Майдони: 142947 кв.км.

Аҳолиси: тўрт милёндан ортиқ.

Пойтахти: Уфа шаҳри.

Тузуми: республика (Россия Федерацияси таркибида).

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 54 та туманга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Уфа, Стерлитамак, Саловот, Нефтекамск.

 

Жуғрофий ўрни. Бошқирдистон шимолда Перм, Свердловск, шарқда Челябинск, жанубда Оренбург вилоятлари, ғарбда Татаристон, шимоли-ғарбда Удмуртия билан чегарадош. Жанубий Урал, Уралолди ва Уралорти қияликларида, Осиё ва Оврупа туташган ҳудудда жойлашган. Мамлакат жанубдан шимолга 550, ғарбдан шарққа 430 километрга чўзилган. Ҳудудидан Оқ Идил, Дим, Нугуш, Сим, Ошкадар, Стерля дарёлари оқиб ўтади. Бошқирдистон ҳудудида 2700 га яқин катта-кичик кўл бор. Йирикроқлари – Асликўл ва Кандракўл. Ҳудудининг қирқ фоизини ўрмонлар эгаллаган. Дарё, кўл ва бошқа сув ҳавзаларида 47 турдаги балиқ бор, улардан 13 хили Бошқирдистон Қизил китобига киритилган.

Ўлкада нефт, табиий газ, кўмир, рух, мис, темир рудаси, олтин, тоштуз конлари ва сифатли семун хомашёлари бор.

Иқлими континентал. Ўртача ҳарорат қишда 18 даража совуқ, ёзда 18 даража иссиқ.

 

 

Тарихи. Ўлка маҳаллий аҳоли – бошқирдларга нисбат берилиб “Бошқирдистон” деб аталган. Бошқирд қабилалари ҳақидаги илк ёзма маълумотлар Ҳеродот (милоддан олдинги V аср) асарларида учрайди. Птоломей (II аср) харитасида “Даикс” деган дарё номи кўрсатилган. Бу бошқирдчада “Ёйиқ” деб аталадиган ҳозирги Урал дарёсидир. Саллом Таржимон (IX аср), Аҳмад ибн Фазлон (X аср), Балхий асарларида бошқирдлар икки гуруҳга бўлиниб, бири Жанубий Уралда, иккинчиси Дунай бўйларида яшаши қайд этилади. XII аср тарихчиси Идрисий эса бошқирдлар “ички” ва “ташқи” гуруҳларга бўлиниши, уларнинг Нимжон, Гурхон, Каракия, Касра ва Масра каби шаҳарлари борлиги тўғрисида гувоҳлик беради.

Милодий X-XIII асрларда бошқирд ерлари Волга Булғористони таркибига кирди. 1219 – 1220 йиллари Чингизхон бошлиқ мўғул қўшинлари бошқирдларнинг Иртишдаги ёзги яйловига ҳужум уюштиради. Уруш ўн тўрт йил давом этади. Бошқирдларнинг жанговарлигини кўрган мўғуллар иложсиз сулҳ тузади. Гарчи бошқирдлар яшайдиган ҳудуд Чингизхон авлодлари ҳукмронлиги остига кирган бўлса-да, бийлик ёрлиғини олади, яъни, амалда мустақил бўлади. Хон бошқирдларни ҳарбий хизмат ва қабилавий бошқарувга масъул этиб тайинлаб, бир қанча имтиёзлар беради. Хуллас, XII – XIV асрларда бошқирдлар яшаган ҳудудлар Олтин Ўрда таркибида бўлади.

