Майдони: 283 560 кв.км.

Аҳолиси: 15 миллиондан зиёд. Аҳоли сони бўйича дунёда 67-ўринда туради.

Пойтахти: Кито шаҳри.

Тузуми: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 24 та вилоят ва Пойтахт вилоятига бўлинади. Вилоятлар эса 199 та кантонга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Кито, Гуаякил, Лоха, Самора, Риобамба.

Пул бирлиги: АҚШ доллари. Маҳаллий майда пуллар – тангалар ҳам қўлланади. 2000 йилгача эквадор сукреси амалда бўлган.

Жуғрофий ўрни. Жанубий Американинг шимоли-ғарбида жойлашган. Эквадорнинг ғарбий қирғоқларини Тинч океани ювиб туради, шимолда Колумбия, шарқ ва жанубда эса Перу билан чегарадош. Эквадор таркибига Галапагос ороллари ҳам киради.

Иқлими иссиқ. Йил фасллари яққол кузатилмайди, йил бўйи бир хил об-ҳаво. Июлнинг ўртача ҳарорати – +25, январнинг ўртача ҳарорати – +24. Экватор мамлакатни 25 км масофада кесиб ўтади.

Тарихи. Мамлакат номи испанча “экватор” демакдир. Ҳозирги Эквадор ҳудудларида жуда қадим замонлардан ҳинду қабилалари – кара, киту, тумбе, каняри ва бошқалар яшаб келган. Улар ов, балиқчилик ва деҳқончилик билан шуғулланган. Милоддан олдинги I мингйиллик сўнгига келиб, соҳил бўйларида яшовчи кара қабиласи тоғ ҳудудларига кўчади. Маҳаллий киту ва бошқа ҳинду қабилаларини бўйсундириб, янги давлатга асос солади. Бу давлат Лотин Америкаси адабиётларида “Киту қироллиги” номи билан тилга олинади.

XV асрда (1460 йилга яқин) Киту қироллигини инкларнинг Тауантинсуйу давлати забт этади. Инклар давлатининг асосий аҳолисини кечуа қабиласи ҳиндулари ташкил қилган. Ана шу ўзгариш туфайли кечуа тили ҳозирги Эквадор ҳудудида энг кўп тарқалган тилга айланди.

1526 йилларда мамлакатни испанлар босиб олди ва ҳиндуларнинг қадимий қишлоғи ўрнида Сан-Франсиско-де-Кито шаҳрига асос солинди. Ўзлари истаган катта олтин ва кумуш конларини тополмаган испанлар мамлакатда турли плантациялар ташкил этди. Бу меҳнат майдонларида асосан ҳиндулар ва Африкадан келтирилган қуллар ишларди. Тоғ ҳудудларида эса қўйчилик ривожлантирилди.

XIX аср Эквадор ва бутун Лотин Америкаси мамлакатлари учун миллий озодлик курашлари асри бўлди. Ана шундай озодлик инқилобларидан бири 1809 йил августида юз берди. Натижада 10 август мамлакат Мустақиллиги куни деб эълон қилинди. 1822 йили Колумбия қўшинлари испанлар устидан ғалаба қозонгач, Эквадор Симон Боливар назорати остига ўтди ва 1830 йилгача Буюк Колумбия таркибида бўлди. XIX аср ўрталаридан мамлакатга Оврупанинг таъсири кучайди. 1845 йили Буюк Британия босими билан қуллик бекор қилинди. XIX аср охирларидан Эквадорга ташқи сармоялар оқиб кела бошлади: британияликлар нефт қазиб олиш, америкалик­лар эса какао ва кофе далаларини кўпайтириш, темирйўллар қуриш билан шуғулланишди.

Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари Эквадорда нефт қазиб олиш саноати ривожлана бошлади. Шу йилларда турли қарама-қарши партия ва тузилмалар ўртасида қатор қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтди.

1941 йили Перу билан Амазонка дарёсининг юқори оқимларидаги ҳудудлар учун уруш бошланди. Жангларда Перу кучлари ғолиб келиб, 280 минг кв. км майдонли ер бой берилди.

1972 йили Родригес Лара бошчилигида ҳарбий тўнтариш амалга оширилди.

Ўтган асрнинг 90-йилларидан 2011 йилларга қадар Эквадорда бир қанча ғалаёнлар, тартиб­сизликлар рўй берди. Натижада мамлакат­нинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаёти инқирозга юз тутди.

Иқтисоди. Эквадор иқтисодиёти асосини нефт қазиб олиш ва четга сотиш ташкил этади. Саноатнинг бу тури мамлакат экспортидан келадиган фойданинг тенг ярмига эгалик қилади. Ушбу давлат банан экспорти бўйича дунёда етакчи ўринда. 2000 йилда Эквадор оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечирди ва ташқи қарзлар бўйича дефолт эълон қилди. Шу йил мартида ҳукумат иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш бўйича бир қанча чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Миллий валютадан воз кечилиб, АҚШ доллари асосий пул-муомала воситаси сифатида қабул қилинди. Шундан сўнг иқтисодиёт анча барқарорлашди. Бироқ 2006 йилда ҳукумат чет эл ва маҳаллий нефт компанияларига солинадиган солиқларни кескин ошириб юборди, натижада соҳа орқага кетди. Иқтисодий барқарорлик издан чиқиб, хусусий сармоялар сони камайди ва иқтисодий кўрсаткичлар тушиб кетди.

