Майдони: 825 418 кв.км.

Аҳолиси: 2 300 000 дан ортиқ.

Пойтахти: Виндҳук шаҳри.

Тузуми: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 13 та вилоят (регион)дан иборат. Вилоятлар эса 102 та округга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Виндҳук, Уолфиш-Бей, Свакопмунд, Ошакати, Хрутфонтейн, Китмансҳуп.

Пул бирлиги: Намибия доллари.

 

Жуғрофий ўрни. Жанубий Африкада жойлашган. Шимолда Ангола ва Замбия билан, шарқда Ботсвана, жануби-шарқ ва жанубда Жанубий Африка Республикаси билан чегарадош. Ғарбий қирғоқларини Атлантика океани сувлари ювиб туради. Мамлакатнинг асосий қисми, айниқса, марказий ҳудудлари тепаликлардан иборат. Энг юқори нуқтаси Кёнигштайн тоғида – 2606 метр.

Намибияда дарёлар кам, борларига ҳам маълум муддатлардагина сув келади. Қуруқ ўзанлар “ошан”, яъни ёмғир мавсумида тўлиб-тошиши, ҳудуднинг олтмиш фоизини сув остида қолдириши мумкин. Энг катта дарёлари Оранжривер (Сариқдарё), Фишривер (Балиқдарё) ва Окаванго.

Иқлими иссиқ, ёғин-сочин кам. Бундай об-ҳаво шароити Бенгел совуқ ҳаво оқими таъсирида юзага келади.

Тарихи. Бугунги Намибия ҳудудида қадимда бушмен қабилалари яшаган. Улар овчилик ва мева-чева йиғиб-териш билан кун кўрган. Кейинчалик бу ерга готтентот чорвадор кўчманчи қабилалари – нама ва дамаралар келиб ўрнашган.

XVI асрдан бошлаб мамлакат ҳудудига гереро, овамбо, каванго, йейе, тсвана каби банту қабилалари келиб, ўтроқлаша бошлаган. XVIII аср сўнгида овамбо қабиласи гереро ва готтентот қабилаларини ҳудуддан сиқиб чиқаради. Бироқ 1830-йилларда Йонкер Африканер бошчилигидаги нама қабиласи гереро ва дамара қабилаларини мағлубиятга учратади.

Оврупаликлар бу қум-саҳро ватанига кечроқ кириб келади. Буюк Британия 1878 йилдагина Уолфиш-Бейни ўз мустамлака ҳудудига қўшиб олади. 1883 йили олмон савдогари Адолф Людерис Ангра-Пекен кўрфази соҳилларидаги ҳудудни маҳаллий нама қабиласи сардоридан жами 200 фунт-стерлинг қийматга эга икки юзта қурол ва товар эвазига сотиб олади. 1884 йили Олмония Намибия ҳудудини Олмония Жануби-Ғарбий Африкаси (ЖҒА) номи билан ўзига қарашли қарам мамлакатга (протекторатга) айлантиради.

1890 йилги инглиз-олмон шартномасига кўра, ҳозирги Намибиянинг Уолфиш-Бейдан бошқа барча соҳил ҳудудлари Олмония ихтиёрига ўтади. 1904 йили Самуэл Магареро бошчилигида гереро қабиласи олмонларга қарши қўзғолон кўтаради ва қақшатқич мағлубиятга учрайди. Бу воқеадан кўп ўтмай Хендрик Витбоой ва Якоб Моренга бошчилигидаги нама қабиласи бош кўтаради. Ҳарбий ҳаракатлар 1907 йилнинг мартига қадар давом этади ва тинчлик битими имзоланади. 1915 йили – Биринчи жаҳон уруши даврида Жанубий Африка Бирлиги қўшинлари Олмония Жануби-Ғарбий Африкаси ҳудудини босиб олади. 1920 йили Жанубий Африка Бирлиги Миллатлар Лигасидан Жануби-Ғарбий Африкани бошқариш ваколатини (мандатини) олади.

1961 йили Жанубий Африка Бирлиги Миллатлар ҳамдўстлиги таркибидан чиқиб кетади ва тўла мустақил давлатга – Жанубий Африка Республикасига айланади. 1966 йилдан Жануби-Ғарбий Африка Миллий ташкилоти Жанубий Африка Республикасидан озод бўлиш ҳаракатини бошлайди. Бу даврда халқаро ҳамжамият ҳам ЖАРнинг Намибия ҳудудидаги ҳукмронлигини оқламас эди. 1988 йилга келибгина Жанубий Африка Республикаси ҳукумати Намибияни тарк этади. 1990 йил 21 мартда БМТ Бош котиби иштирокидаги маросимда ЖАР Президенти Намибия мустақиллигини эълон қилади. Шу даврдан бошлаб мамлакат Намибия Республикаси деб юритила бошлаган.