1391 йили Амир Темур қўшини Тўхтамиш лашкарини енггач, Олтин Ўрда салтанати барҳам топди. Шундан сўнг бошқирдлар Нўғай ўрдаси, Қозон ва Сибир хонликларига қўшилди. 1557 йили кўпчилик бошқирд элатлари Рус давлати таркибига кирди. XVII аср ўрталарига келиб, Сибир хонлиги қулагач, ҳозирги Бошқирдистон ҳудуди Русияга қўшилди. 1708 йили бу ҳудудда Қозон губернасига қарашли Уфа беклиги ташкил этилиб, 1719 йили Уфа вилоятига айлантирилди. 1737 йили Бошқирдистоннинг Уралорти қисми Исет вилоятига қўшилди. 1744 йили эса Оренбург губернаси тузилиб, унга олдинги Оренбург, Уфа ва Исет вилоятлари киритилди. 1865 йили Оренбург губернаси Уфа ва Оренбург вилоятларига бўлинди.

1917 йили Собиқ Иттифоқ ҳудудида ҳукумат болшавойлар қўлига ўтгач, Оренбург, Перм, Самара ва Уфа губерналари Бошқирдистон мухториятига бирлаштирилди. 1919 йил 20 мартда Бошқирдистон Мухтор Совет Республикаси ташкил этилди. 1922 йили ўлка ҳудуди кенгайтирилиб, пойтахт Стерлитамакдан Уфага кўчирилди.

1990 йил 11 октябрда мамлакат Олий Кенгаши Бошқирдистон суверенитети ҳақидаги декларацияни қабул қилди. Собиқ Иттифоқ парчалангач, Бошқирдистон Россия Федерацияси таркибида қолди.

Иқтисоди. Саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган. Ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 49,6 фоизи ишлаб чиқариш, 8,2 фоизи қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Ишлаб чиқаришнинг асосий тармоғи нефт қазиб олиш ва қайта ишлаш саноатидир. Қазиб олинадиган нефт ишлаб чиқариш маҳсулотининг 23 фоизини, нефтни қайта ишлаш 20 фоизини, кимё ва нефт-кимё тармоғи эса 16 фоизини ташкил этади.

Қишлоқ хўжалиги деҳқончилик ва чорвачиликка йўналтирилган. Буғдой, жавдар, сули, арпа, қандлавлаги ва кунгабоқар етиштирилади. Чорвачилиги гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Қўй, от, парранда боқилади. Қимиз тайёрлаш ва асал етиштириш ривожланган. Бошқирд асали машҳур. Ўлка асалари боқиш, асал тўплаш, соҳадаги илмий изланишлар бўйича Россияда биринчи ўринда туради.

 

 

Мамлакатда сайёҳлик ҳам анча ривожланган. Табиати сўлим, тоза ҳаволи гўзал масканлари кўп. Шу сабабли уни “иккинчи Швейцария” деб аташади. Ҳар йили бу ердаги дам олиш ва даволаниш масканларига тўрт юз мингдан ортиқ киши келади.

Аҳолиси. Аҳолининг 60,4 фоизи шаҳарларда, 39,6 фоизи қишлоқларда яшайди, бир юзу ўттиздан ортиқ миллат вакиллари бор. Улар орасида рус (36,1 фоиз), бошқирд (29,5 фоиз) ва татарлар (25,4 фоиз) кўпчиликни ташкил этади.

Дини. Бошқирдистонга илк мусулмон савдогарлар милодий VII – VIII асрлардаёқ келишган. Кейинчалик бу юртга турли олимлар, дин билимдонларининг ҳам қадами етди. Масалан, X асрда Аҳмад ибн Фазлон бошқирдларга Исломдан таълим бергани манбаларда қайд этилади. Ўзбекхон (1312 – 1342) даврида Ислом Олтин Ўрданинг расмий динига айланди. Айни шу даврда кўплаб ўлкалар қатори бошқирдлар мамлакати ҳам мусулмонлашди.

Ҳозир Бошқирдистондаги диний муассасаларнинг олтмиш етти фоизи исломий идоралардир. 1990 йилгача Бошқирдистонда ўн бештагина масжид ишлаган бўлса, ҳозир мамлакатда тўққиз юздан ортиқ масжид бор.