Майдони: 238 391 кв.км.

Аҳолиси: 22 милёнга яқин. Аҳоли сони бўйича дунёда 56-ўринда туради.

Пойтахти: Бухарест шаҳри.

Тузуми: парламентар республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 41 та жудес ва Бухарест муниципийига бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Бухарест, Ясси, Тимишоара, Констанса, Галас.

Пул бирлиги: лей.

Жуғрофий ўрни. Жануби-шарқий Оврупада жойлашган. Шарқда Прут дарёси бўйлаб Молдавия билан, шимолда Дунай дарёси бўйлаб Украина билан, ғарбда Венгрия ва Сербия, жанубда эса Болгария билан чегарадош. Жануби-шарқий соҳилларини Қора денгиз сувлари ювиб туради.

Мамлакат ҳудудининг кўп қисмини тоғлар ва тепаликлар эгаллайди. Асосий тоғ тизмаси – Карпат мамлакат ҳудудида катта ёй шаклини ҳосил қилади. Энг баланд нуқтаси Молдавану тоғида – 2544 метр. Энг катта дарёси – Дунай.

Мамлакат ҳудудининг ўн уч фоизи ўрмон­лардан иборат. Руминия ўрмонларнинг табиий ҳолатига зарар етказмаслик бўйича Оврупада етакчилардан.

Тарихи. Мамлакат номи “Рим”, “Римга оид” маъноларидаги лотинча “romanus” сўзидан келиб чиққан.

... Руминия Усмонли султонлиги таркибидаги вассал давлат сифатида 1859 йили – Молдавия ва Валахия бекликлари қўшилишидан ташкил топди. Ҳозирги Руминиянинг яна бир тарихий ҳудуди – Трансилвания бу пайтда Австрия-Венгрия қўл остида эди. Россия-Туркия уруши бошланиши натижасида 1877 йил 9 майда Руминия мустақилликни қўлга киритди.

Биринчи жаҳон урушида Руминия бошида бетараф бўлиб турди, 1916 йил 28 августда эса Антанта иттифоқи томонида урушга кирди. Натижада Трансилвания ва Бессарабияни ўз ҳудудига қўшиб олди. Урушдан сўнг мамлакатда парламентар демократия эълон қилинди. 1938 йил апрелида парламент тарқатиб юборилди ва қирол ҳокимияти ўрнатилди. 1940 йили Молотов-Риббентроп келишувига асосан совет қўшинлари Бессарабия ва Шимолий Букавинани забт этди. Бу эса Руминиянинг Олмония билан яқинлашувига олиб келди.

Иккинчи жаҳон урушида Руминия Олмония билан иттифоқдош бўлди. Бироқ 1944 йил августида қирол Михай I Олмонияга қарши уруш эълон қилди. Шундан сўнг Бухарестга совет қўшинлари киритилди ва иттифоқчилар олдин Венгрия, сўнг Австрия ҳудудларида гитлерчиларга қарши курашди. Урушдан сўнг Руминия Совет Иттифоқи таъсирига тушиб қолди, мамлакатда қонунчилик ҳокимиятининг советча тизими ўрнатилди. Лекин маҳаллий ҳокимиятга сайловларда демократик тартиб сақлаб қолинди.

1947 йили қирол Михай I тахтдан воз кечди ва Руминия Халқ Республикаси эълон қилинди. 1948 йили социалистик ислоҳотлар бошланди, хусусий корхоналар давлат ихтиёрига ўтказилиб, жамоа хўжалиги тартиби жорий этилди.

1965 йил 21 августдан Руминия “Социалистик Республика” деб атала бошланди.

1948–1989 йиллари – Руминия Компартияси ҳукмронлиги даврида мамлакат Совет Иттифоқи таъсирида бўлди. Айниқса, Николае Чаушеску диктаторлик режими (1965–1989) давлат ривожига ҳалокатли таъсир қилди. 1977–1981 йилларда давлатнинг ташқи қарзлари 3 милярддан 10 милярд долларгача ўсди, натижада Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг таъсири кучайди. Иқтисодиётдаги қаттиққўл сиёсат ва собиқ Иттифоқдаги қайта қуриш ўлкада норозилик кайфиятининг кучайишига олиб келди. 1989 йили Руминия инқилоби юз берди ва Чаушеску ҳукуматдан олиниб, отилди. Руминия Ком­пар­тияси тугатилди, мамлакат номи ўзгартирилиб, “Руминия” деб атала бошлади. Ҳукумат Миллий қутқарув фронтига ўтди, вақтинчалик парламент – Миллий бирлик кенгаши тузилди. 1990 йил майида парламент ва президентликка биринчи эркин сайловлар ўтказилди.