Намибия 1990 йилдан БМТ ва Африка Бирлиги ташкилоти аъзоси. 1991 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олган. Миллий байрами – 21 март – Мустақиллик эълон қилинган кун.

Иқтисоди. Ялпи ички маҳсулотнинг йигирма фоизга яқини кон саноати ҳиссасига тўғри келади. Энг кўп уран ва олмос қазиб олинади. Ишчи кучининг деярли ярми (47 фоизи) қишлоқ хўжалиги билан банд. Лекин бу тармоқ ЯИМнинг ўн фоиздан озроқ қисминигина ташкил этади, холос. Чорвачилик, нисбатан қоракўлчилик бир қадар ривожланган. Балиқчилик ва сайёҳлик тармоқлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Хомашёни қайта ишлаш ва оғир саноат, айниқса, машинасозлик жуда орқада. Бу соҳалардаги эҳтиёж импорт ҳисобига тўлдирилади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг эллик фоизи четдан кириб келади.

Мамлакат иқтисодиёти ҳозир ҳам Жанубий Африка Республикаси иқтисодиётига кўп жиҳатдан боғлиқ. Намибия доллари ЖАР рандасининг кучли таъсирида. Шуларга қарамасдан Намибия Африкадаги бой давлатлар қаторида туради. Бу ерда ишсизлар аҳолининг ўттиз-қирқ фоизини ташкил этади.

Намибия Африка, Кариб денгизи ҳавзаси ва Тинч океани региони мамлакатлари иқтисодий бирлиги аъзоси.

Аҳолиси. 2010 йилги маълумотга кўра, мамлакатда аҳолининг йиллик ўсиши 0,9 фоизга етади. Аҳоли сони бўйича дунёда 143-ўринда туради. ОИТС билан касалланганлар кўплиги сабабли аҳоли сонини аниқлашда кўп хатоликлар ва чалкашликлар келиб чиқади. 2007 йили БМТ ўтказган текширувда катта ёшли аҳолининг 15,3 фоизи ОИВ вируси билан зарарлангани аниқланган.

Аҳолининг асосий қисмини (80 фоизини) банту қабилаларига мансуб элатлар ташкил этади. Метис-дурагайлар 6,5 фоиз, оқтанлилар 0,6 фоиз. Оқтанлиларнинг кўпчилиги ва қоратанлиларнинг деярли барчаси африкаанс тилида сўзлаша олади. Расмий тил инглиз тили ҳисобланади. Лекин у асосан ёшлар орасида, иккинчи тил мақомида ёйилган. Олмон, африкаанс, гереро ва ошивамбо тилларига “миллий тиллар” мақоми берилган. Ошивамбо ёки ндонга тили она тили ҳисобланади, африкаанс тилига эса иккинчи тил деб қаралади. Африкаанс тилида аҳолининг олтмиш фоизи гаплашади, ўттиз икки фоиз аҳоли эса олмон тилини билади. 1990 йилгача олмон ва африкаанс тили расмий тил ҳисобланган.

Дини. Намибияликларнинг кўпчилиги – 80 фоизга яқини насронийлардан, асосан лютеранлардан иборат. Маҳаллий тушунчаларга эътиқод қилувчилар ҳам бор. Ислом дини эътиқод қилувчилар сонига кўра мамлакатда учинчи ўринда – мусулмонлар аҳолининг уч фоизини ташкил этади. 1999 йили Намибия мусулмонлари раҳбарияти мамлакатда 1500 нафар мусулмон борлигини қайд этган. 2009 йилги маълумотга кўра, Исломга эътиқод қилувчилар сони 3000–5000 атрофида.

Намибия мусулмонларининг кўпчилиги нама элатига мансуб. Намалар орасида муслимларнинг сони ортишига уларнинг таниқли сиёсий раҳнамоси Яъқуб Салмон Дамирнинг 1980 йили Исломни қабул қилгани сабаб бўлган.

Мамлакатдаги биринчи масжид – Соуэто Ислом маркази 1986 йили Катутура шаҳрида очилган. 2009 йил майидан буён ўлкада йигирмата масжид фаолият юритади, уларнинг олтитаси пойтахт Виндҳукда. Мамлакатда Ислом ҳуқуқи масалаларини Намибия фиқҳ кенгаши ечади. Кенгаш идораси Оҳангвена вилоятининг Ондоба туманида жойлашган. Мамлакат мусулмонлари Саудия Арабистони ва Жанубий Африка Республикасида исломий таълим олишади.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.