Майдони: 299 764 кв.км.

Аҳолиси: 101.83 миллиондан ортиқ.

Пойтахти: Манила.

Тузуми: конституцион республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 80 та вилоят, 17 та бирлашган ҳудуддан иборат.

Йирик шаҳарлари: Кенон-Сити, Манила, Калоокан, Давао, Себу, Зембуанга.

Пул бирлиги: филиппин песоси.

 

Жўғрофий ўрни. Филиппин Республикаси жануби-шарқий Осиёда жойлашган. Мамлакат Тинч океанида Индонезия ва Тайван оралиғидаги 7107 оролдан иборат. Ушбу оролларни ғарбда Жанубий Хитой денгизи, шарқ ва шимоли-шарқда Филиппин денгизи, жанубда Сулавеси тўлқинлари ювиб туради. Тоғлари кўп бўлиб, уларда вулқонлар тез-тез учрайди.

Иқлими. Филиппин оролларида қишда денгиз томонга, ёзда денгиздан қуруқлик томонга муссон шамоллари кўп эсади. Ёмғир мавсуми май ойидан ноябргача давом этади, декабрдан апрелгача эса қуруқ мавсумдир. Тўфон ва цунами бўлиб турадиган ҳудудлари ҳам бор. Тропик, субтропик ва баланд тоғларга хос иқлими бор.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси. Мамлакат ҳудудининг деярли тенг ярмини палма, каучук, апитонг, майапис, лауан дарахтларидан иборат нам тропик ўрмонлар қоплаган. Шунингдек, бамбук, орхидея, долчин дарахтлари, майсазор ва чакалакзорлар ҳам оз эмас. Оролларда буғу, мангуст ва тўнғиз кўп. Бундан ташқари, судралиб юрувчилар ва ноёб қушлар ҳам бор. Сувлари ажойиб балиқларга ва марварид ҳосил қилувчи молюскаларга бой.

Тарихи. Филиппин ерларида милодий V асрдан бошлаб турли халқлар истиқомат қилганини олимлар тахмин қилишади. VIII асрда Тайван орқали Жанубий Хитойдан келган кўчманчи халқлар қўним топишган.

1521 йили Фернан Магеллан бошлиқ экспедиция бу ерга келиб тушади. 1543 йил 27 апрелда истилочи Мигел Лопес де Лагаспи тўрт юз нафар қуролланган аскар билан оролларни босиб олади. Шу йилдан бошлаб бу юрт испан қироли Филипп II шарафига “Филиппин” деб аталади. 1762 йили Маниладаги қонли кураш натижасида мамлакат Буюк Британия тасарруфига ўтади. Бироқ кейинги йили урушда яна испанларнинг қўли баланд келади. XIII аср охирига келиб, мусулмонлар ҳамда маҳаллий хитойлар испанларга қарши қўзғолон кўтаришади. 1898 йилги сўнгги қўзғолондан кейин испанлар тамоман қувилади. Лекин маҳаллий халқ “ёмғирдан қочиб, дўлга тутилади”.

Испанлардан сўнг америкаликлар таъсирига ўтиб ҳам халқ норозилиги пасаймади. Эмилио Агиналдо бошчилигида катта тўполонлар уюштирилди. Америкаликлар билан 1935 йилга қадар тўхтовсиз кураш олиб боришди ва охири ғалаба қозонишди. Иккинчи жаҳон уруши даврида Филиппинни Япония босиб олади.

1946 йили Филиппин тўла мустақилликка эришди. 1945 йил 24 октябрда БМТга аъзо бўлди.

Иқтисоди. Сўнгги ўн беш йил ичида Филиппин тез ривожланаётган мамлакатлардан бирига айланди. Қишлоқ хўжалиги, молия ва сармоядорлик соҳалари жуда такомиллашган. Бундан ташқари, хорижда меҳнат қилаётган миллионлаб фуқаролардан тушаётган валюта мамлакатнинг пул айланмасига сезиларли таъсир кўрсатди.

Ҳозирги кунда Филиппин аграр-индустриал мамлакат ҳисобланади. Электрон жиҳозлар ишлаб чиқариш, ёғочни қайта ишлаш, кимё-технология, тўқимачилик, озиқ-овқат ва дори-дармон соҳалари яхши ривожланган. Балиқчилик ҳамда ўрмон хўжалиги бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Мамлакат кокос ёнғоғи, банан, гуруч ва ананас каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади. Асосан, АҚШ, Тайван, Олмония, Япония, Гонконг сингари мамлакатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйган. Давао, Манила ва Себу каби йирик портлари боис халқаро бозорга киришда анча устунликка эга. Бу юртнинг қадимий музейлари, ботаника боғлари, мафтункор табиати, маржон қоялари ҳамда Боракай, Бохол, Палаван ва Лусон каби ажойиб ороллари миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этади.

Тили. Расмий давлат тили тагал (филиппино) тилидир. Ушбу тилнинг мамлакатда юз эллик хил лаҳжаси бор. Деярли ҳар бир орол тагал, себуано, илокано, бикол, хилигайнон, пангасинан, капампанган, варай-варай каби ўз лаҳжасига эга. Матбуот, бизнес ва маъмурий ишларда инглиз тили кенг қўлланилади. Унга “ёрдамчи расмий тил” мақоми берилган. Бу тил ўрта ва олий ўқув юртларида муҳим ўрин тутади. Аҳолининг уч фоизи испан тилида ҳам сўзлашади. Тагалчага ҳам испан сўзларнинг кўпи кириб қолган.

Аҳолиси. Бир юз икки миллионга яқин аҳолининг олтмиш беш фоизи шаҳарларда яшайди. Уларнинг тўқсон уч фоизи саводли. Наслий ва маданий хилма-хиллигига кўра, дунёда бешинчи ўринни эгаллайди. Аҳоли орасида испанлар, америкаликлар, хитойликлар билан чатишган метислар ҳам талайгина.

Мусулмонлар, асосан, мамлакат жанубида яшайди. Ислом дини Филиппинга 1210 йили араб савдогарлари орқали ёйила бошлаган. Минданар ороли аҳолисининг кўпчилиги мусулмонлардир. 2000 йилдан буён мамлакатда мусулмонлар тобора кўпайиб бормоқда.

Мамлакатдаги энг катта масжид Кяпо ҳудудидаги “Аз-Заҳаб” (Тилла) жомеидир.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.