Руминия 1955 йил 14 декабрдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. 2004 йил 29 мартда НАТОга қўшилди, 2007 йил 1 январда эса Оврупа Иттифоқига кирди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йил 20 декабрда тан олган ва 1995 йил 6 октябрда дипломатия муносабатларини ўрнатган. Миллий байрами 1 декабр – Руминия миллий куни (1918).

Иқтисоди. Нефт захираси, сайёҳлик тармоғи имкониятлари ва инфляциянинг пасайиб бориши иқтисодиётининг устун жиҳатлари саналади. Экспорт ҳажми ортаётгани сабабли 2000 йилдан буён ўсиш кузатилади.

Мамлакат нефт қазиб олиш саноатининг асосий улуши “Rompetrol” компаниясига тегишли. Бу корхона акцияларининг назорат пакети Қозоғистоннинг “КазМунайГаз” давлат нефт компаниясида. Бироқ эгалланган нефт захиралари камлиги учун қазиб олиш ҳажми йилдан йилга озайиб боряпти. 2000 йилларнинг ўрталаридан бошлаб Руминия истеъмол қилаётган нефт ўзи ишлаб чиқараётганидан икки баробар кўп.

Асосан машинасозлик ва металлургия саноати маҳсулотлари экспорт қилинади. Импорт маҳсулотлари ичида машинасозлик буюмлари, хомашё, нефт ва газ, ип-газлама етакчи. Ишчи кучининг 30 фоизи қишлоқ хўжалигида, 23 фоизи саноатда, 47 фоизи хизмат кўрсатишда банд.

Ташқи савдода асосан Олмония, Италия ва Франсия билан шерикчилик қилади.

Давлат тили – румин тили. У 90 фоиз аҳолининг она тилиси саналади. Тарқалиш бўйича венгер тили иккинчи ўринда, у 6,8 фоиз аҳолининг она тилисидир. Руминларнинг кўпчилиги инглиз, франсуз, испан ва италян тилларини билади.

Дини. Руминияда расмий дин йўқ. Аҳоли­нинг кўпчилик қисми насронийликнинг православие йўналишида.

Ҳозир мамлакат аҳолисининг 0,3 фоизи – 68 минг киши мусулмон. Улар орасида румин турклари ва дунай татарлари кўпчиликни ташкил этади. Ислом дини мамлакатда расман тан олинган. Мусулмонларнинг катта қисми Добружа вилояти ва Констанса шаҳри яқинидаги қишлоқ жойларда, Қора денгиз соҳилларида яшайди.

Бу тупроқларда Ислом дини ёйила бош­лаганига етти асрдан ошди. Айрим манбаларга кўра, Ислом дини Руминия ҳудудларига Ви­зантия қироллиги давридаёқ кириб келган. Дин ёйилишида Қора денгиз соҳилларидаги Шимолий Добружа вилоятининг ўрни катта. Ушбу ҳудуд беш аср давомида (тахминан 1420–1827 йиллар) Усмонли султонлиги қўл остида бўлди ва1878 йили Руминия таркибига кирди.

Мамлакатда мусулмонларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга­ ҳар­томонлама ёрдам кўрсатиш билан шуғул­ланувчи Руминия мусулмонлари уюшмаси ташкил этилди.

Ҳозир Руминияда саксонта масжид бор. Констанса шаҳри исломий марказ ҳисобланади. Бу ерда Қирол I масжиди ва муфтий бошқармаси жойлашган. Констанса яқинидаги Мангалия шаҳарчасида 1525 йили қурилган тарихий жоме бор. Юқорида тилга олинган икки масжид, шунингдек, Ҳаршова, Амзачеа, Бабадаг ва Тулчеадаги жомелар давлат тарихий ёдгорликлари деб тан олинган.

Мамлакатда Руминия муфтияти, Руминия Ислом ва маданият ташкилоти, Руминия мусулмонлари уюшмаси каби исломий идоралар фаолият юритади.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.