Ялпи ички маҳсулотнинг 57 фоизини хизматлар соҳаси, 36 фоизини саноат, 7 фоизини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади.

Аҳолиси. Эквадор аҳолиси асосан уч этник гуруҳга бўлинади. Бу ажратиш бир қадар шартли. Улар: кечуалар (аҳолининг 39 фоизи), “ўрмон ҳиндулари” деб ном олган этник гуруҳ ва испантилли эквадорликлар. Кечуалар – замонавий ҳинду халқлари ичида энг кўп тарқалган элат вакилларидир. Эквадорда уларнинг ўттиз фоизи яшайди. Улар, шунингдек, Перу ва Боливия аҳолисининг ҳам салмоқли қисмини ташкил этади.

Юқорида тилга олинган этник гуруҳлардан ташқари, мамлакатда колумбияликлар, ита­лиялик­лар, испанлар, олмонлар, японлар, америкаликлар, перуликлар ва хитойликлар ҳам муқим яшайди.

Эквадорнинг расмий тили – испан тили. Бироқ мамлакат аҳолисининг асосий қисми иккитилли. Испантилли аҳолининг кўпчилиги кечуа тилини ҳам билади. Кечуа ҳиндуларининг аксарияти эса испан тилида сўзлаша олади. Маҳаллий испанча сўзлашув тилида кечуа тилидан кирган сўзлар кўп учрайди. Баъзи ҳудудлардаги мактабларда таълим кечуа тилида олиб борилади. Бу тилда газета-журналлар нашр этилади, кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилади.

Дини. Эквадорликларнинг кўпи – католиклар. Кечуалар ҳам насроний динининг шу йўналишига эътиқод қилади. Бироқ улар қадимий маҳаллий динларининг жуда кўп унсурларини сақлаб қолган. Ўрмон ҳиндулари эса қабиладан қабилага ўтиб келаётган эски қарашларга ишонади.

Маълумотларга кўра, Эквадорга мусул­мон­ларнинг илк қадами XX асрнинг биринчи чорагида теккан. Улар Биринчи жаҳон уруши уқубатларидан паноҳ излаб келган ливанлик, фаластинлик, суриялик ва мисрлик кишилар эди. Бутун мамлакат бўйлаб тарқалган бу мусулмонлар Усмонли паспорти билан келгани учун “турк” сифатида танилган. Улар асосан пойтахт Кито шаҳри ва Тинч океанидаги бандаргоҳ-шаҳар Гуаякилга ўрнашган. Айримлари эса Манаб, Лос-Риос ва Эсмералдас вилоятларида қўним топган.

Эквадорлик илк мусулмонларнинг кўпчилиги савдогарлар эди. Улар турли мевалар, озиқ-овқат маҳсулотларини хачирларга юклаб, юрт кезиб тирикчилик қилган.

Ўтган асрнинг 80–90-йилларида Эквадор­даги мусулмонлар жамоати асосан Покистон ва Мисрдан келган муҳожирлардан иборат эди. 90-йиллар охирида мамлакатга яна бир катта мусулмон муҳожирлар тўлқини кириб келди. Бу кишиларни Либерия, Нигерия, Гана каби Ғарбий Африка ўлкаларидан оғир ижтимоий ҳолат Эквадорга бошлаб келган эди.

2002 йил маълумотига кўра, мамлакатда мусулмонлар сони икки мингга етган эди.

Бу юртда илк масжид қурилиши тарихи XX аср ўрталарига бориб тақалади. Шу пайтдан бош­лаб мусулмонлар жума намозлари учун махсус жойларни ижарага олган. Кейинроқ эса, Миср элчихонаси махсус хона ажратиб беради. Бироқ бу кўпсонли мусулмонлар жамоаси учун етарли эмас эди. Ниҳоят, 1988 йили Холид ибн Валид номидаги маданият ташкилоти узоқ кутилган эзгу ишга – масжид қурилишига киришади. Мамлакатдаги биринчи расмий исломий идора – Эквадор Ислом маркази (Centro Islamico del Ecuador) 1994 йил 15 октябрда очилди. Натижада ўлкадаги биринчи ва ҳозирча ягона жоме – “Ассалом” масжиди ишга тушди. Марказнинг диний, ижтимоий, маданий ва илмий фаолияти суннийлик мазҳаби анъаналарига асосланган. Ислом маркази бир қанча қўмиталарга бўлинади, бирор-бир чет мамлакатдан моддий ёрдам олмайди.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.