим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги соҳаси ялпи ички маҳсулотнинг 28 фоизини, хизматлар соҳаси ва саноат 54,18 фоизни ташкил қилади. Асосий саноат тармоғи автомобилсозлик, цемент ишлаб чиқариш, электроника, озиқ-овқат маҳсулотлари, машинасозлик, фойдали қазилмалар қазиб олиш, нефт, дори-дармон, металл ишлаш ва тўқимачиликдан иборат.

Сўнгги йигирма йил мобайнида Ҳиндистон иқтисоди барқарор ўсишга эришди.

2007 йили экспорт миқдори 140 милярд, импорт эса яқин 224,9 милярд долларга етди.

Ҳиндистон темир йўлларида йилига олти милярдгача йўловчи ва 350 милён тонна юк ташилади. Мамлакатнинг бош темир йўл оператори 99 фоиз ташишни назорат қилувчи “Indian Railways” саналади.

1950 йили Ҳиндистонда 64 та фуқаро аэропорти бўлган. Ҳозир аэропортлар сони 454 тага етди.

Тили. Ҳиндистон ҳинд тили гуруҳи ва дравид тиллари оиласининг ватани ҳисобланади. Энг кўп тарқалган тил – ҳинд тили ва у Ҳиндистон ҳукуматининг расмий тили саналади. Бизнес ва маъмурий ишларда кенг қўлланадиган инглиз тили “ёрдамчи расмий тил” мақомига эга. Бу тил ўрта ва олий таълимда муҳим ўрин тутади. Ҳиндистон конституциясида аҳолининг кўп қисми гаплашадиган ва мукаммал хуқуқий мақомга эга бўлган 21 та расмий тил белгиланган. Мамлакат аҳолиси умумий ҳисобда 1652 та шевада сўзлашади.

Аҳолиси. Ҳиндистон аҳоли зичлиги бўйича дунёда Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Охирги ўн йилликда шаҳарга кўчиб келиш кўпайиб, шаҳарликлар сони кескин ўсганига қарамай, аҳолининг деярли 70 фоизи қишлоқларда яшайди. Маданий, наслий ва тил хилма-хиллигига кўра, дунёда Африка қитъасидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Аҳолининг 51,5 фоизи эркаклардан, 48,5 фоизи аёллардан иборат.

Дини. 80 фоиздан ортиқроқ (900 млн) халқ ҳиндуийлик тарафдори. Мусулмонлар 14 фоиз, насронийлар 2,4 фоиз, сикхийлар 2 фоиз ва буддистлар 0,7 фоизни ташкил этади. Мусулмонлар сони 165 миллион. 2001 йили 138 миллиондан ортиқ мусулмон рўйхатга олинган эди. Бу кўрсаткич 36 фоизга ўсди. Исломни қабул қилаётганлар сони тобора ортиб боряпти.

Шимоли-ғарбий Ҳиндистон фатҳ этилгач, бу ерда Ислом дини ёйила бошлаган. IX–XI асрларда Ҳинд водийи (ҳозирги Покистон) аҳолиси Исломни тўлиқ қабул қилган. Ҳиндистон ва Ганг водийининг қирғоқбўйи аҳолиси Ислом билан араб савдогарлари орқали танишган бўлса ҳам, ҳали уни қабул қилмаган эди. Маҳмуд Ғазнавий Панжобни эгаллаб, бутхоналарни тозаламагунича,

Ислом динининг таъсири кучли бўлмаган. Ислом динининг ёйилиши – Бобурийлар ҳукмронлиги даврида (1526–1858) янги босқичга кўтарилди. Ислом дини Ҳиндистон ҳаёти ва маданиятига катта таъсир кўрсатган. Ҳинд меъморчилиги, мусиқаси, адабиёти, ижтимоий тузуми – барчаси Ислом таъсири остида замонавий шаклга эга бўлган. Буюк Британия Ҳиндистонни босиб олганидан сўнг, Исломнинг оммалашувига чек қўйилди. Унинг таъсири заифлашди. Шунга қарамай, мусулмонлар жамияти сақланиб қолди. 1991 ва 2001 йиллар оралиғида ҳиндуийлар сони 20,3 фоизга, мусулмонлар сони эса 29,6 фоизга кўпайди.

Ҳиндистонда энг катта масжид Деҳли жоме масжидидир.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.