Майдони: 143 998 кв. км.
Аҳолиси: 133,5 миллион киши.
Пойтахти: Дакка шаҳри.
Тузуми: Буюк Британия бошчилигидаги Миллатлар ҳамдўстлигига кирувчи парламент республикаси.
Давлат бошлиғи: президент.
Маъмурий тузилиши: 19 округни бирлаштирган 4 вилоятдан иборат.
Йирик шаҳарлари: Читтагонг, Кхулна, Ражахи.
Пул бирлиги: така.

Жуғрофий ўрни. Осиёнинг жанубий қисмида жойлашган бу мамлакат аҳолиси ва ҳудуди жиҳатидан қитъанинг йирик давлатларидан саналади. У Миянма ва Ҳиндистон давлатлари билан чегарадош, жанубда эса Бенгал бўғози сувларига туташган.

Тарихи. Бенгал қабилалари Қуйи Ганг водийида милоддан аввалги мингинчи йиллар атрофида пайдо бўлган. Кейинчалик Ванга (Бенгалия) давлати ташкил топди. Саккизинчи-ўн иккинчи асрларда ягона Бенгал давлати мавжуд эди. Ўн олтинчи асрга келиб Бангладеш Бобурийлар сулоласи қўл остида бўлди ва айни шу даврларда мамлакатда Ислом дини кенг тарқалди. Бобурийлар даврида мамлакатда илм-фан, маданият ривожланди. Ҳаммани лол қолдирувчи муҳташам меъморий обидалар барпо қилинди, аҳоли турмуши фаровонлашди. Аммо ўн саккизинчи асрга келиб Англия мустамлакачилари бу мамлакатга кўз олайтира бошлади ва 1757 йилги Плесси яқинидаги жанглардан кейин бангладешликлар инглиз босқинчилари тасарруфига ўтишга мажбур бўлишди. 1947 йили Ҳиндистоннинг мустақил бўлиши ва унинг икки давлатга бўлиниб кетиши натижасида Шимолий Бенгалия ҳудуди Покистонга ўтиб кетди. «Бенгаллар замини» (Бангладеш) 1971 йили мустақил Бангладеш Халқ Республикаси деб эълон қилинди. Бир неча бор ҳарбий тўнтаришлар бўлиб, ҳокимият ҳарбийлар қўлига, 1996 йили эса мамлакатни бошқариш бетараф ҳукумат ихтиёрига ўтди.

 

 

Иқтисоди. БМТ таснифига кўра, ҳозир Бангладеш дунёдаги энг кам ривожланган мамлакатлар қаторига киради. Унинг иқтисоди асосини қишлоқ хўжалиги ташкил қилади. Чой, каноп, шакарқамиш, мойли ўсимликлар етиштирилади. Деҳқончиликда шоли, буғдой, дуккакли экинлар экилади. Газлама, қоғоз, шакар, ўғит ишлаб чиқарадиган корхоналар мавжуд. Каноп маҳсулотлари саноатда етакчи ўрин эгаллайди. Металлга ишлов бериш, семон ишлаб чиқариш ва нефтни қайта ишлаш корхоналари ҳам бор. Саноатида чет эл сармоясининг улуши катта. Чет элга хом каноп, тери ва тери буюмлари, кийим, чой, қисқичбақа ва бошқа денгиз маҳсулотлари сотади. Чет эллардан эса хом нефт ва унинг маҳсулотлари, оғир саноат моллари, транспорт ускуналари, дори-дармон, пахта толаси, буғдой сотиб олади. Буюк Британия, АҚШ, Япония, Сингапур унинг савдодаги асосий шерикларидир.

Аҳолиси. Бангладеш аҳолисининг тўқсон саккиз фоизи бенгаллардан иборат. Булардан ташқари, ассам-бирма халқлари таркибига кирувчи оз сонли майда миллатлар ҳам яшайди. Аҳоли зичлиги бўйича дунёдаги энг пешқадам ўлкалардан. Бу ерда ҳар кв. км. ерда ўртача 953 киши яшайди.

 

 

Маданияти. Бобурийлар сулоласи ҳукмронлиги давридаги маданият ва меъморий ёдгорликлар сақланиб қолган. Читтагонгдаги ўн иккинчи асрда тикланган “Қадами Муборак” масжиди, “Жомеъ” масжиди (XVII аср), Даккадаги 1680 йили қурилган машҳур “Сад Гумбаз”, ўн саккизинчи асрга мансуб «Юлдузли масжид» кабилар исломий маданиятнинг гўзал ёдгорликларидир. Лал-Батҳ қалъасида 1678 йили қурилган Биби Пари мақбараси бор.  

 

 

Дини. Бангладешнинг ҳозирги ҳудуди ўн иккинчи асрнинг охирида Деҳли султонлигига қўшиб олинганидан сўнг бу ерда Ислом дини тарқала бошлаган. Ҳозирги вақтда мусулмонлар мамлакат аҳолисининг салкам саксон етти фоизини ташкил этади. Уларнинг кўпчилиги суннийликнинг ҳанафия мазҳабига мансубдир. Аҳолининг озгинагина қисми (йигирма мингга яқин) шиаликнинг имомийлар, исмоилийлар ва аҳмадия оқимларига киради. Бундан ташқари, аҳолининг ўн икки фоизи ҳиндувийлик ва тўрт юз мингдан ортиқ киши буддавийликка мансуб. Мусулмонлар лигаси ва Ислом демократик лигаси каби партиялар мамлакат ҳаётида сезиларли мавқега эга ва мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилади. Мамлакатда минглаб масжидлар, Ислом университети ва кўплаб мадрасалар фаолият олиб бормоқда. Биргина республика пойтахти Даккада етти юздан ортиқ масжид бор. Бангладеш Ислом Конференсияси ташкилотининг аъзосидир.

 

Аҳмад ТУРСУН тайёрлади.